Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган янги тизим - "Обод қишлоқ" дастури бўйича Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида бошланган кенг кўламли ишлар Ўзбекистоннинг барча қишлоқлари қатори туманимизда яшовчи аҳолининг кайфиятини кўтариб, уларни ҳам бунёдкорликка чорламоқда.

Бу хайрли ташаббус туманимиздаги Қозоқовул қишлоғида бошланди.

Ўтган ҳафта вилоят ва туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳи мазкур ҳудуднинг инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларининг ҳолатини ўрганиб, халқ билан мулоқот уюштирди. Қишлоқда мавжуд муаммоларни ўрганди. Шу асосида дастур тузилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида қишлоқда қурилиш нормалари ва санитария талабларига жавоб бермайдиган таъмирталаб уйларда яшовчи оилалар рўйхати шакллантирилади.

Кейинги босқичда кенг жамоатчилик ва фаол ёшларни жалб этган ҳолда манфаатдор ташкилот ва идоралар билан бирга абгор аҳволдаги уйларни таъмирлаш ва ободонлаштириш мақсадида ҳашарлар ташкил этилади.

Белгиланган "Йўл харитаси"га асосан аҳоли хонадонларида замонавий турмуш шароити яратиш, коммунал соҳалардаги муаммоларни бартараф этишга эътибор қаратилади. Шу мақсадда Қозоқовул маҳалласидаги 467 та хонадоннинг ҳолати ўрганилиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгиланди. Аввало, барча уйларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш чоралари кўрилмоқда. Хонадон эгаларига уй-жойини замон талаблари даражасида таъмирлаш учун лойиҳалар тақдим этилади. Табиий газ, электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Эски, яроқсиз симёғочлар янгисига алмаштирилади ва янги тармоқлар тортилади. Боғ, Рангинкамон, Мададкор, Зиёли, Сойбўйи, Олтин водий кўчаларида трансформатор ва ҳаво тармоқлари таъмирланади, аксарияти янгисига алмаштирилади.

Юқори ва ички газ тармоқлари мукаммал таъмирланади, Бешқўрғон кўчасидаги 107 та хонадонни суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжи аниқланиб, газ баллонлари билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари қишлоқ йўллари мукаммал таъмирланади, ёритиш чироқлари ўрнатилади, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида кенг кўламли ободончилик, таъмир-қурилиш ишлари амалга оширилади.

Қишлоқнинг кенг далаларида баҳор нафаси уфурмоқда. Бу йилги кўклам қозоқовулликлар учун хайрли, эзгу ишларга бой бўлиб, қишлоқнинг ҳар  бир фуқаросига кўтаринки кайфият бахш этмоқда. Чунки улар замонавий турмуш шароити яратишга астойдил бел боғлашди. Ҳамма-ҳамма ўз хонадони, қишлоғи обод ва кўркамлиги учун енг шимариб ишга киришди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.