Тарихдан маълумки, умрини ўтаб бўлган ғоя, ақида ёки мафкура тараққиёт нуқтаи назаридан инкор этилиши натижасида ғоявий бўшлиқ вужудга келар экан,турли мафкуравий таҳдидлар кучаяди. Шу маънода Президентмизнинг қуйидаги фикрлари катта аҳамиятга эга: ”Мен кўҳна бир ҳақиқатни яна эслатмоқчиман: табиатда бўлмаганидек, инсоннинг онгу тафаккурида ҳам бўшлиқ вужудга келишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Ўзбекистоннинг мутақилликка эришганидан кейинги тараққиёти бу фикрни нақадар тўғри эканини яққол кўрсатди. /оявий, мафкуравий таҳдид кучайган жойда аҳоли кенг қатламлари, хусусан, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган уринишлар кучайиб бориши мумкинлигини чуқур англаб олиш керак”1 .

Дунё бўйлаб кенг кўламдаги глобаллашув- дунёвийлашиш жараёнлари сиёсатдан тортиб иқтисодиётгача,маданий ҳаётнинг турли соҳаларида тобора чуқурлашиб бораётган ҳолда унинг ижобий томонлари билан бир қаторда салбий тарафлари ҳам ў зини намоён этмоқда. Глобаллашув жараёни эндиликда сиёсат ва иқтисодгина эмас,балки халқларнинг ижтимоий-маънавий ҳаётини эгаллаб бормоқда.Эндиликда миллий тил,миллий онг, миллий мафкура, миллий дунёқараш,тафаккур,миллий урф-одатларга хуружлар тобора кучайиб бормоқда.Буни биз кундалик турмушимизда,айниқса ёшлар турмуш тарзида юз бераётган маънавий-ахлоқий ўзгаришлардан сезиб олишимиз қийин эмас.Гоҳида айрим ёшларни кийинишида, ўзаро суҳбатларида, кўча-кўйда юришларида,турли кўнгилочар маросимлардаги( тўй ва бошқа тадбирларда) иштирокида ғарбона турмуш тарзининг таъсирини бемалол кўриш мумкин. Бунда албатта “Интернет” тармоғининг ўрни ва роли жуда каттадир. Айрим мамлакатлар демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ниқоби остида ривожланаётган давлатлар ҳаётига турли йўллар билан аралашиб, тазйиқ ўтказмоқда. Бу тазйиқ ва таъсирни радио ва телеканаллар, Интернет ҳамда матбуот саҳифалари орқали тарқатилаётган турли мазмундаги эшиттиришлар, кўрсатувлар, нашр этилган материаллар орқали амалга оширилмоқда. Айрим «демократия жарчилари» мафкуравий таҳдидлар билан чекланиб қолмасдан, Яқин Шарқ ва сайёрамизнинг бошқа минтақаларидаги давлатларга “демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” баҳонасида тўғридан-тўғри агрессия уюштириб, у ердаги қонуний ҳукуматларни зўрлик билан  ағдариб, ўзларига маъқул ҳарбий-сиёсий режимларни ўрнатишга уринмоқдалар.

Худди шундай таҳдидлар мус-тақил тараққиёт йўлидан бораётган Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан ҳам  амалга оширишга уринишларда  намоён бўлмоқда.Масалан, сўнгги пайтларда гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, хиёнат, лоқайдлик каби бузғунчи саёз ғоялар остида яратилган енгил-елпи кинофильмлар, мусиқа асарлари турли йўллар билан бозорларга кириб келмоқда. Бундан қандай мақсад кўзланган?,-деган табиий савол келиб чиқади. Президентимиз таъбири билан айтганда: ”Лўнда қилиб айтадиган бўлсак,бундай мафкуравий хуружлар миллий ва диний томирларимизга болта уришни,улардан бизни бутунлай узиб ташлашдек ёвуз мақсадларни кўзлашини,ўйлайманки,юртимизда яшайдиган соғлом фикрли ҳар бир одам яхши тушунади”2. Ахборот ва мафкуравий хуружлардан асосий мақсад-ёшлар онги ва қалбини эгаллаш, уларни ижодкор, бунёдкор, соғлом ғоялардан  узоқлаштириб ғарбона бефарқлик, беҳаё турмуш тарзига ўргатиш, мавжуд давлат тузумига қарши қўйиш, яъни тўғри йўлдан оздиришдан иборат. Ёшлар онгини заҳарланишдан асраш учун энг аввало, ҳақиқий шарқона ахлоқ-одоб, турмуш тарзимиз, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, ҳалоллик, поклик,ватанга садоқат, фидоийлик, ижодкорлик, бунёдкорлик ғояларини тарғиб қилувчи фильмлар,саҳна ва мусиқа асарлари, адабиёт намуналарини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир. Зеро, дунё бўйлаб “Ал-қоида”, ”Ваҳҳобийлик”, ”Ҳизб-ут-таҳрир”,”Ишид” каби диний-экстремистик ташкилотлар, ғарбнинг қудратли тарғибот воситалари ҳамон фаолият олиб борар   экан, ёш авлод онгини улар тажовузидан ҳимоялаш, зарарли ёт ғояларга соғлом, бунёдкор ғояларни қарама-қарши равишда шакллантириш долзарб вазифа бўлиб қолаверади.

Муҳтарам Юртбошимиз айтганларидек: ”Агарки биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак,турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши,ёшларимизни ўз гирдобига тортиб кетишини, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган худписанд кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини  тасаввур қилиш қийин эмас.Мана шу аччиқ ҳақиқатни юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар қайси ота-она, энг муҳими, ҳар қайси йигит-қиз чуқур англаб олишини истардим”.           

Миллий истиқлол ғояси ва мафкурасини ёшлар онгига сингдириш биринчи даражали вазифага айланаётган бир пайтда таназзулга олиб борувчи ғарбона, бошқача қилиб айтганда, “ғарибона” зарарли, ёт, бузғунчи, фаҳш ғояларни, яланғочлашув модаларни  тарғиб қилишдан ким манфаатдор?, -деган табиий савол келиб чиқади. Бироқ, ҳозирги шиддаткор замонда айбдорни қидиришдан кўра зарарли ғоялар тарқалишига қарши кескин, тезкор  чоралар кўриш фурсати етди. Бунинг учун бой ўтмиш тарихимиздан, маънавиятимизнинг бебаҳо хазинасидан, мумтоз адабиётимиз дурдоналаридан, тасаввуф фалсафасидан ёш авлоднинг чуқурроқ танишувига эришмоғимиз, миллий урф-одатларимизни авайлаб-асраб, уларнинг давомийлигини таъминламоғимиз лозим.

А.НУРИДДИНОВ,

Наманган Давлат

университети катта ўқитувчиси.

 

1. Каримов И.А. «ЎзбекистонXXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари».   Т.: «Ўзбекистон”,1997,11 бет.

 2. Каримов. И.А. «Юксак маънавият – енгилмас куч».Т.:«Маънавият», 2008,14-бет.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.