Бола қалби сахий-тупроқ. Унга тушган ҳар қандай уруғ, албатта, униб чиқиб, мева беради. Яхши ҳосил олиш, хуштаъм меваларни элга манзур қилиш боғбонларга боғлиқ бўлса, боланинг эзгу ниятлари рўёбга чиқиб, элга манзур бўлиши у тарбияланаётган муҳитга, устозларига  боғлиқдир. Қуйида бу борада 22-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатда  амалга оширилаётган ишлар  ҳамда қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида сўз боради.

Олимхон  Абдураҳимов, мактаб-интернат директори

- Кўп йиллик педагогик фаолиятим давомида ўқувчи ёшларни доимо кузатиб бораман. Туманимизда иқтидорли ўқувчилар ниҳоятда кўп. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш ўринлики,  Алоуддин Абу Бакр ибн Аҳмад Ал Косоний, Махдуми Аъзам сингари буюк алломаларга бешик бўлган юртда яшаётганимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Ана шундай авлодларнинг бугунги кундаги давомчилари ҳисобланган йигит-қизларга кенгроқ имконият яратиб, соғлом муҳитда, малакали устоз мураббийлар кўмагида, таълим-тарбия берсак, мамлакатимиз янада ривожланади, инсонларнинг яшаш тарзи гўзаллашади, деган мақсадда 2008 йилда вилоят ҳокимининг қарорига асосан, математика-информатика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этдик.

Малакали устозлар, мураббийларни йиғиб, педагогик жамоа туздик. Иқтидорли, қобилиятли ўқувчиларнинг олдига аниқ мақсадлар қўйган ҳолда, таълим-тарбия беришни бошладик. Фан тўгараклари ташкил этиб, ўқувчилар вақтларини мазмундор, унумли ўтказишларига имконият яратдик.

Мана, шу вақт оралиғида чеккан машаққатларимиз самарасини кўра бошладик. Бу даргоҳда яхши ният билан маррани баланд олиб, мустаҳкам пойдевор билан мактаб-интернатни тамомлаган ўқувчиларимиздан бир гуруҳи нуфузли олий ўқув юртларини тамомлаб, бугунги кунда турли соҳаларда ҳалол ва виждонан меҳнат қилмоқдалар. Биргина мисол: Аҳмадхўжа Мукаррамов Самарқанд ҳарбий олийгоҳини тугатиб, ҳозирда Ўзбе-кистон Республикаси Қуролли кучлари таркибида хизмат қилмоқда. Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.

Қудратилла Абдуллаев -Тошкент тиббиёт, Муҳаммадаюб Дадахонов - Латвиянинг Рига шаҳридаги Молия, Улуғбек Усмонжонов, Баҳромжон Пўлатжонов - Турин политехника, Жамшид Жўраев, Абдурашид Исомиддинов -Тошкент политехника инс-титутларида ўқишни давом эттирмоқдалар. Яна бир неча ўқувчиларимиз олий ўқув юртларида таҳсил олмоқдалар.

Ҳар йили мактаб-интернатимиз битирувчиларининг 85 фоизи вилоят ва тумандаги академик лицейларда таълимни давом эттирмоқдалар.

