Наврўз - миллий қадриятимиз, яхшилик ва эзгулик элчиси. Бу байрамни азал-азалдан нишонлаб келган халқимиз меҳр-оқибатлилиги билан дунёда ном қозонган. Шу ўринда кўрган - билганларим ҳақида мисоллар келтирмоқчиман. Раҳматли катта бувим ҳар гал овқат пиширгандан сўнг олдини қўни-қўшниларимизга илиниб турарди. Қўни - қўшничилик ришталари ниҳоятда мустаҳкам эди.
Бир кун бир - бирларини кўришмаса худди бир нарсасини йўқотиб қўйгандек ўзини бехаловат сезарди. Нон ёпганида ҳам дастлаб бир донасини маҳалламиздаги ёши катта мўътабар онахонга бериб келишимизни айтарди. Ҳозирчи?! Биз ёшлар ота-боболаримизнинг ана шу анъана ва қадриятларини тўлалигича давом эттира олаяпмизми? Бу саволга жавоб беришга бироз қийналаман. Баъзан болаларининг ўртасига тушиб, бир-бирини маломат қилаётган қўни-қўшнилар бир кун келиб ўша болакайларнинг бир умр девор-дармиён яшашларини унутиб қўядилар. Ўртадаги меҳр-оқибат ришталарини узиб қўйишганини сезишмайди. Ота-боболаримизни умрбоқий анъаналарини давом эттирайлик. Шундай қилсак ҳаётимиз бундан-да гўзал ва фаровон бўлади.
Л.АбдураззоҚова.