ЭҲТИРОМ

Туманимизда 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди.

Онани, аёлни эъзозлаш халқимиз учун маънавий қадриятдир. Баҳорнинг илк кунларида Халқаро хотин-қизлар кунини кенг нишонланиши ҳам юртимизда аёлларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.

Хусусан, туманимизда  ҳам бир қутлуғ сана умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди.

"Ўзбегим" мажмуасида ўтказилган байрам тадбирига турли соҳаларда меҳнат қилаётган илғор ва фаол аёллар, меҳнат фахрийлари, мўътабар онахонлар таклиф қилинди.

Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Ж. Юлдашев хотин-қизларни байрамлари билан самимий муборакбод этди. Илғор ва фаол хотин-қизларга туман ҳокимининг ташаккурномаси, бир гуруҳ фахрий аёлларга пенсия гувоҳномалари тантанали равишда топширилиб, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Туман маданият уйи санъаткорлари концерт дастури байрамга ўзгача файз киритди.

 ЭЪТИБОР

Кейинги йилларда юртимиз хотин-қизларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ҳар қачонгидан кучайди. Айниқса, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, кам таъминланган кўп болалари оилаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, хотин-қизлар турмуш шароитини янада яхшилаш, муаммоларини тезкорлик билан ўз жойида ҳал қилиш каби эзгу ишларга эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аҳволи чуқур ўрганилиб, уларга зарур ижтимоий ёрдам йўналтирилмоқда. Жумладан, Қорасув маҳалласида яшовчи, 4 фарзанднинг онаси М. Бурхонова, Гулистон МФЙ фуқароси М. Дадахонова, Шерозий МФЙда яшовчи М. Абдуллаева каби 65 фуқарога ҳомийлар томонидан уй жиҳозлари, кийим-кечак, озиқ - овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бу оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шерозий маҳаллалик З. Юсубжонова ўзига муносиб иш жойига эга бўлганлиги учун ташаккур билдирган лаҳзалар хотирамиздан асло ўчмайди. Муҳими, оиланинг яна бир аъзоси ишлаб, даромад топиш имкониятига эга бўлди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Халқ қабулхонасига жами 865 нафар фуқаро мурожаат қилди. Аксарият мурожаатлар жойида ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда.

Т. Муйдинова,

Халқ қабулхонаси мудири.

 ЭЪЗОЗ 

Аллоҳ таоло ўз бандасига хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ у аёл ҳаммага бирдай яхшиликни хоҳлайди. Динимизда ҳам аёлларга жуда катта эътибор қаратилган. Шунинг учун ҳам ислом динида эркак билан аёлнинг ҳаққи бир хил

Аллоҳ таоло аёлни нозик дид билан гўзал бир шаклда яратди. Аёлларимизнинг бундай зийнатли бўлиб дунёга келишлари Ҳавво онамиздан меросдир. Аёлни улуғловчи эътирофу таърифлар бисёр. Унинг гўзаллигини гулга, баҳорга  ўхшатамиз. Меҳрини қуёш тафтидан ҳам ҳароратли, дея таърифлаймиз.

Аёл азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Аёл деганда, кўз ўнгимизда, аввало, улуғ ва табаррук она сиймоси гавдаланади.

Аёни ардоқлаш... Бу борада ҳам мўйсафед Шарқ - яктои оламдирким, мозийдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Чунончи Соҳибқирон Амир Темур ҳар бир ишни Бибихоним билан бамаслаҳат саъй этган.

Истиқлол йилларида юртимиз хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузи ошди. Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, уларнинг турмушини яхшилашга эътибор кучайтирилмоқда. Аёлни, онани асраш замирида фарзандларни, наслни, охир-оқибат, миллатни асраш мақсади мужассамдир.

Барча аёлларни байрам билан қутлаган ҳолда уларга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, тарк этмас бахт-саодат тилайман.

Б. Мирфайзиев,

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг тумандаги вакили.

ЭЪТИРОФ

Жамиятда хотин-қизлар мавқеа ва уларнинг ижтимоий фаоллиги ортиб бормоқда. Бугун қай бир соҳани олманг, хотин-қизларнинг фаол иштирокини кузатиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, бугунги хотин-қизларимиз нафақат хонадон бекаси, меҳрибон она, балки жамиятимизнинг ишончли таянчи, меҳр-оқибат рамзига айланди.

Мактабимизда бундай хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Улар таълим-тарбия сифатини замон талаблари даражасига кўтариш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

Хотин-қизлар байрами муносабати билан бундай аёлларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Айём муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирга меҳнат фахрийлари, ибратли оилалар вакиллари таклиф қилинди.

Мактаб бадиий ҳаваскорлар тўгараги аъзолари она, аёл, баҳор, она Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар ижро этишди.

 

М. Жўраева, Г. Маннонова,

6-мактаб ўқитувчилари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.