«Ўзбекистон-умумий уйимиз» шиори остидаги VI дўстлик ва маданият фестивали доирасида Косонсой педагогика ва сервис касб-ҳунар коллежида «Қудратимиз-бирлик ва ҳамжиҳатликда» мавзусида тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон – кўпмиллатли аҳил оила. Халқимиз тинч-тотув, баҳамжиҳат ва аҳил яшаб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тараққиётнинг муҳим омили эканлиги истиқлол йилларида намоён бўлмоқда.

Шу куни ўқув даргоҳи миллатлараро дўстлик, аҳиллик, биродарлик каби эзгу фазилатларни тараннум этувчи байрам сайл-гоҳига айланди. Коллеж фойесида кўпмиллатли халқимизнинг ёш қўли гул ҳунармандларининг ижодий ишлари, либослар кўргазмаси байрам иштирокчилари дилларига хушнудлик бахш этди.

Фестивал дастуридан ўрин олган «Қудратимиз-бирлик ва ҳамжиҳатликда» мавзусидаги давра суҳбатини туман ҳокими А. Абдукаримов очиб, фестивалнинг  ҳамжиҳатлик, тотувликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Республикаси Президент аппарати масъул ходими М. Мирзиятов, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г. Маърупова, вилоятда фаолият кўрсатаётган миллий-маданий марказлар раҳбарлари, туман ёшлари вакиллари ўз сўзларида юртимизда инсонпарварлик, бағрикенглик тамойиллари амалда эканлиги, барча миллат вакиллари аҳил ва иноқ яшаб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Тадбирда туманда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари иштирокида миллий ашула ва рақслардан иборат концерт дастури намойиш этилди.

Фестиваль доирасида ўтказилган давра суҳбатида вилоят ҳокимининг ўринбосарилари Ҳ.Маткаримов, Ҳ. Юсупова қатнашдилар.

Бундай тадбирлар ёшларимизнинг миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга, улар қалбига эзгулик уруғини сочишга ва юксак марралар сари илҳомлантиришга хизмат қилади.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.