"Ҳужрадаги зулмат" видеофильмини кўрган ўқувчилар жаҳолат маърифат кушандаси эканлигини англаб етишди. Унга қарши фақат маърифат билан курашиш керак, деган хулосага келишди.

Фильм намойишидан сўнг 8,9,10-синфлар ўқувчилари ўртасида "Фильмдан олган таассуротим" мавзусида иншолар танлови ўтказилди. Унда 10-синф ўқувчилари-Саломат Абдушаҳидова, Омина Исмоилова ва Солиҳа Муталибованинг ёзган иншолар энг яхши, деб эътироф этилди.

- "Ҳужрадаги зулмат" фильмидаги воқеалар узоқ ўтмиш эмас, шу кунларда кечади,- дейди С. Абдушаҳидова - Қора ниятли кимсалар динни ниқоб қилиб, диний таълим берамиз деган баҳонада ёш-ёш болаларни тузоқларига илинтириб, уларни калтаклаб, оч қолдириб, азоб беришади... Бу кимсалардан чексиз нафратландим.

Бизнинг озод ва обод юртда ёш авлоднинг баркамол вояга етишиши учун барча шароитлар, имкониятлар яратилган. Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикка ҳеч ким раҳна сололмайди.

-Иншолар танловида ўқувчилар диний экстримизм, терроризмни қоралаб, тараққиётга юз тутган Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган улуғвор ишлар, тинч, осуда ҳаётимизни фахр-ифтихор билан таърифлашган. Бунда ҳикматли сўзлар, мақоллардан ўз ўрнида фойдаланишган. Бу тадбир беғубор ёшларимизнинг қалби ва онгини бегона мафкура ва ёт дунёқарашдан асрашга хизмат қилади, -дейди 3-мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Шарофат Жўраева.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.