Муҳаммадали Эргашев Гўрмирон қишлоғида таваллуд топиб, камолга етди. Ўрта мактаб, олий таълим даргоҳини тугатиб, мактабларда ёш авлодга таълим - тарбия бериб келди. Шу билан бирга туманимиз кўзгуси "Косонсойнома" газетасида дастлаб мусаҳҳиҳ, адабий ходим, бўлим мудири сифатида самарали ижод қилди. Бир қанча муддат муҳаррир ўринбосари вазифасини бажарди.

М. Эргашев турли мавзуларда мақолалар ёзибгина қолмай, лирик турнинг ҳар хил жанрларида шеърлар битиб, ўқувчилар қалбидан муносиб жой олганди. Айниқса, унинг "Қалбим садолари" (1999 йил), "Рубоийлар" (2004 йил) тўпламлари шеърият шайдоларига ўзгача завқ, маърифат ином этганди. Унинг "Рубоийлар" китобидан ўрин олган битикларида поклигу ростлик, ишқ-муҳаббат, хокисорлигу ҳалимлик, яхши хулқ-одоб, ҳаёт тажрибасидан сабоқ олмоқ каби чин инсоний хислатлар тараннум этилган. Шоирнинг ўзи ана шундай инсон эди-да!

Ҳамкасбимиз  Муҳаммадали Эргашевнинг порлоқ хотираси қалбимизда абадий яшайди. Унинг табиатидаги хос ва мос қалб  қаъридан чиққан сеҳрангез рубоийларидан ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Ватан чин сўзингдир, сўзингни асра,

Ватан, бу юзингдир, юзингни асра,

Ватан, бу заррадан тоғ, уммон қадар,

Ватан, бу кўзингдир, кўзингни асра.

 

Кўрмасин яхшилар заҳмату завол,

Бўлмасин ёмонлар бахту баркамол,

Яхшилар жаҳонга подшоҳ бўлсин,

Эл бахти кулсину юрт очсин жамол.

 

Эй одам, ҳовлингни этмасанг обод,

Бу ҳолдан бойўғли бўлғусидир шод,

Ул дейди: Хайрият, шулар бор экан,

Аксинча, ҳаётим бўларди барбод.

 

-Беташвиш куним йўқ,-дейди баъзида,

Кимлардир беташвиш яшар наздида,

Ташвиши кўпларнинг нияти ҳам кўп,

Шулар-ла шириндир ҳаёт аслида.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.