Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Хотира ва қадрлаш куни"га тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора - тадбирлари тўғрисида"ги қарорида таъкидланган "Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас",  "Мардлик, бурч ва садоқат" деб эслатилган  пурвиқор шиорлар,  ҳар бир қалби пок инсоннинг вужудини жунбушга келтиради.

Қонхўр фашизм устидан қозонилган  оламшумул тарихий ва чинакам адолатли ғалаба биздан узоқлашган сари унда иштирок этган ота-боболаримиз, шаҳид бўлганлар ва бедарак йўқолганлар жасорати, уруш йилларида меҳнат фронтида фидокорона ва шавкатли меҳнат қилган, буюк ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшганларни шуҳрати, қадри ва хотираси тобора ёрқинроқ намоён бўлиб бораверади.

1418 кечаю-кундуз давом этган ҳаёт-мамот жангларида 6 мингга яқин косонсойлик ўғлонлар ҳам "Ватан учун" деган муштарак ғоя остида жон олиб, жон беришгани гўёки бир афсонага ўхшайди. Шу ўринда "Ҳеч ким, ҳеч нарса унутилмайди" деган улуғвор тантанали васиятни биз бугунги авлод нақадар муқаддас ҳисоблаб, эъзозлаб, уни қадрига етишимиз  ҳам қарз ҳам фарздир.

Ғалаба жонга жон , қонга-қон эвазига қўлга киритилганлигини ҳар биримиз чуқур англашимиз зарур, чунки бугунги авлод уруш даҳшатлари, ваҳшийликлари, талофат ва зарарлари ҳақида етарли даражада тушунча ва тасаввурга эга эмас.

Уруш қаҳрамонларининг жанггоҳлардаги жасорати, урушдан кейинги даврдаги мардлиги ва матонати ўзи бир достон, бир тарихий асар бўлади, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Жумладан,  афсонавий  Ленинград мудофааси ва оловли фронтларда фашист калла- кесарлари  додини бериб, ўлимни ҳам қолдириб доғда, икки оёғи мажруҳ бўлиб қолганига қарамай, Ленинград тиббиёт академияси ва Тошкент халқ хўжалиги олийгоҳини тамомлаб, ўзининг букилмас иродаси билан одамларнинг дардига шифо улашиб малҳам бўлган, халқимиз орасида дўхтир, шифокор-табиб, кишилар маънавиятини шакллантириш, айниқса,  эътиқод, иймон, ишонч қаби энг олижаноб тушунчаларни халқимиз онгига сингдиришга бутун умрини бахшида этган Абдуллаҳайхон Махсум бува Раҳмонов ҳақида қанча гапирсак, камлик қилади. Ҳам дунёвий, ҳам диний билимларни ўзида мужассам этганлиги, юксак одамийлиги, саховатпешалиги, сабр бардошлилиги каби инсоний фазилатлар доимо бу табаррук зотни безаб турган ва барчага ибрат намунаси бўлиб ҳозиргача хизмат қилиб келмоқда. Қўқимбой қишлоғилик Мелибой ота Аҳмадалиев 1941-1949 йиллар мобайнида Тинч океанидаги  сув ости кемасида хизмат қилиб, япон милитаристларга қарши жанговар операция-ларда жасорат ва матонат кўрсатиб, ўз Она-юртига соғ-омон қайтиб, қишлоқ хўжалигини, айниқса, пахтачилик ва чорвачиликни ривожлантиришда фидокорона меҳнат қилиб халқимизнинг мўл-кўлчилигига муносиб ҳисса қўшганлигига фақат ва фақат тассанолар айтиб, қойил қолмасликнинг ҳеч иложи йўқ.

Довруғи тилларда достон бўлган Москва, Сталинград, Ленинград учун, Москвадан Берлингача бўлган оловли жангларда икки оёғидан ажралган Ҳабибулла Тошматов,  I-II даражали "Шуҳрат" ордени соҳиби Абдулаҳай Ҳусенов, уч ака-ука Ғозиевлар, Меҳнат Қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Маматхон Бобохонов, Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи Исмоилжон Саидов, Қаюмхон Каримов, Чинали Ёқубов, Акбарали Пўлатов, Акрамхон Шодмонов,Турсунхон Шодмонов, фашистлар ўлим лагеридан соғ-омон чиққан устоз-муаллим Ҳабибулла Қирғизов, партизанлик афсонавий ҳаракатининг қаҳрамонлари Ҳусенхон Зоҳиров, Исмоилжон Абдураҳимов, Турдали ва Жалолхон Муродовлар, Сотиволди Отамирзаев , Абдунаби Ғаниев, Турсунбой Раззоқов, отлиқ кавалерияда хизмат қилган Юсуфжон Қорабоев каби минглаб ота-боболаримиз она юртимизни фашист босқинчи газандаларидан озод қилиб, уни ўз уясида янчиб тор-мор этишда ўзларининг муқаддас бурчларини шараф билан адо этганлар.

