Тинч, осуда юртда яшаш улкан бахт, бундай юртга байрамлар ярашади. Хуш кайфият, янги-янги орзулар билан Янги - 2017 йил, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»га қадам қўйдик.
Бундай фарахбахш кунларда одамийлик, меҳр-оқибат, саховат каби халқимизнинг гўзал фазилатлари янада бўй чўзиши дилларга шукуҳ бағишлайди.
Айниқса, байрам муносабати билан туман ҳокими Б. Юсупов бош-қошлигида нуроний кексалар, қариялар, жисмоний имконияти чекланганлар, якка - ёлғиз яшовчилар ҳол-аҳволидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби хайру саховатга йўғрилган тадбирларга кенг ўрин берилди. Жумладан, Қўқимбой ҚФЙ, «Қўқимбой» маҳалласида яшовчи, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Исмоилжон отанинг қувончи ичига сиғмади. Унинг хонадонига туман ҳокимининг ташрифи унутилмас воқеага айланди.
Мароқли суҳбатда Исмоилжон ота Раҳимов Президентимиз раҳнамолигида юртимизда нуроний қарияларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромдан мамнун эканлигини изҳор этиб, осмонимиз ҳамиша мусаффо, тинчлик ва осойишталигимиз абадий бўлишини тилаб, тилак билдирди.