Cентябрь охири - октябрь бошларида  анъанага биноан мамлакатимизнинг қайси бир шаҳари ёки туманига борманг, Ўқитувчи  ва мураббийлар кунига бағишланган тадбирларнинг устидан чиқасиз. Бу йил ҳам шундай бўлди. Юртдошларимиз ўзларига ҳарф танитган, билим берган, касб-ҳунар ўргатган, ҳаёт йўлини кўрсатган, зарур пайтда оқилона маслаҳатларини аямаган инсонларни байрам билан қутлаб, ўзларининг энг яхши тилакларини изҳор этдилар.  Чунки халқимиз "Устоз отангдай улуғ", деб бежиз айтмаган, ҳар биримиз биз учун у ёки бу жабҳада намуна бўлган мураббийларни ҳар қанча ардоқласак арзийди.

Тумандаги  Қўқимбой қишлоғининг "Бешкетмон" маҳалла фуқаролар йиғинидаги маданият марказида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир қатнашчиларининг кўнглидан шу йўсиндаги фикрлар ўтганлиги аниқ. Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят ва туман кенгашлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этган маънавий-маърифий тадбир шу ердаги 32-умумтаълим мактабининг жонкуяр педагогларини шарафлашга бағишланди. Унда муаллимлар ва ўқувчилар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

- Биз, наманганлик ижодкорлар уюшмамиз билан "Адолат" СДП ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси тузилганидан бениҳоя мамнун бўлдик, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг раҳбари Жамолиддин Муслим. - Бугунги тадбир ҳам "адолат"чиларнинг саъй-ҳаракати билан жуда мазмунли ўтди. Бу, айниқса, ёш авлод вакиллари - ўқувчиларда унутилмас таассурот қолдирди, деб ўйлайман. Улар  назаримда, таълим-тарбия берган устозларни қандай эъзозлаш кераклиги ҳақида ажойиб сабоқ олдилар. Болаларнинг ҳар бир табрик сўзидан кейин янграган олқишлари шундан далолат бериб турди, келажакда улар ҳам устозларига шундай ҳурмат кўрсатсалар, ажаб эмас.

Энди бевосита тадбирга қайтсак. Устозларни табриклаш учун биринчи сўз Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси Исроилжон Жўраевга берилди. У барча иштирокчиларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлаб, уларга энг яхши тилакларни билдирди. Нотиқ ўзининг ҳам бир пайтлар шу мактабда таҳсил олгани, педагогик жамоада ўз касбининг фидоийси бўлган, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар бўлиб етишиши йўлида астойдил меҳнат қилаётган муаллимлар кўпчиликни ташкил этишини айтди.

Шундан кейин сўзга чиққан "Адолат" СДП вилоят кенгаши матбуот хизмати котиби  Нурбек Абдуллаев, "Аёллар қаноти" фаоли Ёрқиной Ҳожиматова, Ўзбекис-тон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими адабий маслаҳатчиси Абдумутал Қосимов, 32-умумтаълим мактаби тарих ўқитувчиси Жалолхон Акрамов ва бошқалар ҳам эзгу тилакларни изҳор этишди. Айни пайтда таълим ва тарбия даражасини янада  юксалтириш, замонавий, илғор педагогик технологияларни жорий этиш, комил инсонларни вояга етказишда ўқитувчиларнинг ролини янада ошириш, уларнинг касб малакасини такомиллаштириш каби масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр юритилди. 32-мактабнинг бир гуруҳ жонкуяр педагоглари ва фахрий муаллимларга Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят кенгашининг эсдалик совғалари топширилди. Тадбир қатнашчиларини ёш санъаткорлар ўз чиқишлари билан хушнуд этдилар.

 Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят кенгаши фаоли.

 Ватан, устозга ҳурмат, халқимизнинг буюк тарихи ва бунёдкорлик салоҳиятидан фахр-ифтихор, юрт ва кўнгил ободлиги сингари туйғулар мактабда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида ўз аксини топди.

Айниқса, 2 "а" - синф ўқувчилари томонидан тайёрланган байрамона дастур  мураббийлар кўнглини шод этди.

Ўқувчилар устозларига алоҳида эҳтиром кўрсатишди. Улар ижросидаги "Маънавиятли халқни енгиб бўлмайди" мавзусидаги саҳна кўринишида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинди. "Огоҳлик шиоримиз бўлсин!" деган ғоя илгари сурилди.

С. Ҳапизова, 42-мактаб ўқитувчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.