Баҳор, яшариш ва уйғониш фасли, она табиат кўм-кўк либосга бурканиб, ўлкамизга Наврўз ташрифидан дарак бермоқда. Наврўз қадимийлиги, табиатга уй-ғунлиги, теран мазмун ва моҳиятга эгалиги билан бошқа байрамлардан ажралиб туради.

Собиқ шўролар даврида таъқибга учраган Наврўз Президентимиз ташаббуси билан қайта тикланди ва истиқлол йилларида бу байрам мазмунан янада бойиди, халқимизнинг азалий қадриятлари тимсолида эъзоз ва эҳтиром топмоқда.

-Қишлоқда Наврўзни яширин тарзда нишонлаганимиз ҳамон ёдимда,-дейди Саломат Ҳусанова.- Ярим тунда хонадонлардан бирида сумалак пиширганмиз. Уни ҳиди атрофга таралмасин деб, ҳовлида тонггача хашак тутатиб чиққандик.

Худога минг бора шукр, Юртбошимиз мардлик ва жасорат кўрсатиб, мустабид тузум ҳукмрон бўлиб турган даврдаёқ халқимизнинг қадимий ва азалий байрами Наврўзни қайта тикладилар.

Бугун қайси қишлоқ ва маҳаллада бўлманг, дошқозонлар атрофида қўни-қўшнилар  жамулжам бўлиб, эзгу ниятлар билан баҳорий таомлар сумалак, ҳалим тайёрлаб, барча-барчага улашмоқда. Ҳа, Наврўз эзгулик, меҳр-оқибат рамзи сифатида ҳам халқимизнинг асл байрамидир.

-Она табиатнинг уйғониш айёми Наврўз мустақиллик йилларида юртимизда миллий қадриятларимизни тараннум этувчи, яхшилик ва эзгулик элчиси, поклик, ободлик, тинчлик айёми сифатида нишонланмоқда,-дейди Неъматжон Баҳромов.-Бугун кўнгилларимиз эзгу мақсадлар, орзу-умидлар билан лиммо-лим. Истиқлол берган имкониятлардан янада самарали фойдаланиб, улкан ишларни амалга ошириб, ортимиздан ёруғ излар қолдиришга чоғланамиз. Ушбу йилимизнинг Наврўзи юртимизга қут-барака, файзу тароват олиб келсин. Тинчлик ва осойишталигимиз боқий бўлсин.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.