Президентимиз «Юксак маънавият-енгилмас куч» рисоласида, барчамизни «оммавий маданият» ниқоби остидаги хатардан огоҳ этар экан, тарих синовларидан ўтган қадриятларимизга содиқ бўлсак, ҳаёт тарзимиз, руҳий дунёмизга ёт бўлган қарашлар ўз таъсирини ўтказолмаслигини алоҳида қайд этиб ўтади.

«Оммавий маданият» нима, бу ниқоб остидаги хатар нималардан иборат, бугун барчамиз, айниқса, ёшларимиз чуқур билишлари керак.

«Оммавий маданият» ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлди. Радио, телевидение ва кейинчалик Интернет унинг ривожланишига асос бўлди. Уни ғарбда «популяр» ёки қилқартирилган ҳолда «поп-культура» (яъни «оммавий маданият») деб аталсада, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсад-ниятига кўра «оммавий маданият» чинакам  маданиятнинг кушандасидир.

Айниқса, ХХI аср - ахборот асрида глобал тармоқ орқали киши онгига ахборот ёрдамида таъсир этиш, уни маънавиятидан, ўзлигидан маҳрум этишга қаратилган мақсадларга йўналтирилган «мафкуравий уруш» воситасида бутун бир мамлакатни маҳв этиш мумкин ва ундан манфаатдор гуруҳлар, ташкилотлар ҳам вужудга келди. Бундай гуруҳларнинг мақсади, кишини ўз уйи, ватани, ўзлигидан узоқлаштириш, иймон-эътиқодидан айириш, ғарб оламига хос бўлган дунёқараш, ахлоқсизлик, зўравонлик, гиёҳвандлик, бузғунчилик, ўз жонига қасд қилиш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига болта уришдан иборатдир.

Бундай хатарли таҳдидлар айнан Интернет тармоқлари орқали тарқатилади ва уяли алоқа воситалари ҳам бу борада уларга қўл келади.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, мустақил фикрлайдиган, иймон-эътиқоди мустаҳкам ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган эзгу қадриятларга садоқатли бўлган инсонгина бундай қутқуларга учмаслиги, тўғри йўлдан адашмаслиги мумкин.

Бунинг учун албатта, биринчи навбатда фарзандларимизни юксак билим ва маънавий фазилатлар билан қуроллантириш ва улар онгида мафкуравий иммунитетни шакллантиришимиз лозим.

 

Нигора Қодирова, 25-мактаб директори.

Дониёр Қузибоев, ўқитувчи.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.