Президентимиз раҳнамолигида тарихий адолатни тиклаш, миллий ўзликни англаш, улуғ аждодларимиз меросини кенг ўрганиш ва тарғиб этиш, уларнинг номини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни шу кунларда беназир саркарда ва давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги юртимизда кенг нишонланаётгани  мисолида кўришимиз мумкин.

Амир Темур номи буюк бунёдкор, миллий давлатчилигимиз таъмал тошини қўйган, ватан озодлиги йўлида жонини тикиб, адолатпарвар сиёсат юритган Соҳибқирон сифатида тарих саҳифаларига муҳрланган.

«Амир Темур юксак иродали инсон эди. Унинг сиймосида руҳий қудрат ва жисмоний куч уйғунлашиб, зафарларига замин яратарди», деб ёзади француз ёзувчиси Марсель Брион «Амир Темур портрети (руҳияти)» очеркида.

Буюк Соҳибқирон шон-шуҳрати унинг ҳаётлик чоғидаёқ етти иқлимга етган. У машҳури замон саркарда ҳамда давлат тузилиши ишларига, илм-фан, маърифат, маданият тарақиётига улкан ҳисса қўшган сиёсий арбоб сифатида тарихга кирди. Амир Темур даврида тараққиёт энг юксак чўққига кўтарилди. Тарқоқ ўлкалар ягона давлатга бирлаштирилиб, бар-қарорлашгандан кейин юрт иқтисодиёти мустаҳкамланди. Деҳ-қончилик, ҳунармандчилик ривожланди. Бу ўз навбатида, ички ва ташқи савдонинг ўсишига олиб келди. Афғонистон, Ҳиндистон, Арабистон, Озарбайжон ва бош-қа юртлар билан алоқаларнинг ўрнатилиши савдонинг кенг қулоч ёйишига замин яратди.

Амир Темур наинки буюк саркарда, моҳир дипломат сифатида, балки адабиёт ва санъат ҳомийси, улкан бунёдкорликлар раҳнамоси сифатида ном қозонган. Унинг ҳукмронлиги даврида мамлакат ҳар жиҳатдан равнақ топди. Унинг санъат ва меъморчилик ҳомийси сифатида қолдирган мероси бугунги кунларда ҳам бутун дунёни лол қолдирмоқда. «Бизнинг қудратимизга шубҳа қилганлар биз қурган иморатларга боқсунлар». Бу сўзлар бир неча юз йиллардан буён Амир Темур ва унинг авлодлари даврида барпо этилган гўзал меъморий обидаларда ўз ифодасини топмоқда.

Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур «Ободончиликка арзийдиган бир қарич ҳам ер бўш қолмасин», деб қайғурарди. Буюк бобомизнинг фаолияти, ўгитлари бугун ҳам бизга дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида инсонни улуғлаш, барча соҳада адолат тамойилларига амал қилиш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ва уларнинг юксак самаралари бунга яққол далилдир. Қолаверса, кучли давлат, адолатли жамият барпо этиш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, барқарорлик ҳамда халқ фаровонлигини таъминлашдек эзгу қарашлар асрлар ўтса-да, долзарблигини йўқотгани йўқ.

Халқимиз бор экан, Амир Темур номи барҳаёт. Бобокалонимиз босиб ўтган йўл ёшларнинг порлоқ келажак бунёдкори сифатида камол топишида ибрат намунасидир.

А. Олимов, М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.