Серқуёш ўлкамизнинг қайси бир гўшасига борманг, шу кунларда кўкламона байрам – Наврўз шодиёналари кенг нишонланаётганига гувоҳ бўласиз. Шаҳар ва қишлоқларимизда ҳам  янгиланиш ва яшариш айёмига бағишланган тантаналар одамлар қалбида  меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат ришталарини янада мустаҳкамлади. Энг аввало, азалий миллий қадриятларга биноан юртдошларимиз    бир-бирларини йўқладилар, кексалар ва кам таъминланган оилалар   ҳолидан хабар олдилар. Бундан ташқари, байрам арафасида одатдагидай ҳашарлар ўтказилиб, катта ҳажмда ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

Озод ва ҳур диёримизнинг энг хушманзара ва сўлим масканларидан бири бўлган тоғолди туманимизда ҳам шундай бўлди. Хусусан, 11-12 март кунлари ташкил этилган умумхалқ ҳашари юксак кўтаринкилик билан ўтди. Ҳудудлари тартибга келтирилмаган, супуриб-сидирилмаган биронта маҳалла қолмади.

 Ҳашарнинг ҳақиқий кўламини тасаввур қилиш учун айрим рақамларга мурожаат қилиш кифоя. Меҳнат байрамида қатнашганларнинг сони 150 минг нафардан ошиб кетди. Улар кучи билан 209 гектар майдонда ободонлаштириш ишлари бажарилди. 166 километрдан ортиқ узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланди. Барча қабристон ва зиёратгоҳлар ҳудудлари тартибга келтирилди. 136 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт, турли навлардаги гул кўчатлари ўтқазилди. Кам таъминланган 189 оиланинг уй-жойлари беғараз таъмирлаб берилди. 200 нафарга яқин  боқувчисини йўқотган, ногирон ва якка-ёлғиз фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Ҳа, қадимдан кўнгли очиқ ва бағри кенг ҳисобланмиш туманимиз аҳли баҳор шодиёналарини мана шундай эзгу ишлар билан кутиб олдилар. Яна бир эътиборли жиҳати – бу йилги кўклам байрами давлатимиз раҳбари  Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига асосан умумхалқ сайиллари тарзида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. Туман миқёсидаги тадбир ўтказиш учун эса Қорасув даҳасидаги қир-адирлар танланди. Азалий анъанага биноан туманимиз раҳбари  Наврўз арафасида маҳалла оқсоқоллари, фахрийлар, фаоллар, корхона ҳамда муассасалар, жамоат ташкилотлари вакиллари билан маслаҳатлашиб, шундай қарорга келдилар.

– Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор, - дейди туман маданият бўлимининг мудири Ҳурматой Қудратова. – Чунки қадимдан шарқона Янги йилнинг бошланиши катта сайилгоҳларда, боғ-роғларда, чорбоғларда, далаларда, лолаларга бурканган қирларда ва муқаддас қадамжолар атрофида тантана қилинган. Бундай   сайиллар она-табиат уйғонаётган  паллада одамларга беқиёс руҳий, маърифий, маънавий қувват бағишлаган. Бир тарафи тоғларга туташган Қорасув адирларининг халқ сайиллари ўтказиш учун қўйиладиган талабларга тўла жавоб бериши эса аввалдан аниқланган эди.

Шундай қилиб, ўтган шанба куни туман марказидаги асосий чорраҳадан шарққа, яъни Қорасув даҳаси томон бошланадиган йўл юзлаб машиналар билан гавжум бўлди. Уларнинг аксарияти байрамона либослардаги сайил қатнашчилари билан тўлган эди. Тадбирнинг тартибли ўтказилишига ички ишлар органларининг ходимлари ҳам катта ҳисса қўшдилар. Уларнинг таклифларига кўра сайилгоҳ атрофида ўндан ортиқ муваққат автотураргоҳлар ташкил этилди. Бу эса ортиқча тирбандликнинг юзага келишига йўл қўймади.

Биз Қорасувдаги сайилгоҳга етиб келганимизда ҳали соат саккиз ҳам бўлмаган эди. Ҳатто ҳавонинг авзойи бирмунча тунд бўлишига қарамай, одамларнинг руҳи жуда баланд. Кўпчилик фарзандлари билан бирга келишган. Кекса отахон-онахонлар эса невара-эвараларини етаклаб олишган.   Чор атрофда баҳорий кайфият, руҳий янгиланиш, меҳр-оқибат, яратувчанлик ҳамда бунёдкорлик ғояларини ўзида акс эттирган шиорлар ва паннолар.

Киши диққатини дарҳол тортадиган яна бир ҳолат – даҳа устидаги осмон баҳор элчилари ҳисобланмиш варраклар билан тўла. Уларни ердан туриб           бошқараётган болажонларнинг    хурсандчилигини айтмайсизми? Бунинг бошқа сабаби ҳам бор. Энг фаол ва уста  варракчилар махсус кўрик-танловнинг  ғолиблари сифатида сайил ташкилотчилари таъсис этган мукофотларга сазовор бўладилар.

