Эл-юрт тинчлиги, эрки ва озодлиги учун курашган аждодларимизни хотирлаш, Ватанимиз  истиқболи, турмушимиз ободлиги, халқимиз осойишталиги, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, мамлакатимиз обрў-эътиборини юксалтиришга ҳисса қўшиб келаётган уруш ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик ва ҳурмат кўрсатиш юртимизда чин инсоний фазилат сифатида қадр топмоқда. Айниқса, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан барча жойда бўлгани каби туманимизда ҳам нуроний қарияларимизга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши ортда қолганига 71 йил тўлди. Инсоният тарихидаги бу мудҳиш давр хотиралардан сира ўчмайди. Ўз инсоний бурчини бажо этиб, Ватанимиз озодлиги, мусаффо осмони учун жон бериб, қурбон бўлганларнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиш, бугун сафларимизда юрган, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларимизга алоҳида ҳурмат кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат.

Президентимизнинг 2016 йил 18 апрелда қабул қилинган «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони урушда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига, жангу жадаллардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида хизмат қилиб, ғалабага ҳисса қўшган момоларимизга кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

-Юртбошимизнинг биз, кексаларга эътибори, ғамхўрлиги беқиёс,-дейди Қўқимбой ҚФЙ, «Қўқимбой» маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Исмоилжон ота Раҳимов.- Бундан кўнглимиз тоғдек кўтарилади.

Жанг майдонларида матонат билан тинчлик учун курашган Исмоилжон ота ғалаба билан яқинлари бағрига қайтгач, узоқ йиллар мактабларда ўқувчиларга сабоқ бериб келди.

-Ҳар гал иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги машаққатли йилларнинг аччиқ сабоғини ёшларга сўзлаб берар эканман, бугунги тинч, осуда, фаровон ҳаётда яшашдек улуғ бахтнинг қадрига етиш кераклигини уларга бот-бот уқтираман,-дейди бобо.

Қишлоқ, маҳалла фаоллари, шогирдлари, невара-чеваралари Исмоилжон отани тез-тез йўқлаб туришади.

Айниқса, байрамлар арафасида у яшаётган хонадон қутлаб келувчилар билан тўлиб кетади. Бугун, 9 май-Хотира ва қадрлаш куни арафасида туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси В. Тожибоева, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Ё. Эшматов, Қўқимбой ҚФЙ раиси, туман Кенгаши депутати С. Қосимова ва бир гуруҳ қишлоқ фаоллари ота хонадонига ташриф буюришди. Улар Президентимизнинг 2016 йил 18 апрелдаги Фармонига асосан Исмоилжон ота Раҳимовга пул мукофоти, совғалар топширишди.

Шу қишлоқ фуқаролар йиғинининг «Янги йўл» маҳалласида яшовчи, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Исохўжа ота Соттихонов бу йил 96 ёшни қарши олдилар. Отахон бардам, тетик, чеҳрасидан бугунги ҳаётидан шукроналик, доруломон кунларнинг роҳат фароғатидан шодумонлик туйғуси аримайди.

-Урушнинг номи-ўчсин, у кунларни биз кўрдик, бугунги авлод асло кўрмасин,-дейди, Исохўжа ота.- Ўша пайтлари, жангоҳларда қон кечганларга ҳам, фронт ортидагиларга ҳам жуда қийин бўлган, Қорнимиз нонга, устимиз кийимга ёлчимаган. Урушдан кейинги даврларда ҳам кўп машаққат чекканмиз. Шунинг учун ҳам биз, кекса авлод вакиллари бугунги кунлар қадрини, мустақиллик қадрини жуда яхши биламиз. Тинч ва мусаффо осмонимиз, гуллаб-яшнаётган юртимизга кўз тегмасин. Юртбошимиз доимо омон бўлсин.

Отахон Ёқубжон ака Эшматовдан Президентимиз Фармонига асосан таъсис этилган сов-ғани қабул қилар экан, кўзлари намланди, қўлларини дуога очиб, эл-юртга тинчлик ва хотиржамлик тилади.

Иккинчи жаҳон урушининг охиригача жанг қилиб, ер юзини фашизм балосидан асраб қолган, узоқ йиллар туманимизда ҳалол меҳнати билан барчага ўрнак бўлган Усмонхон ота Тошхўжаев билан байрам баҳона дийдорлашишга ҳозирлик кўраётгандик. Аммо Чиндовулдан машъум хабар келиб қолди: ота қазо қилибдилар...

Юз ёшни қаршилаган Усмонхон ота урушнинг бутун даҳшати- окопларда жон берган алп йигитлар жасорати, оналар, ёш келинчаклар, болаларнинг дод-фарёдларини ўз кўзи билан кўрган нуронийларимиздан бири эди.

Отахоннинг ўғли Абдулламинхон таъзиямизни қабул қиларкан, нигоҳини ердан узмай сўйлайди:

-Отам ҳалол меҳнати ва элпарварлиги билан барчага ибрат эди. Бировга ҳеч қачон қаттиқ гапирмаганлар. Отамнинг: «Мустақиллик бизларга озодлик берди. Бу неъмат уни англаганники, унинг қадрига етганники ва унга муносиб бўлганларники»,-деган сўзлари хотирамдан асло ўчмайди.

- Мен 1942 йили урушга отлангандим, -деди Ўртатўқай МФЙда яшовчи 93 ёшли Осмонали ота Боймирзаев. - Европа, қолаверса, бутун дунёни фашизм зулмидан озод этиш учун бўлган жангларда барча қатори, биз ўзбекистонликлар ҳам жасорат кўрсатганмиз.

Жанг майдонларида шаҳид кетган дўстларим хотираси доимо қалбим тўрида. Улар кўрмаган кунларни кўрганимга, шу азиз юрт фуқароси бўлганимдан, унда эъзоз ва эҳтиромга сазовор бўлаётганимга шукр қиламан. Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон қудратли мамлакатга айланиб бормоқда. Бу кўпмиллатли халқимизнинг бирлик ва ҳамжиҳатликда амалга ошираётган улуғвор ишлари самарасидир. Юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги абадий бўлсин. Юртбошимизнинг умрлари узоқ бўлишини Яратгандан тилаб қоламан.

Анорбой Олимов,

Муҳаммадхон Акрамов. 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.