Айниқса, бугунги кундаги ютуқлар бутун жамоамиз сингари мени ҳам жуда қувонтирди. Обидхон Котибовдан математика сирларини ўрганган 9-синф ўқувчиси Абдувоҳид Абдуқаҳҳоров Хоразмда ўтказилган "Инновацион олимпиада"нинг республика босқичида, 176 нафар билимдонлар ичида кучли 10 таликдан ўрин олди. Фан олимпиадасининг вилоят босқичида фахрли 3-ўринни эгаллади. Жаҳонгир Абдуҳомидов эса информатикадан фан олимпиадасининг вилоят босқичида фахрли ўринни эгаллади. Ўзи ёш бўлишига қарамай, Шерзоджон Ғаниевнинг шогирдлари ҳам анчагина ютуқларга эришди. 7-синф ўқувчиси Сардор Муҳиддинов ва 8-синф ўқувчиси Жаҳонгир Муҳаммадиевлар туманимиз шаънини вилоятда ҳам муносиб оқлашди. Билимлар беллашувининг вилоят босқичида Жаҳонгир Муҳаммадиев фахрли 1-ўринни эгаллади. Айни пайтда устоз-шогирд республика босқичига қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Юксак марралар сари олға, Жаҳонгир! Ҳамидулла Қосимжонов эса информатика фанидан катта ютуқларга эришди: инновацион олимпиаданинг республика босқичида фахрли 2-ўринни, билимлар беллашувининг вилоят босқичида 2-ўринни эгаллади. 7-синф ўқувчиси Сардор Муҳиддинов ҳам билимлар босқичида 2-ўринни эгаллади. Сардор Муҳиддинов халқаро олимпиаданинг вилоят саралаш босқичида иштирок этиб, ҳозирда натижаси кутилмоқда. 6-синф ўқувчиси Зикрилло Ҳалимхонов эса математика фанидан билимлар беллашувининг туман босқичида 1-ўринни эгаллади. Ҳам ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, тасвирий санъат, чизмачилик фанлари ўқитувчиси, фидойи узтоз Фахриддин Абдулҳаевнинг шогирди Муслима Деҳқонова чизмачилик йўналишида туманда ғолиб бўлиб, вилоятда ҳам яхши натижаларга эришди. Мактаб-интернатда ўқувчилар физика, кимё фанларини мукаммал ўзлаштиришларида барча шарт-шароитлар мавжуд. Лаборатория машғулотлари жуда қизиқарли тарзда ўтади. Бундай имкониятлардан илҳомланган физика фани ўқитувчиси Жавлонхон Жалолхонов ҳамда кимё биология ўқитувчиси Севархон Сотволдиева ҳар бир дарсни сидқидилдан, қизиқарли ташкил этадилар.

Айтганча, мактаб-интернатнинг инглиз тили хонаси ҳам компьютер технологияси билан жиҳозланган. Жаҳонгир Нурқулов турли ўйин машғулотлар билан инглиз тилида ўқувчилар равон сўзлашларига ёрдам бермоқда.

Вали Аҳмедов ўқувчиларни ўтмишга саёҳат қилдиришга уста. Дарсларда турли кўргазмали қуроллардан устамонлик билан фойдаланади. Геогрофия фанида эса саёҳат дарслари ўтказиб, ўқувчилар билимини бойитмоқда.

Пўлатжон Устабоев туманимиз шаънини кўкларга кўтараётгани кўпчиликка маълум. Спортнинг енгил атлетика бўйича мактаб-интернатда кўплаб чемпионларни  юзага чиқарган.

"Тил билган - эл билади" шиори асосида мактаб-интернатда инглиз тили билан бир қаторда, рус тили фани ҳам самарали ташкил этилган. Муяссархон Пўлатова рус тили фанини маҳорат билан ўқувчиларга ўргатмоқда.

Таълим-тарбияни она тили ва адабиёт фанисиз тасаввур этиб бўлмайди. Барча фанларни тушуниш, англаш учун, шубҳасиз, бу фанлар муҳим аҳамиятга эга. Тажрибали устозлар Усмонжон Қосимжонов  ва Шоҳиста Шарофиддинова билан мактаб-интернатда ажойиб ижодий муҳит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Турли тадбирлар, байрамлар, беллашувларда ўқувчилар ўзларининг иқтидорларини, билимларини эркин намоён этадилар. Иншолар танлови, бадиий кечалар катта қизиқиш билан ўткази-лади.

Мактаб-интернатда ўқувчилар китобхонликка меҳр қўйганлар. Мактаб-интернат кутубхонасидан ташқари, ҳар бир синф, ҳар бир ётоқхонада ўқувчилар кўнгилли тарзда кутубхона бурчаклари ташкил этишган. Бу эса ўқувчилар дунёқарашини бойишига хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, китоб билан ошно тутинган болаларнинг хулқида, унга берилаётган билимларни ўзлаштиришида ижобий ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. Мактаб-интернатдаги осойишталик, тартиб-интизом ана шу тарбиянинг маҳсули десак, хато бўлмас.

