Маънавиятли ҳар қандай одамнинг кайфиятини туширадиган мазкур суратлардаги манзараларга ҳар куни кўзимиз тушади. Гўёки бу ҳолатни кўравериб, шунга ўрганиб қолгандаймиз, Шаҳримиз марказий кўчалари, ён-четлари, ҳатто чорраҳаларда бундай чиқинди уюмларига куннинг исталган вақтида дуч келишимиз мумкин. Гоҳ-гоҳида бундай аянчли аҳвол тўғрисида фикр-мулоҳаза қилиб ҳам турамиз. Айрим фуқаролар шаҳримиз озодалиги учун мутасаддилар жавоб бериши керак, дейди ҳам.

Қарс - икки қўлдан. Кўриб-кўрмасликка олаверсак, аҳвол ҳеч ҳам ўнгланмайди. Мутасаддилар ҳам ўз вазифаларини сид-қидилдан адо этсалар, бир сўз билан айтганда, ҳамжиҳатлик билан ишласак, олам гулистон. Шу ўринда ҳақли саволлар бирин-кетин хаёлимизда чарх ураверади: Хўш, нега чиқиндиларни тартибсиз равишда кўча четларига ташлаб кетиш ҳолатлари  барҳам топмаяпти? Нега хушманзара шаҳримизнинг санитария-эпидемиологик ҳолати талаб даражасида эмас?

Атрофлича фикр юритадиган бўлсак, бутун юртимизда бўлгани каби туманимизда ҳам экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқинди билан боғлиқ вазифаларни бажариш тизимини янада кучайтиришга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, чиқинди  тўплаш шохобчалари барпо этилмоқда, уларни контейнерлар билан жиҳозлашга эътибор кучайтириляпти. Чиқиндиларни назорат қилиш инспекцияси томонидан тезкор рейд-лар ўтказилиб, маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлашга йўл қўйган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда. Бундай чора-тадбирларга қарамай аксарият жойларда ҳамон суратлардаги каби манзараларга дуч келаяпмиз. Бундан кўриниб турибдики, бу борада мутасаддилар талаб даражасида ишлай олмаяптилар.

-Аҳоли гавжум жойларда чиқиндиларни тартибсиз равишда тўпланиши оқибатида ҳудудда санитария-эпидемиологик ҳолат ёмонлашади. Бу эса турли юқумли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин,-дейди кекса шифокор М. Саидов. - Бу ҳолатларга барҳам бериш учун, энг аввало, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик таълимни тар-ғиб қилишга эътиборни янада кучайтиришимиз зарур.

-Маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлашга йўл қўяётган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўришни изчил амалга ошириш керак,-дейди меҳнат фахрийси А. Абдуллаев. - Шунда одамлар кўча четларига ахлат чиқариб ташламасми-ди?

-Чиқиндиларни ўз вақтида йиғиштириб олишса, бундай чиқинди уюмлари пайдо бўлмасди,-дейди яна бир фуқаро.

Боғчадан қайтаётган уч ёшли Дилором писта чақиб кетаётган опасига деди:

-Опа, қаранг, пистани чақиб, пўчоғини ерга ташлаяпсиз. Энди у сиздан хафа бўлади...

Қаранг, мурғак қалб ерни ифлос қилиб, уни "хафа" қилмаслик керак, деган фикрда. Бу биз, катталарга сабоқ бўлиши керак.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.