Урушдан ғалаба билан мағрур қайтган ота-боболаримиз халқ хўжалигининг турли жабҳаларида саноат дейсизми, қишлоқ хўжалиги дейсизми,  халқ таълими дейсизми, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаси дейсизми , барча-барча соҳаларда ғайрат-шижоат билан  меҳнат қилдилар. 

Уруш йилларида Наманган вилояти ижроия қўмитасининг раиси бўлиб самарали фаолият кўрсатган Зокиржон Сатторов, Азимбой Зоҳидов, Шариф Аҳмедов, Атахон Камолов, Тўлабой Қаюмов, Ҳамиджон Ҳакимов, Мелибой Бобоев, Исоқжон Қосимов, Тожигул Ниёзова , Саломатхон Насимова, Иноятжон Қодирова, Холида Терегулова каби юзлаб отахон ва онахонларимиз "Ҳамма нарса фронт учун! " , "Ҳамма нарса ғалаба учун!", шиорлари остида юксак ватанпарварлик билан фронт ва меҳнат сафарбарлигини уюштирдилар. Саноат  корхоналари ва қишлоқ хўжалигида юксак  меҳнат маромидаги ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйдилар. Эвакуация қилинган кишиларга, боқувчисиз қолган болаларга оталарча меҳр-мурувват кўрсатдилар, ўзлари емай-ичмай "Фронтга кетган ўша йигит учун ҳам" деб  қўшимча иш нормаларини бажараётган меҳнатчилар руҳини кўтардилар, фронтга ёрдам жамғармалари ташкил этиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа совғалар юборишга бош-қош бўлдилар.

Наманган вилояти ижроия қўмитасининг раиси Зокиржон Сатторов бутун масъулият ва  жавобгарликни ўз зиммасига олиб, фронтга жўнатаётган дондан бир вагонини олиб қолиб, очлик - ногиронликда қолган вилоятимиз аҳлига тарқатган, қанча-қанча одамларга мурувват,  раҳмдиллик қилганлиги учун ҳарбий трибуналга берилган Зокиржон отани Ўзбекистон Республикасининг ўша вақтдаги биринчи раҳбари Усмон ота Юсупов муқаррар жазодан сақлаб қолган эканлар.

"Байналминал" колхози раиси Шариф Аҳмедов  урушнинг энг оғир кунларида, нафақат туманимиз аҳлини, балки қўшни олабуқаликларга ҳам дон улашиб, кўплаб гўдагу қариялар ҳаё-тини сақлаб қолди. Ўз ҳисобидан фронтга 10 минг сўм маблағ юборди.

Косонсойлик ёшлар ташаббус кўрсатиб, мудофаа фондига  бир суткада 150 минг сўм пул, юз жуфт иссиқ кийим ва пойафзаллар топшириб, ғалаба учун 58 гектарга ғалла экканлар. "Коммуна" колхози раиси, райком котиби, Қўқимбой қишлоқ матлубот жамияти, ўқитувчилардан  Роҳатжон Мўминова , Муҳаммаджон Нуралиев 1,5 минг сўмдан то 5 минг сўмгача ўз шахсий жамғармаларидан пул маблағларини мудофаа фондига тақдим этганлар. "Ленин йўли" колхози раиси Тўлабой Қаюмов  фронтга  20 тонна қуруқ мева ва кўплаб совға-саломлар юборди. Бундай ватанпарварлик ва саховатпешалик ташаббуслари туманда кенг қулоч ёйди. Маълумки, пахта нафақат тўқимачилик, балки озиқ-овқат саноатлари, ҳарбий саноатнинг ҳам муҳим хом ашёси ҳисобланади. Экин майдонларини кенгайтирмасдан пахта ва бошқа қишлоқ маҳсулотлари ҳосилдорлигини кўпайтирмасдан туриб, фронтни қурол-аслаҳалар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мушкул эди. 1941 йилнинг охирида  Чуст, Косонсой, Тўрақўрғон туманлари жамоа хўжаликлари аъзолари бўш ва қақраб ётган ерларга сув чиқариш, суғориш тармоқларини кенгайтириш, мўл-кўл ҳосил етиштириш мақсадида канал қуриш ташаббуси билан чиқдилар. Вилоят раҳбарияти "Чуст канали қурилиши тўғрисида" махсус қарор қабул қилиб, бу ташаббусни маъқуллади.1942 йилнинг қиш-қировли январь ойида  канал қурилиши бошлаб юборилди ва чинакам халқ қурилишига айланди. Вилоятнинг 40га яқин жамоа хўжаликлари аъзоларининг изғирин совуққа қарамай, мисли кўрилмаган қаҳрамонона, жасоратли,  матонатли ва фидокорона меҳнатлари эвазига 4 ойда каналнинг биринчи навбати ишга туширилди. 1943 йилга келиб эса Косонсой ва Чуст туманларида 4 минг гектар ерни суғориш имкони яратилиб пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилди.

