Инсонни илм-маърифат ва одоб улуғлайди, дейди доно халқимиз. Мўминжон ака Қаюмов 6-мактабда, Тошкент политехника институтида ўқиган чоғларида фақат аъло ўқишга, илм-фанни чуқур ўзлаштиришга интилди. Олийгоҳни битиргач, бир қанча муддат Фарғона  азот бирлашмасида муҳандис бўлиб ишлади. Катта бирлашмада меҳнат қилиб асло камлик кўрмади. Қисқа вақт ичида жамоада ўз ўрни, обрў-эътиборга эга бўлди.

Иш жараёнида ҳам ўқиб, изланишдан чарчамади, янги-янги кашфиёт ва ихтиролар қилар, аммо ўша даврда, яъни мустабид тузумда уларни амалиётга татбиқ этишнинг имконияти йўқ эди. Шу боис ҳам ўз билими, тажрибасини ёшларга ўргатишга аҳд қилди.

М. Қаюмовнинг кейинги меҳнат фаолияти халқ таълими тизими билан боғлиқ бўлди.

Узоқ йиллар тумандаги ўқувчи-ёшлар техник ижодиёт марказида самарали меҳнат қилди.

-Ўқитувчи ва мураббийлар тимсолида мен эл-юртимизнинг келажаги, таълим ва тарбия соҳасига бамисоли жон бағишлаётган қудратли кучларни кўрардим,-дейди М. Қаюмов. - Ёшлар билан ишлаш, уларга илм-фан сирларини ўргатиш менга олам-олам завқ бағишларди. Шу боис ҳам ўтган меҳнат фаолиятим самарали ва фойдали кечди, деб айта оламан.

У марказда ракетамоделчилар тўгарагига раҳбар бўлиб, кўплаб спорт усталари, спорт усталигига номзодлар етиштирди.

Унинг шогирдлари республика, халқаро мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритган. Икки марта ракетамоделчилик бўйича республика биринчилигида чемпионлик унвонини расмийлаштиришган. Бир нафар шогирди Ўзбекистон термаси аъзоси сифатида нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб қатнашиб келди. Хизматлари муносиб баҳоланиб, Халқ таълими аълочиси унвони билан тақдирланди.

Мўминжон ака 4-болалар мусиқа ва санъат мактабида ёғоч ўймакорлиги бўйича ҳам болаларга сабоқ бериб келди.

-Инсоннинг қўли гул,-дейди М. Қаюмов. – Бу даргоҳда оддий дарахт илдизлари, шохлари ва сомондан санъат асарлари яратиш кишига олам-олам завқ бағишлайди. Муҳими, болалар бўш вақтларини бекор ўтказмай, ижод қиладилар.

Шогирдларим ўз асарлари билан вилоят, республика кўрик-танловларида қатнашиб, ғолиб бўлишганида Мўминжон аканинг қувончи ичига сиғмасди. Улар орасидан Рустам Жалолов, Дилмурод Раҳимбердиев каби халқ ҳунармандчилиги усталари етишиб чиқиб, бугун эл- юрт хизматига камарбаста бўлишяпти.

Яқинда мусиқа ва санъат мактабида устоз-мураббий Мўминжон ака Қаюмовнинг 60 йиллик тўйи катта тантаналар билан нишонланди. Тадбирга мамлакатимизнинг турли гўшаларидан ташриф буюрган меҳмонлар ва унинг шогирдлари Мўминжон аканинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.

Табриклар куйу қўшиқларга уланди. Мактабнинг ёш санъаткорлари катта концерт дастури намойиш этишди.

Мўминжон ака ёнида ҳар доимгидек, умр йўлдоши Ирина, набиралари парвона. Пойтахтда яшовчи фарзандлари Темур ва Юлдузнинг дил сўзлари эса унга олам-олам қувонч бағишлади.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.