Наврўз янги кун, янги йил байрами. Бу байрам кеча билан кундузнинг тенглашган нуқтаси 21 мартдан 22 мартга ўтар кечаси кириб келиши аниқланган. Ҳамал ойи ҳам айнан шу куни кирганлиги учун бу айёмни йилбоши, яъни янги кун сифатида нишонлаш одат тусига кирди. Наврўз ўлкамизга том маънода уйғониш, яшариш, ўзгариш нафасини олиб келади.

Наврўз  –  меҳру мурувват, саховат байрами. Бу шодиёна кунларда етим-есирлар, эҳтиёжманд оилалар, отахону онахонлар ҳолидан  хабар олинади. Саховат ва мурувват уйларида ҳомийлар томонидан байрам тантаналари ўтказилади, совғалар билан бирга меҳр улашилади. Байрам кунлари гина-қудуратлар унутилиб, ҳамма бир-бирига мадад қўлини чўзишга интилади. Энг муҳими, меҳмоннавозлик, сахийлик, тинчликсеварлик каби азалий удумларимиз боқий яшаётганлиги ҳар нафасда сезилиб туради.

Ҳа, мудроқ дунёни уйғотиб, атрофга ёруғ нур ва хушбўй гуллар сочиб Наврўз келмоқда. У бир неча асрлардан буён она заминда мана шундай эъзозланиб, пешвоз чиқиб кутиб олинади. Тўғри, мустабид тузум даврида уни топтаб, сўлдириб, йўқотмоқчи бўлишди. Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида халқимизнинг асрий байрамини нишонлаш имкониятига эга бўлдик. Мана, чорак асрдирки, Наврўз эса ҳеч нарса кўрмагандай, янада барқ урмоқда.

Ўлмас қадриятлар байрами, Наврўзи айёми сўлмайди. У асрлар давомида мустақил Ўзбекистонимизнинг энг буюк, энг суюк, энг татимли шодиёнаси бўлиб қолади. Ҳар баҳор янги қувонч, янги бир дунё олиб келаверади.

М.Абдусамиев, Ўзбекистон Мусулмонлари

идорасининг тумандаги вакили в.б.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.