Уруш йилларида 165 миллион куб метр сув сиғимига эга Ўрта тўқай сув омборининг қурилиши ҳам чинакам зарбдор қурилишга айланган. Таниқли ижодкор, шоир, Турон фанлар академиясининг фахрий аъзоси Аълохон Бобохонов кўз ёшлари тўкиб , ғам-андуҳ ва эҳтиросларга тўлиб-тошиб, қуйидаги фикрларни гапириб берди: "Меннинг отам Бувахон Эшонхўжаев ўз тенгдошлари Муродхон , Баходирхон, Шарифбой,  Хамитжон  каби 30 нафар ташкилотчи жўралари билан биргаликда битта от арава ва туя билан дастлабки тайёргарлик ишларини бошлаган экан. Косонсой сув омборида 1943 йилда 195 метр кенглик ва 60 метр баланликдаги тўғонни қуриб 10 миллион куб метр сувни жамлашда халқ ҳашарини ташкил этиб, ҳашарчиларга  озиқ-овқат етказиб бериш ва маданий-маиший шарт-шароитлар яратиб беришга бош-қош бўлиб, жонбозлик кўрсатган. 1953 йилда эса 100 миллион куб метр сув жамланиб, катта халқ сайли ўтказилган. Мен ҳам бошланғич синфларни сув-омбори қурилиши даврида ўқиганман. Халқимизнинг нақадар меҳнатсевар, фидойиликларини, қийинчиликларни мардонавор енгишига ўз кўзим билан гувоҳ бўлганман".

Ҳа, дарҳақиқат ҳар иккала обиҳаёт манбалари асосан қўл кучи билан, кетмон, белкурак, занбил ва усталар ясаган ғалтакаравалар билан бунёд этилган. Техника уруш ўрталари ва урушдан кейин келтирилди.

Бундай тарихий лаҳзаларни келтиришдан мақсад шуки, бугунги ёш авлод ва келажак авлодлар ота-боболаримиз ва аждодларимизнинг ақл бовар қилмас даражадаги фидоийлиги, Ватанга садоқати, унинг равнақи ва бугунги доруломон кунлар учун қилган шавкатли меҳнатларини англаб, уларга муносиб ворис бўлиб қолишларида холос.

Кўз ёшлари дарё бўлиб оққан, чимилдиқда тул қолган, ўн гулидан бир гули очилмаган келинчаклар ва қиз жувонлар, юрак бағри қон бўлган, кулча нон тишлатиб ўз фарзандию жигаргўшасини фронтга кузатган онаизорларнинг оҳу-фиғонини, дарду-фироқини, армонларини  унутиб бўладими, ахир? Улар эндиликда жанг майдонларидан келган, кимларнингдир сандиғида онадан болага, боладан набираларга ўтган-сарғайган, ҳали ҳануз сақланаётган хат-мактубларда энг муқаддас хотира сифатида яшаб келмоқда.

Маълум ва номлари номаълум аскарлар учун бунёд этилган "тоштахта"лар - хотира майдонига ташриф буюрган қуйидаги туйғулар юрагимни тирнайди, ҳар гал.

Тошбитик...

"Мангу олов" - ёниқ хотира!

Таниш - нотанишлар хоки бор бунда.

Эй она, эй сингил, қизлар бокира:

Меҳрингиз аяманг, гул қўйинг кунда!

Баҳорни келтиринг ҳайкал "пойи"га,

Ҳам ҳар тонг қушларни сайратиб қўйинг!

Эслатинг булоқнинг оқишин сойга,

Ёрингиз суйгандек, бир бора суйинг!

"Севги нима"лигин билмагандир У?!

Балки, илк бўсадан оташ қолгандир?!

Уни олиб кирган жанг-га шу туйғу:

Шу - чун ғанимлардан қасос олгандир?!

Дейдилар:

           -Хотира тириклар учун!

Хайриятки, эслаш бор - сақлаймиз ёдда.

Номаълум аскарга шараф-шон бу кун,

У- тирик! Биз билан яшар ҳаётда...

 

Ҳ.Абдуллаев, сиёсатшунос-педагог, меҳнат фахрийси,

М.Акрамов, "Косонсойнома" нинг махсус мухбири,

А.Бобохонов, меҳнат фахрийси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.