Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг жорий йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги Фармойишида давлатимиз раҳбари миллий маънавий меросимизни тиклаш, китоб тарғиботини кучайтиришга катта эътибор қаратиб, «... дарсликлар, махсус бадиий адабиётга бўлган реал эҳтиёжни, уларни бошқа тилларга таржима қилиш, уларбилан ўқув юртлари, кутубхона ва ахборот-ресурс марказларини таъминлаш» каби вазифаларни қатъий белгилаб берди.

Ҳар гал қўлингизга янги китоб олганда, унинг замирида жуда катта заҳмат ва салоҳият ётганига иқрор бўласиз.

Куни кеча юртдошимиз, таниқли журналист, НамДУ катта ўқитувчиси Абдулвоҳид Нуриддинов, шу олийгоҳ катта ўқитувчиси Шермуҳаммад Бегматовлар муаллифлигида дунё юзини кўрган «Маънавият асослари», «Диншунослик»ка оид китоб диққат ва эътиборимизни ўзига жалб этди. Китобда «маънавият»-деган тушунча маъно -мазмуни, моҳияти ва унга боғлиқ бўлган масалаларнинг кўлами концепция даражасида, категориялар, қонуниниятлар асосида таҳлил этилиб, атоқли давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг маънавият бобидаги серқирра илмий, фалсафий, назарий ва амалий фаолияти ўз аксини топганлиги алоҳида эътиборга лойиқдир.

Бозор иқтисодиёти шароитида маънавиятнинг, энг аввало, иқтисодиёт, сиёсат ва ҳуқуқ каби тушунча ва билимлар билан ўзаро боғлиқлиги, бу борада Ибн Сино, Ал-Хоразмий каби буюк алломалар бисотидан келтирилган фикрлар билан бойитилганлиги, эркин демократик фуқаролик жамияти қуришдек олий мақсадга фақат юксак маънавият ва маърифат негизида муваффақ бўлиш таъкидлаб ўтилган.

Маънавиятнинг тарихий, назарий-илмий ва амалий заминлари ҳақида китобда Амир Темур ва темурийлар даври маънавияти, жадидчилик ҳаракати ва унинг маънавиятга таъсири, мустамлакачилик ва қарамлик йилларида маънавиятга муносабат, бу даврлардаги илм-фан, маърифат, маданият ва маънавиятнинг  ҳолати далиллар асосида баён этилган.

Ватанпарварлик тушунчаси инсонпарварлик тушунчаси билан уйғундир деб, таҳлил этади муаллифлар. Инсонпарварлик маънавиятнинг ажралмас фазилатидир. Қуръони бузург инсонпарварлик асосида яратилганлиги, ҳадислар эса шу ғояларга бой ҳикматлар мажмуаси эканлиги ва қадр-қиммат, меҳр - шафқат, диёнат, ҳамдардлик ҳамкорлик, вафодорлик, болажонлик, умуман турмуш тарзимизнинг барча жиҳатлари ва унинг ҳамон яшовчанлиги ўтмиш тарихимиз ва бугунги кунимиз билан қиёслаб,  ҳамоҳанг баён этилган. Зеро, 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинганлиги ҳам бу фалсафанинг бардавомлигидан далолатдир.

Китобнинг «Диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши кураш» бўлимида ўз аксини топган чуқур таҳлиллар, хулосалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бу китоб  ёшларимизни маънавий юксалиш сари етаклайди, онгу-шуури ва дунёқарашини чархлайди, уларнинг мустақил фикрлашга ундайди, ҳалол меҳнат ва ижод қилишга ҳаёт сўқмоқларини мардонавор ва жасорат билан енгиб, комиллик сари етаклайди.

Ҳамидулла Абдуллаев, мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш коллежи ўқитувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.