Конституциямизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган (41-модда).

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичга кўтарилди. Батамом янгиланган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини йўлга қўйилгани, янги ташкилот томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгилангани мамлакатимизда алоҳида воқеа сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, Ёшлар иттифоқи дастурида имконияти чекланган ёшларни алоҳида эътиборга олингани эътирофлидир.

Президентимизнинг жорий йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ногиронларга ғамхўрликнинг яна бир намунаси бўлди.

Болалигимда автоҳалокат туфайли ўнг оёғимдан ажралиб, II-гуруҳ ногирони бўлиб қолгандим. Руҳим чўкиб, тушкун кайфиятда юрган бир пайтимда ЎзХДП вилоят кенгаши «Истиқбол» ёшлар қанотининг бир гуруҳ фаол ёшлари мени йўқлаб келишди. Уларнинг руҳий-маънавий мадади, астойдил қўллаб-қувватлашлари туфайли ҳаётга бўлган муҳаббатим, келажагимга ишончим ортди. Яқинларим кўмаги ва мамлакатимизда мен каби ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар олға қадам ташламоққа ундади. Параолимпиянинг сузиш тури билан шуғулланиб, икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Инглиз тилидан IELTSдан 6 балл олишга эришдим, шунингдек, бадиий ижод билан шуғулланиб, қатор ютуқларни қўлга киритдим.

Муваффақиятлар мени Наманган Давлат университети томон бошлади. Имтиҳон натижалари бўйича университетнинг иқтисодиёт йўналишига қўшимча тўлов контракт – шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим.

Контракт-шартномада белгиланган маблағни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳисобидан тўлаб берилгани қувончимга қувонч қўшди.

Тенгдошларимга қарата шуни айтаманки, улкан марраларни кўзлаб интилинг. Чунки бизнинг ортимизда меҳрибон ва ғамхўр Ватан турибди.

Ж.Абдуллаев,

Наманган Давлат университети 1-босқич талабаси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.