Бугун ҳар биримиз ўз тақдиримизда, мамлакатимиз ҳаётида содир бўлаётган оламшумул ўзгаришлар, янгиланишлар ва ривожланишнинг бош омили Истиқлол бўлганини, Мустақиллик шарофати билан мана шундай доруломон, ёруғ кунларга етганимизни ҳар қадамда ҳис этаяпмиз, чуқур англаяпмиз.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мус-тақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорини туманимиз аҳли ҳам ўқиб, ўрганмоқдалар. Ҳамюртларимиз билан дилдан қилган суҳбат чоғларида юқоридаги эътирофлар фахр-ифтихор билан қайта-қайта такрорланмоқда
Мустақиллик ҳақида сўз борганда хаёлимиздан болалик, ўсмирлик, ёшлик йилларимиз ўтади. Бошланғич синфлардаёқ мактабда дарснинг ўрнига баҳор ҳавосининг ўта ноқулай захли кунларида далада чигит экардик, ягана қилардик. Колхозчилар қаторида эртадан кечгача ишлардик. Бу ҳам етмаганидек биз, ўғил болаларни сувчиларга биркитиб қўйишарди. Сувдан бўшаган майдонларда захда қоғоз терардик. Туни билан тош- чироқда сув ёқалаб, ғўза суғорганмиз, дағал хашак йиғишга, ипак қурти боқишга сафарбар этилардик.
Дарслар умуман ўтилмасди. Ўшандай аянчли кунларда ҳам бир амаллаб, ўқишга ҳаракат қилганмиз. Энг ачинарлиси, бизларга далага қатнашганимизга қараб баҳо қўйиларди. Саратоннинг жазирама кунларида ҳам далада бўлардик.
Сентябрь ойи бошланиши билан мактабда ўқиш ўрнига яна бирон-бир дала шийпонида ётиб, пахта терардик. Қишнинг қоқ ўртасида, янги йил арафасида ҳам пахта терган пайтларимиз жуда кўп бўлган. Ҳар биримизга кунлик норма бериларди. Бажармасак тун қоронғусида ҳам мажбуран пахта теришга олиб чиқишарди. Бунинг оқибатида кўнгилсиз, аянчли ҳолатлар кўп бўлиб турарди.
Совуқ ва изғириндан икки нафар синфдошимиз қаттиқ шамоллаб қолди. Шундай бўлса ҳам уларга жавоб беришмади. Дўхтирлар кўриб, енгил иш қилишга рухсат беришди. Самоварда бир амаллаб сув қайнатиш, ошпазлик қилиш, ҳўл бўлиб, музлаб қолган этакларни қуритиш, хонани иситиш енгил иш ҳисобланарди. Охири барибир бўлмади, икки нафар синфдошимиз анча вақт мобайнида даволанишига тўғри келди. Синфдош қизларимизнинг кўплари, ўғил болаларимизнинг аксарияти ёмғир, қор остида пахта териб, турли касалликлар орттириб олишарди.
Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат «Мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорини ўқиб, ўша мудҳиш, аянчли манзаралар яна бир бор кўз олдимиздан ўтади. Ҳар қандай кишини бир савол қийнайди: Наҳот ҳали она сути оғзидан кетмаган болаларга, ўсмирларга, ёшларга шафқат қилишмаган, наҳотки уларга ҳеч кимнинг раҳми келмаган бўлса?... Яна ўйлаб қоламиз, наҳотки шуларни бошимиздан кечирган бўлсак?
Минг афсуски, бу кечаги кундан, ўтмишдан эртак эмас, ҳақиқат. Яна бир гап, яқин ўтмишда бошимиздан ўтказган воқеаларни билган билади, билмаган билмайди. Бизнингча, ҳар бир тадбирда, тўю томошаларда, ўқув муассасаларда бу масалаларга зийрак кўз билан қарашимиз, алоҳида эътибор беришимиз, бугунги куннинг кечиктириб бўлмайдиган талабларидан биридир. Кеча ким эдигу, бугун ким бўлганимизни, бугунги эришган ютуқларимиз ва унга нималар ҳисобидан эриш- ганимизни, айниқса ёшларга кўпроқ тушунтиришимиз зарур бўлади, ёшларимиз ҳам мустақиллигимиз қадри улуғ эканин чуқур ҳис этсин.
Қарорда биз қайта-қайта ўқиб, ўрганишимиз, кенг фикрлаб, хулоса чиқариб олишимиз керак бўлган кўпдан-кўп масалалар қайд этилган. Биргина мисол, мустақиллик йилларида ёш авлодимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида олиб борилган ғоят улкан ишларни олиб кўрайлик. Бу мақсад йўлида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг моҳиятини, хусусан болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари хисобидан барча вилоят, шаҳар ва туманларимизда 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаблари, 1 минг 900 дан зиёд спорт иншоотлари бунёд этилгани, сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етгани оламшумул янгилик эмасми!
Бугунги болалар ва ёшларга бутун дунё ҳавас кўзи билан қарамоқда. Уларнинг фикрлаш тарзи, мулоҳазаси, ўзини тутиши, юриш-туришига, кийинишигача ҳавасимиз келади. Юртбошимиз эътироф этганларидек, бизнинг ёшларимиз интеллектуал салоҳият, жисмоний жиҳатдан, фикр-лаш тарзи, юриш-туриш, кийиниш, қўйингки, ҳеч бир соҳада ҳеч кимдан кам эмас, аксинча, айрим масалаларда кўплаб мамлакатлар ёшларидан илгарилаб бормоқда. Озод ва ҳур диёримизда спорт, санъат изчил ривожланмоқда. Ҳали мактабга бормаган, бошланғич синфларда ўқиётган ўғил-қизларимиз ўз ёши тоифасида шахмат бўйича Осиё, жаҳон чемпионатларида ғолибликни қўлга киритаётгани, ёш йигит шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлгани, спортнинг бошқа турлари бўйича қатор-қатор олтин медалларга эришаётган ёшларимизнинг санаб, адоғига етиб бўлмайди.
Очиқкўнгил, мард халқимиз билан катта тўй арафасида турибмиз. Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг чорак асрлик тў-йини нишонлаймиз. Бу сиз ва биз интиқлик билан кутган ниҳоятда катта, улуғ, шарафли тўй, улкан байрам. Ота-боболаримиз асрлар давомида орзиқиб кутган, тарихий, табаррук кунларга етказгани учун Яратганга бениҳоя ва чексиз шукроналар келтирамиз. Ота-боболаримиз тилакларига қўшилган ҳолда биз ҳам мустақиллигимиз абадий бўлсин, тинч-осойишта, фаровон ҳаётимизни ёмон кўзлардан Ўзи асрасин, деб яхши ният қиламиз.
А. Олимов, М. Акрамов.