Эл-юртимизни минг йиллар оша турли тўфон ва бўронлардан омон сақлаб, барчамизга куч-қудрат бағишлаб келаётган, ҳаётимизни ҳар томонлама юксалтирадиган бундай олижаноб қадриятлар, ўйлайманки, оммавий ахборот воситаларимиз учун ҳеч қачон аҳамиятини, қадрини йўқотмайдиган бош мавзулар бўлиб қолади. Чунки, маънавиятни асраш-аввало инсонийликни, инсоннинг ўзини асраш демакдир. Маънавий дунёмизга қарши қаратилган таҳдид ва хуружлар тобора кучайиб бораётган бугунги вазиятда бу ўткир ҳақиқатни барчамиз асло унутмаслигимизни истардим.
Ислом Каримов.
Президентимиз томонидан илгари сурилган «Мамлакатмизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» истиқлолни қўлга киритганимиздан сўнг умрини ўтаб бўлган мустабид тузумдан воз кечиб, янги «ўзбек модели» деб ном олган ўз тараққиёт йўлимизни белгилаб олишда муҳим дастуруламал-бўлиб хизмат қилмоқда.
Концепцияда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришни энг муҳим устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Истиқлол йилларида миллий матбуот ва журналистикамиз жадал тараққиёт йўлини босиб ўтди. Янги жамият, озод ва обод ҳаётни барпо этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий матбуотни жадал равнақ топтириш, фуқароларнинг сўз ва ахборот олиш эркинлигини таъминлаш устувор аҳамият касб этаётгани эътиборга моликдир.
Конституциямиз, Концепция доирасида қабул қилинган қонунлар билан оммавий ахборот воситаларининг эркин ва қонунга мувофиқ фаолият юритиши, ахборот хавфсизлигига доир кафолатларнинг асосий тамойилларини белгиловчи меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилган.
Бугун давлатимиз томонидан оммавий ахборот воситаларига берилаётган эътиборни ҳар қадамда сезаяпмиз. Хусусан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги каби қонунларнинг қабул қилиниши оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоат назоратини ўрнатишда уларнинг таъсирчанлигини тобора кучайтиришга кенг имкониятлар яратмоқда.
Президентимизнинг «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлари бериш тўғрисида»ги Қарори матбуотга берилаётган эътиборнинг яна бир далилидир. Ушбу муҳим ҳужжатга асосан таҳририятлар миллионлаб маблағни тежаш имкониятига эга бўлишяпти. Мазкур маблағлар ҳисобидан таҳририятнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Матбуот ва ахборот соҳасида эришган ютуқларимиз, олдимизда турган вазифалар ҳақида сўз юритар эканмиз, Юртбошимизнинг: «Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» деган даъват авваламбор ҳеч кимдан кам бўлмасдан, доимо ҳаётнинг олдинги сафларида бўлишга интилиб яшайдиган сиз, ҳурматли матбуот аҳлига дахлдор эканини барчангиз яхши тушунасиз», деган фикрлари ёдимизга тушади.
Матбуот ходимларига берилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар барчамизни ўз вазифамизга масъулият билан ёндашишга ундайди. Зеро, замон билан ҳамқадам яшаб ва ишлаш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланган.
А.Олимов, М.Акрамов.