Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Дин ишлари қўмитаси ва «Оила» илмий маркази ҳамкорлигида ўтказилаётган «Меҳрибон қайнона» кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Оилада соғлом маънавий муҳитни, ўзаро ҳурмат-эҳтиром руҳини яратиш, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш, ёшларга соғлом турмуш тарзини сингдиришга хизмат қилувчи ушбу танловнинг туман босқичида маҳаллалар-аро саралаш босқичи ғолиби бўлган қайноналар қатнашдилар.

4-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган танлов ғоят қизиқарли кечди. Танлов иштирокчилари дастлаб ўз оилалари, касбу корлари, қизиқишлари ҳақида чиқишлар қилишди.

Сўнг уларнинг билимдон ва моҳирлиги савол-жавоблар асосида синаб кўрилди. Қайноналар оила аъзолари билан саҳна кўринишлари намойиш этишди.

Якунда «Меҳрибон қайнона» номинациясида «Ҳуррият» МФЙда яшовчи Муборакхон Аловиддинова, «Намунали қайнона» номинациясида «Ширин» ҚФЙ, «Мажнунтол» маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳафизахон Худойбердиева, «Оқила қайнона», «Спортчи қайнона», «Моҳир қайнона», «Болажон қайнона», «Масъулиятли қайнона» номинацияларида Мавлуда Худойбердиева (Косон ҚФЙ, «Соҳибкор» МФЙ), Маҳфуза Халилова («Ёшлик» ҚФЙ, Тагижар МФЙ), Муҳаббат Қорабоева (Тергачи ҚФЙ, Булоқбоши МФЙ), Малика Тожибоева (Қўқимбой ҚФЙ, Бўстон МФЙ), Роҳиниссо Каримова (Чиндовул ҚФЙ, «Ширинбулоқ» МФЙ)лар ғолиб топилиб, туман ҳокимлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлимининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.

М. Тўрахўжаева, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими бош мутахассиси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.