Махдуми Аъзам номли маданият ва истироҳат боғида "Миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантиришда маҳалланинг ўрни" мавзусида республика форумининг ҳудудий босқичи ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 февралдаги 9-сон баёни билан тасдиқланган "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари Дастури"нинг 53-бандида "Миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳалланинг ўрни" мавзусида ҳудудий ҳамда республика форумларини ўтказиш белгиланган.

Маҳалла азалдан юртимизда тарбия ўчоғи, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган миллий-умуминсоний қадриятлар маскани, халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзи сифатида эътироф этиб келинади. Одамлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш каби эл-юртимизга хос урф-одат ва анъаналар авваламбор, маҳалла ҳудудида шаклланган.

Эътиборлиси, ёшларда оилага улуғ қадрият сифатида қараш, ота-она, бобо-бувилар, қўни-қўшнилар, устозларга нисбатан чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлиш, меҳр - оқибат кўрсатиш кўникмаси, аввало, маҳаллада шаклланади. Ватанни севиш туйғуси ҳам айнан маҳалладан бошланади.

Кейинги йилларда маҳалла институтини ривожлантириш, унинг нуфузини кўтариш нафақат иқтисодий-ижтимоий, балки сиёсий, тарбиявий, улкан маънавий масала эканлиги устувор вазифа сифатида белгиланиб, уни мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ишончли таянчи ва таъсирчан кучи бўлиб хизмат қилишига зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилиб келинди.

Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони маҳалла тизими фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилди.

Фармонда жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шу куни маданият ва истироҳат боғида байрамона руҳ ҳукм сурди. Тадбир ўтказиладиган жойга ўрнатилган баннер ва паноларда жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳалланинг аҳамияти ва нуфузини оширишга қаратилган шиорлар ўз аксини топди.

Маҳаллалар вакиллари миллий қадриятларимиз, ҳунарманд-чилигимиз намуналарини кўз-кўз этиб, бешикчилик, саватчилик, қандолатчилик, дурадгорлик, ту-нукасозлик, асаларичилик, зардўзлик, дўппичилик, каштачилик ва бошқа қўл меҳнати турларидан кўргазмалар ташкил этишди. Миллий чолғу асбоблари - доира, рубоб, чанг, най, карнай-сурнай орқали таралган мумтоз куй-қўшиқлар дилларга ором бағишлайди.

Форумда "Миллий ва умуминсоний қадриятлар: бугунги кунда жамият қиёфаси", "Миллий ва умуминсоний қадриятларни сақлаш, аҳоли орасида кенг тарғиб этиш усуллари" мавзуларида туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Камолова, ФЎЎБОФМБ туман кенгаши бош мутахассиси М. Тўрахўжаева, маънавият ва маърифат тарғиботчиси Ж. Ҳамроев маъруза қилдилар.

Тадбир доирасида "Ҳар бир оиланинг ўз анъанаси бор" мавзусида маҳаллаларда ибратли, намунали оилалар иштирокида ўтказилган давра суҳбатлари, бадиий кечалар якуни бўйича муҳокама бўлиб ўтди. Шунингдек, "Миллий қадриятларимизни биласизми?" мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди.

-Маънавият мезонларига, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиб яшаган  ота-боболаримиз ҳаёти барчамиз учун ибратдир,-дейди Саъдий Шерозий номли МФЙ раиси, туман Кенгаши депутати З. Нуриддинов. - Миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшларга етказиш, уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук инсон қилиб тарбиялашда маҳалланинг ўрни катта. Бу борада тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз лозим.

-Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда миллий қадриятларнинг ўрни беқиёс,-дейди Боғишамол-2 МФЙ фаоли Т. Қодирова. - Яхши тарбия топган фарзанд наинки ота-она, балки жамиятнинг бойлигидир. Бундай фарзанд тарбиялаган оилаларни рағбатлантиришни йўлга қўйиш керак.

Форум иштирокчилари миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз ва қадриятларимизга зид бўлган иллатларга бутунлай барҳам бериш, тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялардан асраб-авайлаш бўйича якдил фикрга келдилар.

Оилавий низоларнинг олдини олишда кўпни кўрган маҳалла фаолларининг жонбозлигини ошириш таклифи билдирилди.

М. Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.