Озод ва ҳур диёримизда, жумладан, туманимизда ҳам Иккинчи жаҳон уруши фахрийларини табриклашга бағишланган тантанали тадбирлар давом этмоқда.

Президентимизнинг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги Фармони ҳамда "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, "Янги йўл" маҳалласида яшовчи уруш қатнашчиси Исохон ота Соттихоновга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан табрик хати, тилла суви юритилган қўл соати, 5 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Исохон ота Соттихонов, шу йил 95  баҳорни шоду хуррамлик билан қарши олди. У оддий аскар бўлиб, ҳаёт-мамот жангларида қатнашди. Уруш тугагач, қадрдон юртига эсон-омон қайтиб келди. Шундан сўнг новвойлик касбини эгаллади. Ҳалол меҳнати билан элу юрт орасида ўзига яраша яхши ном қолдиришга эришди. Ўз касбининг устаси бўлиш билан бирга, 5 нафар фарзандни элу юрт корига ярайдиган қилиб тарбиялади.

-Бугунги доруломон кунлар, тинчлик барчамизни бой қилади, ҳалол меҳнат инсонни ҳурмат-эътиборини яхшилайди,-дейди қисқа ва лўнда қилиб гапиришга одатланган отахон. - Урушни бизлар кўрдик, сизлар асло кўрманглар, ҳар биримиз, тинчликни қадрига етишимиз, уни асраб-авайлашимиз керак.

Юртбошимиз номидан тантанали тарзда топширилган пул мукофоти, тилла соат ва табрик хати отахоннинг кўнглини тоғдек кўтариб юборди.

-Ҳаёт давомида ҳурмат-эътиборга эришиш ҳар бир инсон учун катта бахт,-дейди мамнунлик билан отахон. - Бундай ғамхўрлик учун Президентимизга раҳмат! Олтин бошлари омон бўлсин! Тинчлигимиз абадий бўлсин!

А. Олимов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.