Ўтганлар хотирасини ёдда сақлаш  ва руҳларини шод этиш халқимиз учун муқаддас фазилат. Бу Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда яна бир бор ёрқин  ифодасини топди.

-Мактабимизда «Буюк боболаримизни ёд этиб» номланган тадбир ўтказилди,-деб ёзади 33-мактаб директори ўринбосари А. Усвалиев.- Унда 8-синф ўқувчилари буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш борасидаги билимларини синовдан ўтказдилар. «Хотира ва қадрлаш куни» шарафига ўтказилган кросс мусобақаси, айниқса, қизиқарли кечди. Унда Д. Муйдинжонова, К. Рустамов, М. Меҳмонхонова, А. Исломхонов, М. Саидаҳмедова, Ф. Ҳафизжонов, Т. Абдуллаев, И. Ҳамдамов каби ўқувчилар фаол қатнашиб,  ғолиб бўлдилар.

Тарихдан сабоқ олиб, замон билан ҳамқадам бўлиб яшаш-бугунги ҳаётнинг талабидир,-деб ёзади 6- мактаб ўқитувчиси. З. Саматова,- «Инсон хотираси муқаддас» деб номланган тадбирда сўзга чиққанлар, инсон азиз, хотираси ундан муқаддас эканлиги ҳақида гапириб, узоқ йиллар мактабимизда ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган А. Мўминов, М. Ҳотамов, И. Ҳасанов, У. Дадажонов, А. Дадажонов, М. Аббосхўжаев, Т.  Тожибоев каби устозларни ёдга олдилар, бугун сафимизда юрган фахрийларга алоҳида эҳтиром  кўрсатдилар.

 -Мактабда ўтказилган маънавият соати «Тинчлик учун курашмоқ керак» деб номланди.- деб ёзган ўз мактубида 3-мактаб ўқитувчиси О. Қорабоев. -Тадбирни мактаб маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари О. Бобоев кириш сўзи билан очди. Ўқувчилар «Ҳеч ким, ҳеч нарса ҳеч қачон унутилмайди» деган мавзуда саҳна кўринишлари намойиш этишди, шеърлар айтиб, қўшиқлар куйлашди. Шу мавзудаги иншолар танловида 9-«А» синф ўқувчиси Дилфуза Саидова ғолиб бўлди.

 -Туман мактаблари ўртасида «Хотира ва қадрлаш куни»га бағишлаб спортнинг шахмат ва волейбол тури бўйича мусобақа ўтказилди,-деб хабар беради Л. Убайдуллаев,- шахмат баҳсларида эркаклар ўртасида 16-мактаб ўқувчиси Оқилбек Ҳомидов ва ўқитувчиси Узоқбой Йўлдошев ғолиб бўлди.

Аёллар ўртасида эса 14-мактаб жамоаси пешқадам бўлди.

Волейбол мусобақасида эса фахрли ўринлар 14-43 ва 16 мактаблар жамоасига насиб этди.

 Худди шундай мусобақа 47-мактабда ўтказилганлиги ҳақида шу мактаб ўқитувчиси Наргиза Воҳидова хабар йўллаган. Марҳум устозлар - Р. Рашидов ва Э. Мўйдинова хотирасига бағишлаб уюштирилган турнирда барча синфлар ўқувчилоари фаол қатнашган.

 -Мактабимизда узоқ йиллар ўқувчиларга сабоқ бериб, ўзидан яхши ном қолдирган устозлар ёдга олиниб, улар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди,-деб ёзади 13-мактаб ўқитувчиси М. Усмонова.

 Қўқимбой маданият ва аҳоли дам олиш марказида меҳнат фахрийлари билан мароқли учрашув ўтказилганлиги ҳақида марказ директори А. Дадабоев хабар йўллаган. Тадбирда қишлоқнинг «Шодлик» бадиий ҳаваскорлик дастаси концерт дастури намойиш этиб, йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.

 Халқ таълими ходимлари касаба уюшмаси томонидан тажрибали устоз-мураббий Ибодуллахон Иноятуллаев хотирасига бағишлаб футбол турнири ўтказилди. Тўрт кун давом этган мусобақада фахрли ўринларни 46,39,14-мактаб жамоалари эгаллашди. Бу ҳақда 46 – мактаб ўқитувчиси М. Ғаниев хабар берган.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.