Ҳурмат-эътибор, меҳр-шафқат, айниқса, мўътабар туйғулар саналиб, инсонни яхшиликларга етаклайди.
-Аслида яшашдан муродимиз, ҳаётдан мақсадимиз ҳам шу-да,- дейди суҳбатдошимиз, тажрибали шифокор Зебо опа Ҳомидова. - Тасаввур қилинг, эрта тонг кўзингизни очсангиз деразадан заррин қуёш нурлари хонангизга тушиб турибди. Бундан беихтиёр қалбингиз қувончга тўлади. Шундай осуда, тинч юрт-да хотиржам яшаб, ҳаёт неъматларидан баҳраманд бўлаётганингиз учун Яратганга шукроналар айтиб, кўпчиликка яхшиликлар қилгингиз келади...
Шифокорлик масъулиятли, шу билан бирга шарафли касб. Ёшликдаги орзум юрист бўлиш эди. Лекин раҳматли падари бузрукворимнинг эзгу мақсадларини амалга ошириш ниятида шифокорликни танладим. Буни ҳам инсоний туйғулар билан боғлиқ жиҳатлари бор. Бизни ҳамиша яхшиликка ундовчи хал-қимизнинг анъаналаридан бири каттага ҳурматда бўлишдир. Шу билан бирга, ота-она, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғларга нисбатан ҳурмат, меҳр-оқибат, мурувват туйғулари инсонга ҳеч қачон бегона бўлмаслиги керак.
Зебохон опа шифокорлик бурчи ва вазифалари ҳақида тўлқинланиб сўзлар экан, унда заррача баландпарвозлик сезмайди, киши. Аксинча, самими- ят, касбидан фахрланиш, турмуши, оиласидан мамнунлик унинг ҳар бир сўзида жилоланади.
-Ўтган асрнинг 70-йилларининг охирларида ўқишни тугатиб, иш бошлаганимизда бутун бир туманда битта эндоскоп, битта рентген аппарати, фанометрлар бор эди холос,-дейди З. Ҳомидова,- Бугун-чи? Бугун «Саломатлик-3» дастури асосида наинки марказий шифохона ва поликлиникалар, балки чекка-чекка қишлоқлардаги врачлик пунктлари ҳам энг сўнг-ги русумдаги тиббиёт аппаратларига эга бўлишяпти.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган янги-янги фармон ва қарорлар, энг аввало, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни сифат жиҳатидан тубдан яхшилашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Бу эса бизлардан ўта масъулият билан ишлашни тақозо этмоқда. Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олиш афзалдир. Бу эса кўпроқ аҳоли тиббий маданиятини оширишни тақозо этади. Шу мақсадга йўналтирилган тушунтириш ишлари, тиббий кўрикларни ўз вақтида, сифатли ўтказишга эътиборни кучайтираяпмиз.
-Шифокорлик касбининг нозик томонлари бисёр, -дейди Зебо опа Ҳомидова сўзини давом эттириб.- Бу касб эгаси хатти-ҳаракати, гап-сўзи билан барчага ибрат бўлиши керак. Чунки бир оғиз ножўя сўз билан беморнинг дилини оғритиб қўйишингиз мумкин. Меҳрдан ҳам бемор шифо топади.
Меҳр кўрсатиш хислати эса, улуғ инсоний фазилатдир. Хусрав Деҳлавий шундай дейди: «Ақалли бир мушукка бўлсанг меҳрибон, демак, саломатдир сендаги ибо».