 Иқтидорли ўқувчиларнинг ҳар биридан умидимиз катта. Уларнинг кўзларидаги ишончни кўриб, эртанги кунимиз фаровон бўлишини тасаввур қиляпмиз.

Аввало, ўқитувчи-мураббийлар ўқувчиларига кўзгу бўлиши керак. Ўзидаги бор яхшиликни, иқтидорни, билимни, ўқувчисига юқтира олиши даркор. Ўз педагогик жамоамизга ана шу сўзларни айтишдан асло чарчамайман.

Албатта, бугунги кунда юртимизда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар бизни беҳад қувонтирмоқда. Айниқса, 11 йиллик таълимга ўтиш борасида ташланган дастлабки қадамлар яхши самара бериши табиий. Бунинг ютуғи шундаки, ўқувчилар маълум бир муҳитда таълим-тарбия олиб, ватанпарварлик ҳиссини янада чуқурроқ анг-лайдилар. Маълумки, ҳар бир ўқувчи психологиясини ўрганиб олган устоз унга қандай таълим беришини яхши билади. Ўсмирлик даврини бошидан ўтказаётган ўқувчи янги муҳитга тушиб қолса, эсанкираб қолиши табиий. 11 йиллик таълим жараёнида эса ҳар бир ўсмир назоратда, ҳимояда бўлади.

Бизнинг мактаб-интернатимизда ҳам 2018 йилдан 5-11-синфлар таълим тизими жорий этилди. Бу эса бизнинг масъулиятимизни янада оширди, шу билан бир қаторда, имкониятлар ҳам берди.

Иқтидорли, билимли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида ҳар йили августнинг 10-санасида Республика тест маркази томонидан билим ва психологик жиҳатдан тест ўтказилиб, тест маркази тақдим этган натижаларга асосланиб, мактаб-интернатимизга 5-синф ўқувчилари қабул қилинади. Қабул қилинган ҳар бир ўқувчининг олдига аниқ мақсад қўйиб, олий ўқув юртларига киришларини таъминлаш бизнинг бош вазифамиздир. Зеро, сифатли таълим-тарбия тараққиёт гаровидир.

Ҳозирги вақтда табиат қўйнида жойлашган мактаб-интернатимизда 168 нафар ўқувчиларга жами 13 нафар олий маълумотли, тажрибали ўқитувчилар сидқидилдан таълим-тарбия бермоқдалар. Тажрибали, маҳоратли устозларнинг 2 нафари олий тоифали, 4 нафари 1-тоифали, қолганлари 2-тоифали ўқитувчилардир. Ўқитувчи-ўқувчилар ўртасида дўстона муносабат, кучли ҳурмат шаклланган. "Ҳар бир бола бир Ватан" дея, аввало, ҳар бир боланинг феъл-атвори билан танишиб, уларнинг қалбига йўл топишга уринадилар. Мактаб-интернатда математика-информатика фанлари чуқурлаштириб ўқитилади. Ижтимоий-гуманитар, табиий фанларни ҳам тажрибали устозлар маҳорат билан ўргатмоқдалар.

2018 йил 25 май куни бўлиб ўтган "Тантанали сафланиш"да тажрибали устозлар ва иқтидорли ўқувчилар бир милион сўмлик китоблар билан тақдирланишди.

Жаҳонгир Муҳаммадиев:

- Мен мактаб-интернатга қабул қилинмасимдан олдин уни яхши кўриб қолганман. Имтиҳонларга тай-ёргарлик кўриш жараёнидаёқ билим даргоҳининг манзараси, устозларнинг муомаласи сабабданми мен, албатта, шу ерда ўқийман, деган аҳд билан астойдил ҳаракат қилдим.

