Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришда маҳалла институти мустаҳкам таянч ва таъсирчан кучга айланиб бормоқда. Ўз-ўзини бошқарув органлари бугунги кунда нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий, тарбиявий, маънавий аҳамиятга эга кўпдан-кўп масалаларни ҳам ҳал этишда муваффақиятли қатнашмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу жараённи янги босқичга кўтариш учун туртки бўлди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Косонсой туман кенгашининг ташкилий йиғилишида ана шу ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Йиғилишда сўзга чиққан «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари М. Ходжаев, туман ҳокими Б. Юсупов, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши аъзоси С. Мўминов, «Обод» МФЙ раиси М.Носиров, Узунқишлоқ МФЙ раиси А. Маматқулов ва бошқалар Президентимизнинг Фармони фуқаролар йиғинлари фаолиятини янада такомиллаштиришда, уларнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларни, эзгу анъаналарини асраш ва янада ривожлантиришда, фуқаролар ўзини ўзи бошқарув органларининг жамиятдаги ролини кучайтиришда, уларнинг жойларда аҳолига зарур ёрдам берувчи ва кўмаклашувчи тузилмага айланишида муҳим аҳамиятга эга бўлаётганлигини қайд этдилар.
Ташкилий йиғилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи туман кенгаши шакллантирилди. Кенгаш раислигига туман ҳокими Баҳодир Юсупов, кенгаш раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Дилбар Ғайбуллаева сайланди. Шунингдек, раиснинг ёшлар, диний-маърифий масалалар, қариялар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари ҳам сайланди. Ўз-ўзини бошқариш органларининг ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида кенгаш таркибига давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳам киритилди.