"Косонсойнома" газетасининг жорий йил 27 июль, 28-сонида эълон қилинган "Чиқинди муаммоси-унга барҳам бериш-барчанинг иши" сарлавҳали мақолада шу кеча кундуздаги долзарб муаммолар тилга олинган.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ноқонуний чиқинди ташлашга чек қўйиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари билан бир қаторда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тартибга солишда муаммолар пайдо бўлмоқда.

Олиб борилаётган тушунтиришларга қарамасдан, ҳали-ҳануз айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўз ҳудудларида ноқонуний чиқиндихоналар ташкил бўлишига йўл қўймоқдалар.

Шунингдек, фуқароларимиз томонидан асосан кечки вақтларда кўча четларига, белгиланмаган жойларга, ариқ, сой қирғоқларига маиший чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари учрамоқда.

Мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, жорий йилнинг апрель ва май ойларида ўтказилган тадбир давомида тумандаги Алишер Навоий, Махдуми Аъзам, Саъдий Шерозий, Садача, Такаранг, Боғишамол-1 каби фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар яшаш хонадонида тўпланиб қолган маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаётгани маълум бўлди.

Умуман, давлат инспекторлари томонидан ўтказилган рейд мобайнида туманда жами 38 та ҳолат аниқланди, шундан 12 нафар фуқарога маъмурий баённома расмийлаштирилди. 26 нафар фуқарога огоҳлантириш хати берилди. Ўтказилаётган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, шаҳримиз кўчаларини озода сақлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган. Бундай рейд тадбирларини мунтазам ўтказилиши белгиланган. Чунки атроф - муҳит мусаффолигини таъминлаш, уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Ф. Юсупов, С. Аҳмедов, Э. Ҳусанов,

вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туманга бириктирилган инспекторлари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.