Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Фашизмга қарши жангга кирган бизнинг ота-боболаримиз қандайдир бир тепалик ёки “улуғ доҳий” учун жон бермаган. Ўзбек ўғлонлари авваламбор, ўзи туғилган шаҳар ва қишлоқни, ўз она юртини, ўз яқинларини меҳрибон ота ва онаси, севикли ёри, жондан азиз фарзандларини кўз одига келтирган ҳолда беомон жанг-га кирган, шу муқаддас Ватанимиз учун жонини фидо қилган”.

ғ Ўтган асрнинг мудҳиш воқеаси иккинчи жаҳон уруши туфайли қанча-қанча фарзандлар ота-оналари, акалари дийдорини кўрмади ва туймадилар. Чимилдиқда ўн гулидан бир гули очилмай хазон бўлган келинчагу қизлар-чи, кулча нон тишлатиб, ўз ёрини, қадрдонларини урушга кузатиб, ҳали ҳамон кутаётган бувижонларни айтмайсизми? Буни ҳеч қачон унутиб бўлмайди.

Кўрмагандим мен отамни,

Зор эдим бир кўргали.

Излар эдим кеча-кундуз,

Хол-аҳволин сўргали.

Топмадим излаб отамни,

Хокин кўзга суртгали...  ёки

Соғинсам отажоним,  излайин қаерлардан,

Соғинсам нур жаҳоним   излайин қаерлардан.

Йиғламай яшайману, аммо кўп соғинаман,

Соғинсам отажоним,       излайин қаерлардан...

деган маҳзун қўшиқларни тинглаганимда икки бобоси, бир амакиси фронтга кетган инсон сифатида ўз муштипар онаизорим, қариндошларим кўз ўнгимдан ўтади.

Урушнинг ўта оғир йилларида халқимизнинг юксак маънавий-ахлоқий фазилатлари, инсонпарварлиги намоён бўлди.

“Бизнинг халқимиз воқеаларга бой, кўп минг йиллик тарихида кўп нарсаларни бошидан кечирди – маданият, илм-фан, ўз давлатчилиги нашидасини сурди, ўзаро низолар, бегоналар асорати, аламини тортди, энг яхши ўғил-қизларидан жудо бўлди, лекин тарихнинг ўйини ҳам, омонсиз жангу жадаллар ҳам, табиий офатлар ва очлик ҳам халқимизнинг инсонийлик табиатига доғ туширолмади,” деб таъкидлаган эди И. Каримов ўзининг “Ўзбекистон миллий истиқлол. Иқтисод. Сиёсат, Мафкура” номли асарида.

Ўзи емай, ичмай, киймай фронт учун, ғалаба учун ёзнинг иссиқ саратонида, қишнинг қорли-қировли совуқ чилласида кунни-тунга, тунни-кунга улаб, жасоратли меҳнат қилган, минг – минглаб ота-онасиз қолган гўдагу етим болаларни бағрига олиб, фарзандидан ортиқ меҳру мурувват кўрсатиб, иссиқ жой, нон-туз, меҳнат шароити яратиб берган, ўзининг одамийлиги ва маънавий қадриятларини, меҳр-оқибат ва олийжаноблигини намоён этган ҳам - жафокаш ва бағрикенг халқимиздир.

Бугунги авлод фашизмдек бало устидан қозонилган ғалабанинг, бунда ота-боболаримиз, ҳатто момоларимиз кўрсатган қаҳрамонлик, жасорат, матонат, мардлик фазилатларини асло унутмаслиги керак.

Истиқлол йилларида ёшларга ибрат мактаби бўлган улуғ ва мўътабар ота ва онахонларни зиёрат қилиб, ҳолидан хабар олиб, руҳиятини кўтариш, шод этиш энг савобли ва барокатли ишга айланди. Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан 18 йил олдин 9 май - мамлакатимизда “Хотира ва қадрлаш куни” деб ном берилиши, Хотира китобларининг нашр этилиши, Хотира майдонларининг барпо қилиниши чинакам донишмандона ва ҳақли равишда адолатли, ўта савобли тадбир бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки халқимиз бу кунларда ўз ота-боболарини меҳру-муҳаббат билан хотирлайдилар, хайру-эҳсонлар улашадилар, улар кўрсатган жасоратни эъзозлайдилар, уларнинг анъаналарига содиқ қолиб, давом эттиришга отланадилар.

Пўлатхон Раҳматов, Раҳматилло Одилов, Маҳмуджон Холматов, Жалолхон Ғиёсов, Абдуламинхон Дадахонов, Абдураззоқ Саломов, Ҳасанхон Дарвешов, Меҳнат қаҳрамони Абдусаттор Шарипов, Абдуламин Ҳакимов каби донгдор, миришкор пахтакорларни, Акрамхон Шодмонов, Абдужалил Ҳакимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган уста, рассом, ганжкор Мадаминхўжа Ҳусаинов, Собитхон Носиров, Турсунхон Ҳомидов, Зокиржон Мираҳмедов каби қўли гул қурувчи-бинокорларни, Собитхон Абдулаҳаев, Маҳмудхон Нуриллаев, Иброҳимжон Мираҳмедов, Муҳибилло Абдуллаев, Аҳмаджон Убайдуллаев каби устоз-муаллимларни, туманимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган Самарахон Каримов, Аҳмаджон Мамажонов, Эшонхон Бобохонов, Туробхон Бобохонов, Абдунаби Ғаниев, Адашвой Воҳидов, Тоҳирахон Маризаева, Файзуллохон Акрамов каби юзлаб фидоийларни хотирлаш, ёдга олиш, улар ҳақига дуо-ю хайрлар қилиш, уларнинг қабрларини зиёрат қилиш ўта савобли ишлардир.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “Тарихдан ибрат олиб яшаш, тарих хақиқатларини билиш кишига қувват беради, уни ҳаёт ҳақиқати билан қуроллантиради. Кечаги тарих биз учун ҳаёт мактаби, бамисоли тиниқ кўзгу, унга қараб сабоқ оламиз, хулоса чиқарамиз, келажак йўлини белгилаймиз”. Ҳозирги доруломон замон, тўкин-сочинлик, серобчилик, дастурхонларимиздаги файзу-барака, дарҳақиқат, осмондан тушган эмас, балки узоқ йиллик кураш, чидам, сабр-тоқат, бардош, жасоратли меҳнат ва истиқлолимизнинг натижаси ва бебаҳо самарасидир.

 

Ҳамидулло Абдуллаев, сиёсатшунос-педагог.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.