Оила - муқаддас маскан. Унда жамиятни давомийлигини таъминловчи шахс шаклланади, этник маданият, урф-одатларимиз сақланиб ривожланади, жамият тараққиётини белгиловчи ҳаёт пойдевори қўйилади ва мустаҳкамланади.

Жамиятнинг кичик бўғини бўлмиш оилада фарзандлар вояга етар экан, уларнинг тарбияси, ўқиши, яшаши, шу билан бирга касб-ҳунар эгалари бўлишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилиб келинмоқда.

Муҳтарам Президентимиз мактабгача бўлган тарбияга катта эътибор қаратаётганлари бежиз эмас. Ҳозирги кунда мактабгача таълим муассасаларини қайта реконструкция қилиш, болаларни замонавий усулларда тарбиялашга шароит яратиш, бунда хусусий МТМларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ҳар бир инсоннинг бош мияси туғилганда мисоли оппоқ варақ бўлади. Унга ҳеч нарса ёзилмаган бўлади. Бизнинг вазифамиз ва мақсадимиз болага тўғри сўзлаш, ёлғон гапирмаслик, атрофдаги яхши-ёмон нарсаларни тўғри тушунтиришимиздан иборатдир. Ана шундагина биз тоза вараққа ёт ғояларни битилишига йўл қўймаган бўламиз.

"Қуш уясида кўрганини қилади", дейди доно халқимиз. Катталар томонидан тарбиявий жараён ташкил этилиши орқали бола доимо уларни таъсирини ҳис қилади, натижада бола ҳаётида ҳар хил ўйинлар ривожланади. Бола уларга икки томонлама ёндашади. Биринчиси, анъанавий тарбияни таъсири бўлса, иккинчиси, ўзи бажараётган сюжетли ўйинлар орқали оилада ўтаётган маросим, тадбир ва урф-одатларимизни болаларча талқин қилиб, буни "меҳмон-меҳмон", "хола-хола" каби ўйинлар ва ота-онасининг касбига тақлид қилган ҳолда намоён қилади. Шунинг учун фарзандларимизни айни шу ёшида, ундан кейин ҳам оилада салбий ҳолатларга йўл қўймаслигимиз зарур ва шарт.

Оилада фарзанд тарбиясининг муффақиятли амалга ошиши учун оила аъзоларининг аҳил-иноқ яшаши, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлигига катта эътибор бериш зарур.

Бунда масъулиятни ҳис қилиш, турмуш тарзи, ота-онанинг билим даражаси, маданияти, дунёқараши ва савияси катта аҳамият касб этади.

 

Гулнора Мингбоева,

30 - МТМ психологи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.