МАРКАЗИЙ ЎЙИНГОҲДА НАВРЎЗ БАЙРАМИ ТАНТАНАЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

Мана, йигирма олти йилдирки, хосият ва файз, қут-барака, мурувват каби хусусиятларни ўзида мужассам этган шарқона янги йилимиз-Наврўзи оламни шоду хуррамлик билан умуммиллий байрам сифатида нишонлаймиз.

Бундай фараҳбахш дамларда ҳар бир юртдошимиз қалби беихтиёр қувончга тўлади. Эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун шукрона айтади.

Карнай-сурнай садолари янграб, барча-барчани Наврўз сайлига чорлайди.

Ҳа, тинч-осойишта юртга, ҳаловатли халққа тўй-томоша, байрамлар ярашади. Президентимиз раҳнамолигида юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасида осмонимиз мусаффо, тинчлик-барқарорлигимиз мустаҳкам, турли миллат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил ҳаёт кечирмоқда.

Истиқлол туфайли ўзлигимизни, асрий қадриятларимизни, қалбимиз ва юзимизни ўзида ифода этган Наврўзни бутун дунёга кўз-кўз қилмоқдамиз. Туманимиз аҳли ҳам Наврўзни ўзига хос янгиланишлар ва юксалишлар билан кўтаринки руҳда кутиб олмоқдалар. Юртбошимизнинг ташрифлари вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий, сиё-сиё ҳаётида улкан ўзгаришларга асос бўлди. Жумладан, «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўл линияси қурилиши, «Поп-Пунгон» автомобиль йўлининг дунё стандартлари даражасида кенгайтирилиши, Тўрақўрғонда иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи гигант корхонада истиқболли лойиҳалар, саноат соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳар бир кишининг қалбини фахр-ифтихорга тўлдиради. 

Инсон қадри улуғланган, хайру саховатли, меҳр-мурувватли элдан барака кетмайди.

Соат 16:00, Наврўз сайлгоҳига айланган майдон узра чорлов мусиқаси янграйди. Туман ҳокими А. Абдукаримов байрам иштирокчиларини Наврўз айёми билан муборакбод этади.

Баҳор байрами Наврўзга ҳамоҳанг равишда безатилган саҳнада борлиқ уйғониши, янги кунни мадҳ этувчи наволар таралади. Айниқса, «Хушнаво» ашула ва рақс ансамбли ва «Дилхуш» фольклор жамоасининг «Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўзи олам!» деб номланган байрам дастури барчамиз учун энг севимли, энг ардоқли байрам- Нав-рўз ўзига  хос таърифланади.

Нуроний отахонларимизнинг эътироф этишларича, Наврўз ҳафтанинг бошида келса, юртдан йил бўйи қут-барака ари-майди.

Майдонга жажжи болакайлар кириб келади. Улар ижросидаги бахтиёр болаликни, мустақил юрт фарзандларининг беғубор ва қувноқ ҳаётини тараннум этувчи куй-қушиқ ва рақслар, хусусан, туманимиздаги 4-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш талантлари ижросидаги «Сумалак» қўшиғи барчага завқ-шавқ бағишлайди.

-Халқимиз азал-азалдан фарзандлар бахту иқболини, бахтли ва фаровон келажагини ўйлаб яшайди,-дейди меҳнат фахрийси А. Мирбобоев. -Мустақил юртимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган улуғвор ишлар, олижаноб ҳаракатлар замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир.

Туманимизнинг хушовоз хонандалари М. Темиров, З.Қодирова, Б. Атахонова, Х. Мирзаева, Р. Деҳқонбоева, М. Меҳмонов, А. Нуриддинов, О. Нуриддинов, Ф. Ғафуржонов, Ш. Ёқубжонова, А. Салоҳиддинов кабилар, вилоят ва республикамизнинг бир гуруҳ санъат усталари, «Уммон» гуруҳи, таниқли хонанда Д. Раҳмоновлар хонишида Наврўз, Ватан, ёшлик, севги ва вафо тараннум этилди.

*****

21 март куни шаҳримиз марказидаги Махдуми Аъзам номли маданият ва истироҳат боғи туманимиз аҳлининг Наврўз байрами сайлгоҳига айланди.

Наврўз таоми сумалак кўпчиликнинг меҳридан, бирдамлик ва аҳилликдан тотли бўлади. Шу куни боғга дошқозонлар ўрнатилиб сумалак, ҳалим пиширилиб, барча-барчага улашилди. Маҳаллаларимизнинг аҳил аҳли турли саҳна кўринишлари орқали ажойиб удумларимизни намойиш этишди, қўшиқлар ва лапарлар ижро этишди. Коллежлар ўқувчилари миллий либослар кўргазмаси ташкил этишди.

Туман ва қишлоқ маданият ва аҳоли дам олиш марказлари санъаткорлари байрамга янада файз киритишди.

*****

Баҳор ва меҳнат, ёшлик ва гўзаллик, янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз туманимизнинг ҳар бир қишлоқ, маҳаллаларида шоду хуррамлик билан нишонланди.

Жумладан, Косон ҚФЙнинг Шайхон, Юмалоқшайхмозор, «Сойча», Тахтакўприк, Ўрта кўча, «Ширин» ҚФЙнинг Чўнгбош, «Мажнунтол», Такаранг, «Гулбоғ», Чиндовул ҚФЙнинг Узун-қишлоқ, Ровот, Тергачи ҚФЙнинг Булоқбоши, Чак, Ёшлик ҚФЙнинг «Жар», «Ёшлик», Қорасув ҚФЙнинг «Қорасув», Қўқимбой ҚФЙнинг Янгишаҳар каби маҳаллаларида «Кўкламгинам сени соғиндик», «Келди кўклам, Наврўзи олам!», «Хуш келдинг, Наврўз!», «Ассалом Наврўзи олам!» каби мавзуларда халқ сайллари, байрам тадбирлари, спорт мусобақалари кўтаринки руҳда ўтди.

Қишлоқ маданият ва аҳоли дам олиш марказлари санъаткорлари Наврўзга бағишлаб тайёрланган концерт дастурларини намойиш этишди.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.