Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида барча соҳаларда туб ислоҳотлар натижасида одамларнинг турмуш даражасини кўтариш билан бирга адабиёт орқали халқ маънавиятини юксалтириш, оилавий китоб ўқиш анъаналарини кенг тарғиб қилиш, ёшларни маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобни ўрни ва аҳамиятига, китоб мутолааси маданиятига бўлган эътиборни кучайтириш ғоясига кенг ўрин берилганидан қувонмаган одам бўлмаса керак.

Шу ўринда бир ҳаётий ҳақиқатни тан олайлик. Ҳеч бир мамлакат, миллат адабиётсиз ривожлана олмайди. Борди-ю, инсоният маънавияти инқирозга юз тутаётган бўлса, уни ана шу инқироздан қутқарувчи куч ҳам аслида адабиётдир.

Гапнинг очиғи, кўпинча ўзига тўқ оилаларга кирсангиз ҳамма нарса бор. Қўш-қўш машина, данғиллама уйлар, лекин аксариятида на китоб, на матбуот нашри бор. Тўғри, тан олиш керак, ахборот технологиялари кун сайин ривожланмоқда. Инсон қалбига, онгига таъсир этувчи воситаларнинг ҳам сон-саноғи йўқ. Лекин китоб берган ўзгача ҳузурни ҳеч нарса бера олмайди. Ҳаётимизда кундалик матбуот нашрларининг ўрнини ҳам ҳеч нарса босолмайди.

Китоб, газета ўқиган одамнинг фикр доираси, дунёқараши кенг бўлишига жуда кўп марта гувоҳ бўлганман. Бу оилада ота фарзандларига сизлаб гапиради. Оиладагилар ҳам бир-бирларини сизлашади. - Сен ҳам, сиз ҳам бир оғиздан чиқади. Яхши сўз билан илон изидан чиққан экан. "Яхши муомала ярим ризқ", деб бежизга айтишмаган.

- Китоб, газета ўқисангиз ҳам ақлингиз, ҳам миянгиз чархланиб бораверади, -дейди отахон биз билан бўлган суҳбат чоғида. Отахоннинг пурмаъно гап-сўзларига ҳеч  тўймайсиз, мазза қиласиз. Оиласи ҳам ҳар томонлама маҳалладошларига ўрнак. Оиладагиларнинг китоб, газета мутолаа қилишга иштиёқи баландлигини сезиш қийин эмас. Бундай оилалар кўплаб топилади. Уларнинг иш тутишлари ҳамда муомаласига ҳавасингиз келади.

Китоб, газета ўқиган инсон самимийлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Умри ҳаловатли бўлади.

- Нафақат ҳаловатли бўлади, балки узоқ умр кўриши ҳам бир қанча илмий тадқиқотларда исботланган. Инсонни ҳасад, кўролмаслик охир-оқибат нобуд қилади. Китоб, газета мутолааси ҳар қандай одамни яхшилик сари етаклайди. Яхшиликка интилган китобхон, газетхон ҳасад эмас, ҳавас қилиб яшайди,-дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров. 

Қатағон даврларида бир оиланинг хонадонини тинтув қилганларида бир донадан китоб ва газета топишган экан. Оила соҳиби "Мени олиб кетсаларинг майли, бўйнимга нима айб қўйсаларинг розиман, аммо китоб ва газетани ёқмасанглар бўлди,-деган экан. Бу халқимиз узоқ ўтмишда, энг қора кунларда ҳам ўз жонини эмас, китоб ва газетани асраб қолганлигидан далолат эмасми?

Минг афсус, маълум бир муддат китобдан, газетадан узоқлашиб кетдик. Шунданми ёки   бошқа бир сабабми, бугунги авлоднинг кўпчилигини на китобга, на газетага кўпам хуши йўқдек.

Бугунги кун ҳаракат қилганники, ишлаганники. Аммо ортиқча ўю ҳаваслар, бир-бирини кўра олмаслик, ҳавас эмас, ҳасад қилишлар, меҳр-оқибат, инсонийлик сингари олий фазилатларни камайиб бораётгани китобдан, газетадан узоқлашганимиз сабабидан келиб чиқмаяптимикан? Ана шу иллатларга қарши курашишда китоб ва газета барчамизга яқиндан ёрдам беришига шак-шубҳа йўқ. Китоб, газета ўқиган инсондан асло ёмонлик чиқмайди. Бас, шундай экан, маънавиятимизни китоб ва газета ёрдамида бойитайлик. Энг  яқин кўмакчингиз, сирдошингиз "КОСОНСОЙНОМА" газетасига обуна бўлишга шошилинг!

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.