Тил ҳар бир миллатнинг бебеҳо бойлиги ҳисобланади. Дунёдаги ҳар бир халқ,  ҳар бир миллатнинг ўзи ҳурмат ва эҳтиром кўрсатадиган ўз она тили мавжуд. Чунки, шу халқ, миллатнинг тарихи ва маданияти тилда акс этади. 

Тилшунос олимларнинг фикрича "тил туғилади ва доимий равишда ривожланиб боради". Тил ривожланиш жараёнида эса ҳар доим ҳимояга муҳтож бўлиб келган. Бу борада кўплаб ижодкорлар, тилшунос олимлар ўзбек тилининг софлигини асраб қолиш учун курашиб келганлар.

Бугун биз ўзбек тилини ана шу жонкуяр аждодларимиз каби ҳимоя қиляпмизми? Тилимизни асраб- авайлаш нақадар жиддий ҳодиса эканлигини  ҳис қиляпмизми? Афсуски, айрим ҳолларда тилимизга беписандлик билан муносабатда бўлаётган ёшлар ҳам учраб турибди. Уларнинг ҳар уч сўзидан бири русча ёки бошқа "номаълум" тилга мансуб. Ҳатто баъзи телевидение кўрсатувларида, айниқса, ток-шоуларда, тижорат фильмларида адабий тил ўрнини шева сўзлари эгаллаб олаётганига нима дейсиз?! Албатта, ўсиб келаётган ёш авлод зиёли қатлам вакилларидан кўра шоу-бизнес санъаткорларига кўпроқ тақлид қилишга мойил. Шу боис айрим ёшлар "ибратли" "актёр" ва "хонанда"лар оммага кўриниш берганларида адабий тилда уялаётганлари ҳам бор.

Сўнгги пайтларда ўзбек тили қоидаларига эътибор қаратмаслик натижасида тилимизда ғализ жумлалардан фойдаланиш ҳолатлари  ҳам кузатилмоқда. Биз имловий саводхонлик ҳақида қанча кўп гапирмайлик, ёзувларда "х" ва "ҳ" товушини бир-биридан фарқламасдан ёзиш оддий ҳолга айланиб улгурди. Маълумки, "х" товуши чуқур тил орқа товуши ҳисобланади, "ҳ" эса бўғиз ундошидир.

Тилимизда "ҳар бир", "ҳар қачон" каби олмошлар мавжуд бўлиб, уларни "хар бир", "хар қачон тарзида" қўлланишида қўпол хатолик бор. Чунки, форс-тожик тилида "хар" сўзи "эшшак" деган маънони англатади. Бундан ташқари, кўчалардаги баннерлар, паннолар, дўконлар пештоқидаги ёзувлардаги хатоликлар ҳақида жуда кўп марта чиқишлар қилинди, ОАВ томонидан танқидий лавҳалар тайёрланди. Бироқ ҳали ҳам бу борадаги жиддий камчиликлар бартараф этилаётгани йўқ. Айниқса, замонавий услубда қурилган дўкон, ошхона, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари  пештоқидаги "Мў открўлис" ёки рус тилидан сўзма сўз таржима қилинган "Биз очилдик" каби ёзувларнинг пайдо бўлишига кўникиб ҳам қолдик. Шунингдек, савдо дўконларини инглиз, рус ёки бошқа тиллардаги  сўзлар билан номлаш ҳам анъанага айланиб улгурди.

Бугун олға сурилган мавзу асло майда эмас. Келажакда фарзанд-ларимиз ўз она тилида онасига "мамашка", отасига "папашка" деб мурожаат қилмаслиги, ўз она тилида равон сўзлай олиши учун бугундан ҳаракат қилмоғимиз лозим. Зеро, тилнинг чексиз имкониятларидан фойдаланмаслик, шу орқали катталарга ҳурматсизлик кўрсатиш тилга ҳам, ёши улуғ инсонларга ҳам бирдек ҳақоратдир.

 Дилшод Исақов,  Республика маънавият ва маърифат

маркази туман  бўлинмаси раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.