Мамлакатимизда кексалик ва у билан боғлиқ ижтимоий жараёнларга жамият ривожланишининг муҳим ижтимоий масаласи сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёши улуғ инсонларга ҳурмат – эҳтиром, меҳр – оқибат кўрсатиш, маънавий ҳаётимиз ва қадриятларимизнинг ажралмас қисмидир, уларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, юксак маънавият белгисидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил  28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний»  жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб - қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий – сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини янада оширишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Фармонга асосан ҳокимликлар томонидан ҳар йил икки марта «Маҳалла» хайрия фонди, бошқа давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда «Нуроний»  жамғармаси бўлимлари раҳбарлари, уларнинг фаоллари иштирокида кексаларни ижтимоий қўллаб - қувватлаш, ёшларни тарбиялаш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, шунингдек «Нуроний» жамғармаси бўлимлари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш бўйича келгусидаги қўшма чора-тадбирларни муҳокама қилишни ўтказиш амалиёти жорий қилинган.

Туман ҳокимлиги мажлислар залида ана шу масалага бағишлаб йиғилиш ўтказилди. Унда туман ҳокими в.б., «Нуроний» жамғармаси туман бўлими бошқаруви кенгаши раиси Ж. Юлдашевнинг жамғарма туман бўлимининг ўтган даврдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда туманда кексалар турмуш сифатини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб - қувватлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда оилаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёши кекса фаолларни муаммоли оилаларга биркитиш, ёлғиз ва муҳтож кексаларга ижтимоий ва моддий кўмак кўрсатиш каби вазифаларнинг ижроси чуқур таҳлил этилди.

Ҳар бир маҳаллада жамоатчилик тартибида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари-кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилди. Махдуми Аъзам номли маданият ва истироҳат боғида «Нуронийлар маскани» комплексининг бунёд этилиш нуронийларимиз учун муносиб совға бўлди. Бу ерда ўқув зали, ҳордиқ, даволаш физкультураси, овқатланиш ва тиббий хоналар ташкил этилган бўлиб, кексаларимизга узлуксиз хизмат кўрсатмоқда.

Ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга тиббий – ижтимоий ёрдамни янада яхшилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Пенсияга чиқадиган ходимларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, уларга зарур моддий ва ижтимоий кўмак бериш, якка – ёлғизлардан хабар олиш, байрамларда уларга совға-саломлар улашиш, маиший муаммоларини ҳал этиш, шифохона, санаторияларда соғломлаштириш каби хайрли ишлар изчил йўлга қўйилмоқда.

Ҳисобот юзасидан музокараларда меҳнат фахрийлари Ҳ. Абдуллаев, А. Мирбобоев сўзга чиқдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А. Саидов сўзга чиқиб, мамлакатимизда фахрийларнинг ижтимоий – сиёсий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш, бунинг учун яратилаётган шарт-шароитлар, кексаларимизнинг ёшларни ватанга муҳаббат, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш каби ижтимоий фаолиятга жалб этиш бўйича амалга оширилаётган улуғвор ишлар ҳақида тўхталиб, бу борада келгусидаги вазифаларни белгилаб берди.

Анжуман бир гуруҳ фуқароларнинг пенсияга кузатиш маросимига уланиб кетди. Уларга туман ҳокимлиги, «Нуроний» жамғараси туман бўлими, корхона ва ташкилотларнинг ташаккурномаси, қимматбаҳо совғалари тантанали равишда топширилди. Уч нафар ногирон фахрийга ногиронлик аравачаси берилди. Шунингдек, бир гуруҳ фаол фахрийлар ҳам рағбатлантирилди.

Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари П. Маткаримов, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси И. Нажмиддинов қатнашди.

А.Олимов, М.Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.