Мамлакатхон ҳожи она Тошпўлатова билан суҳбатлашар эканмиз, бугунги эркин ва озод ҳаётнинг маъносини янада теранроқ англаймиз, унинг қадр-қиммати нақадар баландлигини чуқур ҳис қиламиз.

Ёшлар умид, қариялар хотира билан яшар, деб бежиз айтишмаган экан Ҳожа она умр дафтарини варақлар экан, болалик чоғларида чеккан заҳмату машаққатлари кўз олдида элас-элас гавдаланади. Оталари Тошпўлатхон Қорабоевни иккинчи жаҳон урушига сафарбар этишганида ҳали мурғак қалби ота дийдорига туймаган, ундан 1944 йили мудҳиш «қора хат» келганида нималар юз берганини ҳатто англаб      етмаганди. Кейинчалик, бироз улғайгач билдики, отаси фашизмга қарши курашда мардларча ҳалок бўлган экан.

Ота урушга сафарбар этилгач, бутун рўзғор ишлари онаси Каттахон ая зиммасига тушган, у бир бурда нон учун туну кун ишларди. Қизлари-Раънохон, Муборакхон ва Мамлакатхонлар улғайиб, онанинг энг яқин ёрдамчиларига айланишди.

-Онам Каттахон ая, Раънохон ва Муборакхонлар савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланардилар,-деб хотирлайди ўша кунларни Мамлакатхон ҳожи она.-Онам бизга касбнинг афзали ҳалол савдо ва кишининг қўл меҳнатидир, деб уқтирар эдилар.

Дарқақиқат, меҳнат қилган кам бўлмас экан. Айниқса, ҳалол савдогарнинг қўлига мевали дарахт-га қуш қўнганидек барака қўнавераркан.

Мамлакатхон опа оилада кенжа қиз бўлганлиги боис ҳам ўқишга имконият топди. 1966 йили унга юксак ишонч билдиришиб, ўша пайтдаги шаҳар кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари вазифасига тайинлашди. Бу лавозимдаги ўн тўрт йиллик фаолияти давомида одамларга яхшилик, хайрли ва савобли ишлар қилишни канда қилмади. Ундан кейин етти йил халқ банки бошқарувчиси сифатида туманнинг энг фаол аёлларидан бирига айланди.

-Раҳматли турмуш ўртоғим Маматхон Ҳошимхўжаев Чуст туман фирқа қўмитасига биринчи котиб этиб тайинлангач, у киши қаерда бўлсалар ўша ерда бўлдим. Қисқа умр кечирган бўлсаларда, ўзларидан яхши ном қолдирдилар. Иккимиз беш нафар фарзандни улғайтириб камолга етказдик. Болаларимнинг оталари сингари билимли, сабр-ли, меҳнаткаш эканликларидан фахрланаман...

Ҳожи онанинг кўзлари нам-ланди. Эҳтимол шу онда оғир хасталик туфайли бевақт умри сўлган тўнғичи Матлубахон ва давлат органларида самарали меҳнат қилиб, айни навқирон ёшда вафот этган ўғли Мансурхони хаёлидан ўтаётгандир...

Онахон бу кунларга етказганига шукр қилади. Фарзандлари ота, опа ва акаси руҳларини шод этиб, хотирасини ҳамиша ёдда сақлаб келишади.

Мадаминхон техника фанлари номзоди,  кўп йилдирки вилоятда раҳбарлик лавозимида ишлаб келади.

Мавлонхон сув хўжалик тизимида етук мутахассис, раҳбар, Баҳриддинхон олим-аграном. Йигирмадан ортиқ неваралари ҳамиша бувиси атрофида парвона.

-Эл-юртнинг ғами, ташвиши билан яшаш катта бахт,-дейди Мамлакатхон буви Тошпўлатова. -Бундай киши, албатта, жамиятда қадр-қиммат, ҳурмат-эътибор топади.

Жорий йилнинг Юртбошимиз томонидан «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниши замирида катта ҳикмат бор.

Чунки кексалар қадр топган юртда ҳамиша меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик ҳукм суради. Бизнинг энг катта бойлигимиз элнинг тинчлиги  ва осойишталигидир. Бундай юртда тўй тўйларга, байрам байрамларга уланади.

Муҳаммадхон Акрамов.

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.