Буюк аллома, Нақшбандия тариқатининг етук назариётчиси ва давомчиси, файласуф ва ахлоқшунос мутафаккир Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожаги Косоний - Махдуми Аъзам кўҳна Косонда таваллуд топган.

Саййид Аҳмаднинг отаси Қорахонийлар (840-1212) сулоласига мансуб султонлардан бири Бурҳониддин Қилич авлодларидан эди.

Илк таълимни Косон мадрасаларидан бирида олган Саййид Аҳмад қисқа вақт ичида тасаввуф назарияси ва амалиёти, хусусан, Нақшбандия таълимотининг "пешвойи тариқат" (тариқат пешвоси)га айланди. Унинг қаламига мансуб 30 дан ортиқ рисола маълум бўлиб, бугунги кунда уларнинг энг тўла мажмуаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти хазинасида сақланмоқда.

Буюк ҳамюртимиз хотирасига эҳтиром рамзи сифатида туманимиз аҳли мустақилликнинг дастлабки йилларида, яъни 1995 йили Махдуми Аъзам  камолга етган гўшада зиёратгоҳ барпо этишга киришганди. Бу хайрли ва эзгу ишга туманнинг каттаю, кичиги барча-барча муносиб ҳисса қўшганди, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Ҳа, азал - азалдан халқимиз ҳашарлар уюштириб, бу каби улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошириб келган, Махдуми Аъзам зиёратгоҳи буюк алломанинг падари бузрукворлари Мавлони Жалолиддин ибн Жамолиддин дафн этилган қабристондаги кенг кўламли ободончилик, меъморий қурилиши ишларида бу каби халқимизга хос эзгу фазилатлар намоён бўлганди.

Куни кеча Махдуми Аъзам зиёратгоҳида олийҳиммат инсонлар кўмаги билан бошланган хайрли ишларни давом эттириш мақсадида масканни обод этиш, мақбара, унинг теварак-атрофи, қабристонни реконструкция қилишнинг лойиҳа таклифига бағишлаб маросим ўтказилди. Унда нуроний - оқсоқоллар, уста қурувчилар, тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Маросимда туман ҳокими        Ж. Юлдашев, меҳнат фахрийси И. Авлияев тажрибали деҳқон  А.Мадалиев, туман Кенгаши депутати О. Қосимов ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида юртимизда муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларни асраб-авайлаш, обод этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги,  буюк бобокалонимиз Махдуми Аъзам номи билан боғлиқ масканларни обод этиш барчамиз учун эзгу иш эканлиги ҳақида гапиришди.

Маросимда ҳозир бўлган нуроний оқсоқоллар юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкинлигини тилаб, дуога қўл очишди. Бу каби хайрли ва савобли ишлар бардавом бўлишини тилашди.

М. Акрамов, туман тарих музейи илмий ходими.

****

Айни кунларда Махдуми Аъзам зиёратгоҳида кенг кўламда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда Одилжон Абдуҳафизов бошчилигидаги "Озод диёр орзулари" хусусий корхонаси ишчиларининг ҳиссалари катта бўлаяпти.

-Мақбара пештоқи, устунлари, гумбазлари сифатли таъмирдан чиқарилди, йўлаклар "бурчатка" қилинмоқда,-дейди - корхона муҳандиси Муҳаммадюсуф Убайсов. - Бу ерда иш кўлами катта. Мавжуд айвончаларни таъмирлаш, янги замонавий ҳожатхона ва таҳоратхона қуриш ҳам режамизда бор.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.