Шарқ тасаввуф таълимоти тарихида ўзига хос ўрин ва мавқега эга бўлган Сайид Аҳмад ибн Мавлоно Сайид Жалолиддин Хожа Махдуми Аъзам Косоний (1461-1542) нақшбандийлик таълимоти тарғиботига улкан ҳисса қўшган, ахлоқ, илоҳиёт, фалсафий, илмий ва бадиий асарлари билан маънавият чўққиларини забт этган буюк алломалардан биридир. Мустақиллик шарофати билан Махдуми Аъзамнинг ижодини кенг ўрганишга имконият яратилди, Бугунги кунда алломанинг 30 дан ортиқ асарлари мавжуд бўлиб, катта тарихий, илмий-назарий аҳамиятга молик бўлган ижод намуналари ўзбек тилига таржима қилиниб, тарғиб этилмоқда. 2007 йили Косонсой шаҳрида рамзий мажмуа қад  кўтарди. У буюк тасаввуф олим, нақшбандиялик тариқати назариётчиларидан бирига қўйилган муносиб ёдгорликдир.

Яқинда Косонсой технология иқтисод коллежида Махдуми Аъзам таваллудининг 555 йиллигига бағишлаб «Буюк алломанинг бебаҳо мероси» мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Уни коллеж директори Рустамжон Расулов очди.

Вилоят ҳокимининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Тоҳиржон Дадахонов сўз олиб, истиқлол йилларида муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида халқимизнинг асл қадриятлари, маънавий бойлиги, тарихий ҳақиқатни тиклаш, буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижодини кенг ўрганишга эътибор кучайтирилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, ҳазрат Махдуми Аъзамнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида Наманган Давлат университети ўқитувчиси Абдулвоҳид Нуриддинов, аллома асарларида инсон меҳнати улуғланиши, тарихий манбалар  Махдуми Аъзам ҳақида Наманган муҳандислик технология институти ўқитувчилари Р. Исҳоқова ва Р. Рашидов, Махдуми Аъзамнинг диний, фалсафий ва ахлоқий асарлари, уларнинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси туман вакиллиги муҳтасиби Аҳмадхон Ҳожиев маъруза қилдилар.

Анжуманда коллежнинг ёш ижодкор ўқувчилари саҳна кўринишлари ва концерт дастури намойиш этишди.

М. Акрамов.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.