Машҳур инглиз ёзувчиси Ог Мандино ўзининг “Яхши яшаш сири” номли китобида қадимий халқлардан қолган бир матални келтиради:

Мих йўқ эди,

От оқсаб қолди.

От оқсади,

Сардор ўқ еди.

Сардор ўлди,

Қўшин енгилди.

Ёв шаҳарга кирди,

Қилди кўп қирғин,

Нега?

Тақачида мих йўқлиги учун. 

Кучли мантиқ асосида яратилган ушбу маталга ортиқча изоҳ беришнинг ҳожати йўқ.

Ҳар биримиз бирор юмуш билан кўчага отланар эканмиз, албатта автоуловга чиқамиз. Юртимизга кўз тегмасин . Бугун кўчаларимизни тўлдириб юрган  бир-биридан замонавий автомобилларни кўриб кўзинг қувнайди, дилинг яйрайди.  Мен ҳам ҳар кун эрталаб ана шу автоуловлардан бирига ўтириб ишга бораман.  Ўзим ўтирган машина ҳайдовчисига кайфиятимни янада яхшилаб олиш мақсадида бирор бир қўшиқ қўйишини илтимос қиламан. (Ахир ота-боболаримиз эрталабдан қандай кайфиятда йўлга чиқсанг, бутун бир кунинг шундай ўтади деб бежиз айтишмаганку). Шу пайтда яхши қўшиқ эшитсанг ўз-ўзингдан қувонасан, дилинг ором олади.

Минг афсуски, айрим  ҳолларда янграётган қўшиқни эшитиб, хунобим ошиб, тепа сочим тикка бўлиб кетай дейди. Касбим, қолаверса, ҳар бир сўз сеҳрини тўла англаган инсон сифатида  дарров қўшиқнинг матнини таҳлил қилишга киришиб кетганимни сезмай ҳам қоламан. Ҳаёлимда қўшиқларда янграётган сўзларнинг маъносини  чақиб кўришга интиламан.      

Минг таассуфлар бўлсинки,баъзи ёш қўшиқчилар томонидан сўзларни ноўрин қўлланиши  ва бу орқали адабий тилимиз софлигига путур етаётгани исбот талаб қилмайдиган бор гап. Фикрларимни айрим мисоллар билан тўлдирмоқчиман. “Уммон”  гуруҳининг “Узилди сўнги тола” қўшиғидаги:

Узилди сўнги тола

Бизларни боғлаб турган тола   мисралар тўғрисида  холис туриб  мулоҳаза юритайлик. 

Тилимизда ширин, мазали, хуштаъм каби маънодош сўзлар бор. Ўзбек тили қонунияти кўра маънодош сўзларда ҳар доим бош сўз мавжуд бўлиб, бош сўз англатган маънони бошқа маънодош сўзлар орқали қўллай олмаймиз. Масалан, онам менга ширин тилда гапиради иборасини онам менга хуштаъм тилда ёки онам менга мазали тилда гапиради тарзида қўллай олмаймиз. Мен мавзуни  узоқдан бошлаганим сизда маънодошларнинг асосий вазифаси ҳақида  тассаввур уйғотиш эди.

Энди юқоридаги қўшиқдан олинган парча юзасидан мулоҳаза юритиб кўрайлик. Тилимизда ип, тола, ришта каби маънодошлар мавжуд. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да тола сўзига қуйидагича таъриф берилади: ТОЛА 1. Йигириш , газмол тўқиш ва ш.к.мақсадлар учун ишлатиладиган жуда ингичка, пухта табиий ёки сунъий материал. Ипак  толаси. Жун  толаси. Сунъий тола. -Биз терган пахтанинг ҳар бир толасин, Ёвузлар бўйнига айлагил сиртмоқ. Ғайратий. 2. Соч, соқол кабиларнинг ҳар бир мўйи. Уни қучоқлаб ўпгиси, ҳар бир  толаси оғир меҳнат, алам билан суғорилган оппоқ соқолини кўзларига суртгиси келди. Ойбек, Танланган асарлар. 3. Кам қўлл. Кокил, зулф. 4. Кўчма. Умуман, толага ўхшаш нарса ҳақида. Ўргимчак тўқир оқ moлa , хонқизи боради меҳмонга. Ш. Раҳмон. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”  “Ўзбекистон миллий энциклопедияси ” Давлат илмий нашриёти,Тошкент, 2006.

