Истиқлол шарофати билан она  юртимизда тарихий саналар, айёмларни ўзгача тайёргарликлар билан нишонлаш анъанага айланди. Мамлакатимиз Президентининг  «2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарори халқимизнинг азалий байрами-Наврўз айёмини юксак савияда нишонлашга хизмат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида энг қадимий ва асл миллий байрамимиз Наврўз билан бирга кўплаб анъана, урф-одатларимиз, қадриятларимиз ҳам қайта тикланди. Шу боис ҳам халқимиз Наврўз айёмини орзиқиб кутади ва миллий байрам сифатида ардоқлаб нишонлайди.

Қарорда таъкидланганидек, миллий байрамнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири, жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, кексаларга эъзоз ва эҳтиром, кичикларга иззат кўрсатиш, одамийлик, яхши қўшничилик, хайр-саховат, бағрикенглик ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришда Наврўзнинг моҳияти ва аҳамияти катта.

Ўқув даргоҳлари, маҳаллаларда байрам муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда миллий байрамимиз тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ  урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг кенгроқ тарғиб қилиш ҳам долзарб вазифамиздир. Ўтказилаётган бундай маънавий-маърифий тадбирларимиз одамларни ҳаётни қадрлаб, шукроналик ҳисси билан яшашга даъват этишига шак-шубҳа йўқ.

-Ўлкамизга баҳор, Наврўзи оламнинг ташрифи дилларга ўзгача кайфият, хушнудлик бахш этмоқда, -дейди меҳнат фахрийси Қодирхон Эшонов.- Маҳалламиз хонадонларида баҳорий неъматлар-сумалак, ҳалим, кўксомса каби тансиқ таомлар пиширилиб, ҳамма-ҳамма-қўни-қўшнилар, ёру биродарлар бир-бири билан баҳам кўрмоқда. Ёшлар биз кексаларни зиёрат қилишни канда қилишмаяпти.

Баҳор, Наврўзга етказганига шукр, осмонимиз ҳамиша мусаффо, тинч-тотувлигимиз абадий бўлсин.

Бугун ким билан суҳбатлашмайлик қалбида Наврўз шукуҳи, дили ва тилида шукроналик ҳисси намоён.

Наврўз-яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи. Маҳаллалар, қишлоқларимизда ҳашарлар, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

Айниқса, кўчат бозорлари одамлар билан гавжум. Тўқсон ёшни қоралаб қўйган Турсун бобо набираси билан бозорни айланиб, икки туп ўрик кўчати харид қилди.

-Бобо, адирдаги боғингиз ҳосилга киргандир, сув муаммо бўлмаяптими,-дея саволга тутади Абдурауф ака.

-Халқимизнинг феъли барчага аён. У ерни, табиатни жонидан ортиқ севади. Дўпписида  сув ташиб бўлса ҳам дарахт кўкартиради,-дейди унга жавобан Турсун бобо.

Ҳа, Наврўз келиши билан инсон умидлари ҳам куртак очади. Турсун бобо сингари нуроний қарияларимизнинг умр йўли барчамиз учун ибрат.

Мўътабар айём арафасида кексалар, ногиронлар, беморлар ҳол-аҳволидан хабар олиш меҳрибон ва меҳмондўст халқимизга хос фазилат. Бундай яхшилик ва эзгулик руҳи билан суғорилган тадбирлар кундан-кунга кенг қулоч очаётгани ҳам шундан далолат беради.

Муҳаммад АКРАМОВ, туман Кенгаши депутати.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.