Бу ерда кучли, қобилиятли дўстларимнинг борлиги, маҳоратли устозларимдан истаган саволимга жавоб топишим, улардан ечимга олиб борувчи усулларни ўрганиб, китоб мутолаа қилишга кўпроқ вақтим борлиги менга катта имконият бермоқда. Мактаб-интернат шаънини республикада ҳимоя қилиш, устозларим, ота-онам ишончини оқлаш насиб этганидан хурсандман. Айниқса, мактаб-интернатимизда ўтказилган тантанали тақдирлаш маросимида диплом ва фахрли ёрлиқлардан ташқари, бир нечта бадиий китоблар совға қилишганидан жуда ҳам қувониб кетдим. Чунки бадиий китоб ўқиш жону дилим. Бундай китоблар иродали, қатъиятли бўлишимга ундайди. Келажакда мен ҳам устозим каби маҳоратли педагог бўлиб, олийгоҳда таълим беришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.      

Абдувоҳид АбдуҚаҳҳоров:

- Мактаб-интернатга келганимда дастлаб тушкун аҳволга тушиб қолдим. Сабаби синфдошларим анчагина билимли ва иқтидорли эди. Мен ҳам мактабда энг илғор ўқувчи эдим. Иқтидоримни пайқаган устозим Обидхон Котибов қўлимдан анча ишлар келишини айтиб, энг кучли математик бўлишимга ишонч билдирдилар. Бу сўзлари билан менга руҳий қувват бердилар, гўё.

Устозимни ишончини оқлаш учун астойдил меҳнат қилдим. Яхши натижага эришиш учун ишонч билан бирга, кучли ирода кераклигини устозим ўқув машғулотлари жараёниди бот-бот такрорлардилар.

Хоразм вилоятида ўказилган инновацион олимпиада катта таассурот қолдирди. Алгебра фанига асос солган буюк аллома - Хоразмий туғилиб ўсган маконга туманимиз, ҳамда вилоятимиз шаънини ҳимоя қилиш учун йўл олганимизда елкамда катта масъулият борлигини ҳис қилдим. У ерга йиғилган тенгдошларимнинг билим ва иқтидорларини кўриб, ҳайратда қолдим. Юртимизнинг энг чекка вилояту қишлоқларида ҳам кучли билим соҳиблари кўплигини пайқадим. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг биз ёшларга кўрсатаётган эътибор  ва ғамхўрликлари катта натижалар бераётганини чин дилдан ҳис қилдим. Инновацион олимпиадада иштирок этаётган дўстларим билан суҳбатлашганимда, юртимиз келажаги янада порлоқ бўлишига ишонч ҳосил қилдим. Бу ишонч мақсадларимни янада улғайтирди. Келажакда математика соҳаси бўйича академик бўлмоқчиман.

Ҳамидулла Қосимжонов:

- Мактаб-интернатимиз жаннатмакон ватанимизнинг кичик бир бўлаги. Бу ерда табиат сеҳри, устоз-мураббийларнинг меҳри иқтидорли ўқувчиларга ўзгача куч, интилиш бағишлайди. Мактаб-интернатда ҳаммамиз бир-биримизга меҳрибонмиз. Билим ҳақида баҳслашадиган, дунёқараши кенг дўстларимиз жуда кўп. Матабимиз математика ва инфрматикага ихтисослаштиргани учун  бу фанлар чуқурлаштириб ўқитилади. Информатика фанига қизиқишим баландлигидан унинг барча сир-асрорлирини қунт билан ўрганишга ҳаракат қиляпман.

Информатика фанидан пойтахтимиза ўтказилган инновацион олимпиаданинг республика бос-қичида иштирок этиб, фахрли 2-ўринни эгаллашимда устозларимнинг хизматлари чексиз. Юртимизда иқтидорли ёшларнинг кўплиги, мен ҳам улар қаторидан жой олганимдан фахрланаман. Келажакда энг яхши лойиҳаларни дастурловчи мутахассис бўлиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Асосий мақсадимиз эса, мактаб-интернатни вилоятдаги ягона математика марказига айлантиришдир!

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.