Азиз юртимизга мавсумлар келинчаги - баҳор фасли ташриф буюрди. Замин уйғонмоқда. Барча-барчамиз интиқиб кутган Наврўз айёми - яшаш ва яшариш палласи кириб келмоқда.

Наврўз байрами мамлакатимизда умумхалқ байрамларидан бири сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Ҳар йили барча шаҳар ва қишлоқларда байрам муносабати билан турли сайл-лар,томошалар, тадбирлари ўтказилмоқда. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар,ногиронлар, меҳрга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олинмоқда, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этиш халқимизнинг гўзал анъаналаридандир.

Бободеҳқонларимиз, миришкор боғбонларимиз "бисмиллоҳ" деб, Парвардигордан мўл-кўл ҳосил беришини сўраб, ерга барака уруғини сочишади, мевали ва манзарали дарахтлар ўтқа-зишади. Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Зеро, ерга меҳнат билан қанчалик ишлов берилса, деҳқончилик, зироат ҳам шунга қараб баракали бўлади. Рўзғоримиз бутун, ҳаётимиз фаровон бўлиб бораверади. Ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлар, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос одатлардандир. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳивасаллам айтдилар:

"...Ҳовли ва уй-жойларингизни озода тутинглар", "Поклик имондандир" дея умматларини покликка чорлаганлар. Бугунги кунда халқ фаровонлиги тушунчаси Ватан равнақи ва юрт тинчлиги деган маъно-мазмунлар билан мужассам бўлиб кетган. Шуни таъкидлаш жоизки, юртни ҳар томонлама обод қилиш унга бўлган муҳаббат билан бошланади.  Ватанга муҳаббат - бахт топган остонангиз - оилангизга, сизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар миллий қадриятлар, сиз югуриб ўсган тупроқ, отангиз эккан ва сиз билан бирга улғайган дарахт, онангиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир. Фақат буни юракдан ҳис қила билиш керак. Буни қалбдан сезмаган, элдан чиқиш дегани. Элдан чиқиш эса, имондан қайтиш демакдир. Яна шуни таъкидлаш ўринлики, мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган хайрли ишлар ва кенг қамровли ислоҳотларнинг самарали натижасида юртимизнинг бугунги равнақи ва ободлиги, инсон манфаатлари йўлидаги қайғуришлар қарор топди. Бунга биз, энг аввало, Аллоҳнинг неъмати сифатида шукр қилишимиз, яна "Кимики инсонларга улардан кўрган яхшиликлар эвазига шукр қилмас экан, демакки, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди" деб қабул қилишимиз лозим бўлади.

 

М.Абдусамиев,

"Корхона" жоме масжиди имом-хатиби.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.