Қадимги шарқ манбаларида ёзилишича, подшоҳ Искандар Зулқарнайндан нима сабабдан устозини отасидан ҳам улуғлашини сўрашганда: "Отам мени юқоридан ерга олиб тушди. Устозим Арасту эса ўз ўгитлари билан ердан осмон қадар юксалтирди" - деб жавоб берган экан.

Бугунги кунда мамлкатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида кексаларимиз, меҳнат фахрийларимизга ҳам эътибор ўзгача.

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан Косонсой маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ҳам меҳнат ва уруш орти фахрийлари ҳолидан хабар олинди, яна бир бор уларга бўлган ҳурмат ва миннатдорлик туйғулари изҳор этилди. Жумладан, коллежда узоқ йиллар меҳнат қилиб, туманимиз, балки вилоятимизнинг турли ҳудудларидан, ҳатто қўшни  Қирғизистон Республикасидан илм истаб, ҳунар ўрганаман, деб келган ўқувчи ёшларга касб сирларини ўргатган, уларни ҳаётга тайёрлаган устозлар Умаржон Усуббоев, Собиржон Абдувалиев, Усмонжон Тўрабоев, Исломжон Музаффаров, Абдураҳмон Рамазонов, Мансуржон Асролов, Иброҳимжон Зоҳиров, Аҳмаджон Қосимов,  Рус-тамжон Раҳимов, Раҳимжон Усмонов, Иброҳимхон Шодмонов, Исмоилжон Артиков, Хосиятхон Раҳмонова каби 27 нафар фахрийлар коллеж жамоаси ва касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган байрам дастурхонига тўпланишди. Бугунги кунда орамизда йўқ бўлган устозлар хотирланди, уларнинг руҳларига қуръон тиловат қилинди. Меҳнат даврларидаги эсда қоларли воқеалар, ҳангомалар эсланди.

Тадбир якунлангач, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  "Сизларни бугун орамизда мана шундай нуроний бўлиб, дуогўй бўлиб юришларингиз биз учун, албатта, катта бахт, катта давлатдир" деган сўзлари нақадар ҳаётий ҳақиқатлигига ишонч ҳосил қилдим. Учрашув менда жуда катта таассурот қолдирди. Чунки худди ана шу устозларимиз Искандар Зулқарнайн каби биз - шогирдларини осмон қа-дар юксалишимизни, қадр-қиммат топишимизни истаб, бор билимини беъминнат берган, қўллаб-қувватлаб, дуолар қилган. Биз уларнинг беқиёс хизматларидан миннатдормиз ва шундай инсонларнинг шогирди эканлигимиздан фахрланамиз.

 Шерзодбек Исмаилов,

Косонсой маиший хизмат касб-ҳунар коллежи

маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.