Субдиҳам. Осойишталик. Баргларнинг майин шитирлаши, сувнинг шилдираб оқиши эшитилади. Аҳён-аҳёнда шўх қушчаларнинг "чуғур-чуғур"и қулоққа чалинади. Мана шундай майин товушлар табиий бўлиб, одамга сув ва ҳаво каби зарурдир. Ёмғирнинг шитирлаб ёғиши, сувнинг шилдираб оқиши, жониворларнинг нағмаси одамни аллалагандай бўлади, ором беради. Ҳа, одам табиий товушларсиз ҳаёт кечира олмайди.

Шовқин-сурон тўлқини кундуз кунлари 50, кечалари эса 40 децибелдан ошмаслиги керак.

Асаб касаллиги, қон босимининг ошиб кетиши, сезги қобилиятини йўқотиш каби тобора тар-қалаётган касалликлар мунтазам шовқин-сурон тўлқинининг оқибатидир.

Яқинда Америкада чиқадиган газеталарнинг бирида қизиқ хабар эълон қилинди. Филадельфияда яшовчи Доротея Ларусо исмли аёл юз ёшга тўлган кунини жуда бардам, соғлом ва хушчақчақ кайфиятда кутиб олди. Журналистлар ундан узоқ умр кўрганлигини ва шу ёшда ҳам шунчалик бардам ва соғломлиги сабабини сўраганларида аёл шундай деб жавоб берди:- "Йигирма беш ёшимдан буён карлигим учун мен шаҳар шовқинини мутлақо эшитганим йўқ. Шунинг учун ҳам узоқ умр кўрдим".

Америка олимлари Федер ва Гудхиллнинг аниқлашича, ҳозирги замон ёшларининг эшитиш органлари фаолияти тобора ёмонлашмоқда. Бунга кучайтиргичлар-колонкалар, турли хилдаги эшитиш мосламалари-қулоқчин, (наушник)лар ва шулар қаторида мобил алоқа воситалари-уяли телефонлар ҳам сабабчидир.

Товуш кучи 90 децибелга етадиган шовқин вақтида кишининг кўриш қобилияти 25 фоизга камаяди. Очилиб турган ниҳол аста-секин сўлади, қурийди, қушлар пат ташлайди, она сигирдан сут қочади, ўқувчи дарсларни ўзлаштиролмайди... 130 децибеллик шовқин кишининг муқаррар касалга чалинтиради. Асаб, юрак ва томирлар, меъда ва ичаклар ишдан чиқади. Давомли уйқусизликдан ҳориган ҳужайра ва тўқималар рак дардига ҳам яқинлашиб қолади.

Катта шаҳарлардаги шовқин-сурон киши умрини 8-12 йилга қисқартиради деган маълумотлар бор.

Матбуотнинг хабар беришича, Буэнос-Айресдаги лабораториялардан бирида шовқиннинг тирик организмга таъсирини ўрганиш борасида қизиқ тажриба ўтказилади. Бир нечта каламуш қаттиқ овоз чиқарувчи радиокарнайлар ўрнатилган ертўлага қўйиб юборилади. Бир неча дақиқадан кейин оқ қаламушлар фалаж бўлиб қолишди, олти соатдан кейин эса жон беришди...

Шовқинлар сунъий йўл билан пайдо қилинганлиги сабабли уларнинг камайтирса  бўлади. Бу йўлда мутахассислар айрим ютуқларни қўлга киритдилар. Масалан, шаҳарларда транспорт воситаларига товушли сигнал бериш манъ қилинган. Янги кўчалар очиш, йўлни текис бўлиши ва кўплаб дарахтлар ўтқазиш каби тадбирлар ҳам ана шундай шовқин кучини камайтиришга қаратилган. Маълумки, сув ва дарахтлар инсон саломатлигининг посбонларидир. Улар чанг, шамол ва шовқинларни тутиб қолади, салқин беради, ҳавони тозалайди. Биргина дарахтнинг ўзи 5,10 ва ҳаттоки 20 децибелгача бўлган товушни пасайтиради. Корхоналарда, жамоат жойларида, ўзаро муносабатларда қўпол гапириш, бақириш, жанжал инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, саломатлигини ёмонлашиши ва иш фаолиятини пасайишига олиб келади.

Модомики, шундай экан: "Бақириш адолат ва куч» деганлар адашади. Зеро, юмшоқлик, хушмуомалалик, мулойимлик билан иш  кўрган киши таҳсинга сазовордир. Чунки:

Ҳар ишда яхшидир юмшоқ сўзласанг,

Яхшимас бошидан жанжал кўзласанг.

Абдулқосим Фирдавсий.

Хушмуомалалик, мулойимлик-ўзаро муроса-мадора қилишдир.

Кимки хушмуомала бўлса камол ва ҳурмат топади.

Кошифий.

Анзират Ғаниева,

Косонсой педагогика коллежи аниқ ва табиий фанлар кафедраси

ўқитувчиси.

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.