Уммон узра сузиб бораётган иккита улкан кемани эслатувчи даҳанинг қарама-қарши минбарлари – яъни тепаликларда корхона-ташкилотлар, ўқув муассасалари, маҳаллалар вакиллари ўрин олишган. Уларнинг кўпчилиги ёмғир ёғиши эҳтимолини назарда тутган ҳолда чодирлар остида жойлашишган. Дошқозонларда сумалак пиширилмоқда. Тумандаги ўнлаб таниқли ошпазлар эса байрам қатнашчилари дастурхонига палов тортиш тадоригида.

Чексиз футбол майдонини эслатувчи пастликдаги саҳнада эса сон-саноқсиз ўйингоҳлар. Улардан бирида туманнинг ёш спортчилари кўргазмали чиқишларни намойиш этмоқда. Ёнма-ён ўрин олган “гилам”ларда эса миллий кураш ихлосмандлари бўлган полвонлар беллашуви қизғин тус олган. Четроқда  улоққа ҳозирлик кўраётган чавандозлар отларини совутмоқдалар. Ҳа, ҳали уларга кўп пишқириб чопишга тўғри келади. Арқон тортиш, хўроз ва қўчқор уриштириш, “Оқ теракми, кўк терак” каби халқ ўйинлари ҳам авжида. Ҳунармандларнинг кўрик-танловлари, аскиячиларнинг баҳслари ташкил этилган давраларга  одам сиғмайди.

 Сайилгоҳнинг марказида қад ростлаган  баланд дор остида эса Баҳодир Дадахўжаев раҳбарлигидаги “Косонсой дорбозлари” жамоаси ўз маҳоратини намойиш этмоқда. Осмону фалакда лангарчўп билан турли машқларни бажараётган йигитларнинг довюраклигига тан бермасликнинг иложи йўқ. Навбат дор остидаги томошаларга келди. Алпомиш келбат полвонлар бир ва икки пудли тошларни бамисоли ўйинчоқдай юқорига отиб, яна илиб олмоқдалар, яна бошқа қатор машқларни бажармоқдалар. Айниқса, полвонлар дастлаб битта, кейин иккита туяни кўтарганларида мухлисларнинг гулдурос қарсаклари ҳавони тутади. Масхарабозларнинг чиқишлари ҳам  сайил иштирокчиларини бефарқ қолдирмайди. Ичакузди кулгу,  самимий табассумга не етсин!

 Туман ҳокими Баҳодир Юсупов тантана иштирокчиларини ва улар орқали барча-барчамизни байрам билан қутлагандан сўнг маданият бўлими қошидаги бадиий жамоалар тайёрлаган байрам дастури намойиш этилди. Айниқса,  фольклор-этнографик жамоалар ижросидаги  лапар, ўлан, яллалар барчанинг дилини хушнуд этди. Қадимий халқ оҳанглари мумтоз ва замонавий наволарга уланди. Эл севган хонанда Сардор Мамадалиев ижросидаги қўшиқлар ҳам даврага ўзига хос файз бағишлади.

 Айни пайтда савдо расталарида турли нозу неъматлар савдоси авжига чиқди. Тез орада  катта-катта дошқозонларда қайнаётган сумалак пишиб етилди. Кўплаб қозонларда дамланган палов ва бошқа таомлар ҳам   гиламлар тўшалган сўриларда ўтирган байрам иштирокчиларига тортиқ қилинди.

 Қисқаси, Қорасувдаги Наврўз сайли ҳамюртларимизнинг қадимий миллий қадриятларга қандай садоқат билан ёндошаётганликларини яна бир бор намойиш этди. Сайилда қатнашган  юртдошларимиз мана шундай улкан шодиёналарга йўл очиб берган, элимизни тараққиётнинг ёрқин йўлига олиб чиққан  Истиқлолга ҳамду санолар айтдилар. Ким билан суҳбатлашмайлик, ҳамма яқин орада бундай ажойиб ва халқона сайлда иштирок этмаганини таъкидлади.

-Доруломон кунларга етказганига шукур, юртимиз обод, кўнглимиз шод, дастурхонимиз тўкин. Ниятимиз пок бўлганлиги, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли шундай бўлмоқда. Тантаналар умумхалқ сайли тарзида ўтаётгани байрамга ўзгача мазмун касб этмоқда, - дейди меҳнат фахрийси Аҳмадхон Ҳожиев. Байрамни шундай тарзда ўтказилгани ҳаммага маъқул тушмоқда. Айниқса, байрам  дастури ижодкорлари  аждодларимизнинг табиат ҳамда  жамият  ҳақидаги илмий-фалсафий қарашлари, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, халқимизнинг анъаналари, турмуш тарзини бадиий-эстетик шаклларда ишончли ва қизиқарли  ифода этганликларига қойил қолдик. Назаримизда, Наврўз шодиёнасида иштирок этган ҳар бир кишининг руҳиятини янгилади.

 Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.