Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча соҳаларда бўлгани каби фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинликлари соҳасида ҳам ислоҳотлар амалга оширилди. Аввало, Ўзбекистон Республикасининг Асосий қонуни-Конституциямизнинг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунининг қабул қилиниши билан диннинг жамиятдаги ўрни тикланди ва диний ташкилотларнинг очиқ ва дахлсиз фаолият кўрсатишларига имкониятлар яратилди. Шунга асосан ҳозирги кунда вилоятимизда Адлия         бошқармаси томонидан давлат рўйхатига олинган исломий диний ташкилотлар билан биргаликда ноисломий диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Республикамизда Тошкент ислом институти, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, Православ ва Протестант семинариялари фаолият юритмоқда. Қатор тарихий обидалар диний ташкилотлар ихтиёрига ўтказилди. Нафақат ислом динидаги байрамлар, балки христианлик, буддавийлик байрамларини ҳам нишонлашга кенг имкониятлар яратилди.

Аммо ҳозирги кунда ҳам дин соҳасида ҳукумат томонидан берилган имтиёз ва эркинликларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари афсуски учраб қолмоқда.

Айрим миссионерлик жамоалари кўп динли жамиятимизда эътиқод эркинлиги кафолатланганлигидан фойдаланиб, ўзларини риёкор мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилаётгани кишида хавотир уйғотади.

Турли минтақаларда, қанчалаб мамлакатларда ижтимоий-сиёсий барқарорликни издан чиқариб, яхлит халқларнинг миллий-диний аҳиллигига путур етказган ҳар хил сиёсий найранглар, дин ниқоби остидаги ғаразли ўйинларнинг аянчли оқибатлари бунга мисолдир.

Хўш, миссионерлик нима? Унинг кўзлаган бирон-бир мақсади борми? Шу ўринда ушбу тушунчанинг луғавий маъносини англаб олиш лозим. Миссионерлик - лотинча "миссио" сўзидаги "юбориш", "вазифа топшириш", миссионер эса "вазифани бажарувчи", бир динга эътиқод қилувчи фуқаролар орасида  бошқа бир диннинг ғоялари ва урф-одатларини тарғиб этишни англатади.

Миссионерликни амалга оширишда тиббиёт ва таълим-тарбия соҳасидаги фаолият, хайрия ёрдамлари кўрсатиш, уйма-уй юриб тарғибот олиб бориш, маҳаллий тилларда христианликни тарғиб қилувчи адабиётларни тарқатиш, рўзнома ва журналлар, радио ва теледастурлар, кино маҳсулотлари ва интернет ҳам алоҳида ўрин эгаллайди.

Бугунги кунга келиб заминимизга нотинчлик, парокандалик ва маънавий таназзул уруғларини сепиш мақсадида фаолият юритаётган диний миссионерлар асосан собит эътиқод ва мустаҳкам иродага эга бўлмаган, ота-бобосининг дини ҳақида етарли маълумоти йўқ, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишилар, айниқса ёшларга ёрдам кўрсатиш орқали уларни ўз динларига оғдириб олишга уринмоқда. 

Ноисломий секталар ўз динларини ёки таълимотларини ёйишдан қандай манфаатдор? Уларнинг асл мақсади одамлар онгига соф диний таълимотлардан йироқ ақидапарастлик ғояларини сингдириш ва шу орқали уларни маънавий қашшоқ ман-қуртларга айлантиришдан иборат. Чунки жамиятда бундай маънавий тубан, муте қатламга хос одамларнинг кўпайиши эса нотинчлик, парокандалик ва маънавий инқирозни келтириб чиқаради. 

Айрим одамлар ота-бобоси асрлар давомида эътиқод қилиб келган диндан воз кечиб, ўзга таълимотларга эргашиб кетаётгани жамият бирдамлиги, маънавий ҳаёти учунгина хақ деб тушуниш нодонликдир. Бу аввало, ўша эътиқодини ўзгартирган одамнинг ҳаётидаги энг катта фожиадир.

Миссионерлик миллий бирлик ва жамият барқарорлигига таҳдидга айланган экан, унга қарши кураш, олдини олишга қаратилган ишларни тизимли ташкил этиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Ён-атрофимизда, кўз ўнгимизда рўй бераётган воқеаларга бефарқ, лоқайд бўлмаслигимиз тинч - тотув, баҳамжиҳат ҳаёт кечиришнинг кафолатидир.

 А. Деҳқанов, вилоят Адлия

бошқармаси масъул ходими.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.