Демак, ўз-ўзидан кўриниб турибдики,  тола сўзи ўрнида  инсонларни бир-бирига дўстлик, меҳр,  муҳаббат туйғулари орқали боғлаб турадиган ришта сўзи қўлланиши мақсадга мувофиқ бўларди. Ана ўшандагина сўз ўз ўрнида қўлланган ва унинг таъсирчанлиги ошган бўлар эди.

Яна бир мисол, ўзига “Жаноб Расул” деб тахаллус қўйган қўшиқчининг қўшиқларидан:

Ола кўз, қора кўз

Санга умуман йўқ сўзМисраларига дуч келамиз.

Қадим- қадимдан ижод аҳли у шоир бўладими, санъаткор бўладими ёрни таърифу тавсиф қилар экан, унинг кўзларини оҳунинг шаҳло кўзларига қиёслайди. Ана шу қиёслаш орқали ҳар бир  ижодкор ўз ёрининг гўзаллигини янада бойтиш билан бир қаторда унга ҳурмат ва эҳтиром билан мурожаат этади. Бадиий адабиётда кўз ёрнинг энг гўзал ва ошиқнинг ўзига ҳамиша чорлаб турувчи тимсол ҳисобланади.

Зеро, севимли шоиримиз Эркин Воҳидов. “Йўқ эмиш орзуда айб” шеърида кўз ҳақида қуйидагича фикр юритади:

Жоду кўзлар банди ёлғиз,

Сен эмас, тутқин юрак.      

 “Жаноб Расул” эса, бу ўринда ўз ёрига ҳурматсизлик ва беписандлик билан мурожаат қилаётгани кишини ажаблантиради. Зеро, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да :

Ола  кўз,  олакўз  1)  чақчайган  катта  кўз;2)  шундай  кўзли  киши.  «Элмурод  атрофига қараган  эди..  олакўз завхоз ҳам  саҳна  олдида томоша  қилиб  турганини  кўрди-ю,  ўзининг бор-йўқлигини унутди». П. Турсун, Ўқитувчи. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”  “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти,Тошкент, 2006.

Кўринадики, олакўз салбий маънода қўлланадиган сўз ҳисобланади. 

Ушбу қўшиқчининг бошқа бир қўшиғидаги жумла кишини янада ҳайратга солади:

Узоқдан бир анжир келар,

Келар соллана соллана.

АНЖИР ғф. - анжир) 1 Тутдошлар оиласига мансуб, сутсимон ширадор, шапалоқ баргли ўсимлик. Бир ёмон анжир кесар, икки ёмон занжир кесар. Мақол.

 Анжир бўлмоқ (ёки анжири чиқмоқ) жисмонан қаттиқ эзилмоқ. Автобус тиқилинчида анжир бўлган одамни қандай ўзига келтирса бўлади. «Аския»дан. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”Давлат илмий наш-         риёти, Тошкент, 2006.

Ҳар бир ошиқ ўз маъшуқасининг қадди-қоматини ҳамиша тик ўсадиган сарвга ўхшатади. Бу қиёс орқа-ли ёрнинг чинданда гўзал эканлиги ва ошиқ ҳам бежизга бу маъшуқасини интизор бўлиб кутмаганлиги аён бўлади. Ёрнинг дуркун қоматини анжирга ўхшатиш эса, қадимдан халқимизга хос бўлган покиза муҳаббат туйғусини топташдан ўзга нарса эмас.

Ҳурматли ўқувчи, юқоридаги каби мисолларни яна анчагина қалаштириб ташлаш мумкин. Аммо бу билан масала ечим топармикин? Мен сўзим аввалида Ог Мандино китобидан келтирилган матал ҳақида бежизга оғиз очмадим. Зеро, бугун арзимаcдек туюлган бу каби салбий камчиликлар, асрлар  давомида дунё тамаддунига бешик бўлиб келган буюк бир халқнинг маънавиятига, айниқса, ёшлар орасида тилимизга бўлган эътиборни сустлашиб кетишига путур етказиши табиий. Ўзбек адабий тили азал-азалдан маъно жилолари ва жозибаси билан дунё тиллари орасида  ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиб келган. Тилимиз софлигига раҳна солишга  ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Яна қайта такрорлашдан ҳеч чарчамайман: ҲЕЧ КИМНИНГ ҲАҚҚИ ЙЎҚ.

Дилшод ИсаҚов,

Косонсой тиббиёт коллежи она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.