Улуғ айём, баҳор байрами-Наврўз аслида табиат билан инсон ўртасидаги муносабат асосида вужудга келган муҳим тарихий анъанадир. Халқ бу байрамни табаррук кун деб билиб катта қувонч ва хурсандчилик билан нишонлаган. Байрам кунлари Наврўзга хос турли-туман маросимлар ўтказилган.

Наврўзга оид маълумотлар ёзма меросда ҳам, халқ оғзаки ижодида ҳам ўз аксини топиб, авлоддан-авлодга анъана тарзида ўтиб келган. Бу гўзал ва улуғ байрамнинг қадимий анъана эканлигини исботловчи қатор тарихий ёзма манбалар ва тарихий асарлар мавжуд. Жумладан, Абу Райҳон Беруний, Абу Мансур Солибий, Жоҳиз Басрий, Умар Ҳайёмнинг тарихий ва илмий адабий асарларида Наврўзнинг келиб чиқиши, унинг ўзига хос қадимий расм-русумлари ва маросимлари тўғрисида қизиқарли маълумотлар мавжуд.

Шамсий йил ҳисобида йилнинг биринчи куни Наврўз (форс. نوروز —“янги кун”) деб аталади ва бу кун қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига соғ-саломат етганимизнинг шукронаси ҳамда деҳқончилик ишларининг бошланиши муносабати билан ўтказиладиган энг халқчил баҳор байрами ҳисобланади.

Наврўз катта байрам сифатида жуда қадимдан нишонлаб келинган. Унинг мазмунига қадимги аждодларимизнинг мифологик тасаввурларидан тортиб,  бугунги замондошларимизнинг илғор қарашларигача бўлган маънавият олами сингиб кетган ва у инсоният цивилизациясининг узоқ асрлар мобайнидаги ҳар бир ютуғидан доимо куч-қувват олиб турган. Шу боис ҳам башарият тарихида Наврўздан қадимийроқ байрамни топиш қийин, унинг илдизлари неолит (мил. авв. VI- IV минг йилликлар. А.А)  даврига бориб тақалади1 .

Дарҳақиқат, Наврўз байрамини нишонлаш одамларнинг Ер ҳақида, унинг коинотдаги ўрни ҳақида мулоҳаза юрита бошлаган даврига тўғри келади. Бош-қача қилиб айтганда, Наврўз Ер ҳақидаги дастлабки илмий-географик тасаввурлар пайдо бўлган замонлардан бошлаб шаклланган2 . Дастлаб Наврўз байрамини ўтказиш ўтроқ деҳқонларда расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи  туркий халқларнинг ҳам урф-одатларига айланган. Шундай қилиб, бугунги кунда Наврўз байрамининг бундан 3,5-4 минг йил бурун бизнинг ўлкамизда пайдо бўлганлиги илмий жиҳатдан исботланган3 .

Наврўз тантаналарида ночор ва камбағалларга меҳр-муруват ва хайру саховат кўрсатиш, қон-қариндошлар ва дўст-биродорлар ҳолидан хабар олиш, оила аъзоларига меҳр-муҳаббат билан муомалада бўлиш, гина-қудурат ва адоватни эсдан чиқариб, урушганларни ярашишлари, Наврўзнинг шоҳона таоми сумалакнинг Биби Фотима таоми деб номланиши ва шунга ўхшаган инсоний фазилатлар ва савобли ишлар Наврўзнинг ислом дини билан нечоғлик яқинлиги, уй-ғунлашганининг яққол тимсолидир4 .

Собиқ  иттифоқи даврида эса уни асоссиз равишда диний байрам деб ҳисоблаб, нишонланишига йўл қўйилмаган. Ўзбекистон мустақилликка эришиши арафасида, Президентимизнинг 1990 йил май ойидаги фармонига асосан 21 март -Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни, деб эълон қилинди.

Наврўз юртимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатлараро аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларида эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрам бўлиб келган. Мустақиллик йилларида Наврўз умумжаҳон байрами сифатида тан олинди ва 2009 йилда ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданияти мероси рўйхатига киритилди.

Наврўзни эмин-эркин нишонлаш имконияти яратилгандан буён ҳар йили бу кунда юртимизнинг ҳар бир вилоят, туман, қишлоқларида кенг майдон, дала ва тоғ ёнбағирларида қизиқчилар, халқ театри вакиллари, дорбозлар, аскиячилар, халқ ансамбллари иштирокида оммавий халқ сайиллари ва томошалар уюштирилади. Наврўз билан боғлиқ беллашувлар ва мусобақалар ўтказилади, халқ қўшиқ ва лапарлари ижро этилади.

Наврўзга оид манбаларни ўрганиш ва таҳлил этиш унинг вужудга келиши ҳар томонлама ҳаётий-мантиқий асосланганидан далолат беради. У коинот ва табиат қонунлари, Қуёшнинг Ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг вақт жиҳатидан баробар бўлиши, кундузнинг узая бориши, табиатда жонланишнинг бошланиши, баҳорнинг келиши билан боғлиқ бўлган. Бу эса ҳар қандай жамиятда уни йилнинг энг муҳим табиат байрами сифатида нишонлаш учун асос бўла олади.

Наврўз келиши билан бутун табиат уйғона бошлайди, ер бағридаги барча маҳлуқот ва мавжудотларнинг, қурт-қумурсқалар, ўсимлик ва ўт-ўланларнинг жонланиши рўй беради. Бундай янгиланиш жараёнининг бошланиши Шамсия (қуёш) йили ҳисобида 21 мартга тўғри келган биринчи янги кунни Наврўз деб атаганлар. Машҳур шарқшунос олимимиз Абу Райҳон Беруний таъкидлаганидек, Наврўз «баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан  гуллар очилгунича, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунича, ҳайвонларда (шавҳат) қўзғолишидан то насл вужудга келгунича ва ўсимликлар униб чиқа бошлашидан такоммиллашгунича давом этган вақтда келади. Шунинг учун Нав-рўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган»5 .

Хитой муаррихларидан бири Вей-Цзе қадимги самарқандликларнинг Наврўзи ҳақида бундай ёзган: «Олтинчи ойнинг биринчи куни уларда йилбоши ҳисобланади. Ўша куни подшо ҳам, халқ ҳам ўзларининг янги либосларини киядилар, соч-соқолларини олдиришади. Улар шаҳарнинг кунчиқар тарафидаги бир дарахтзор ёнидаги майдонда тўпланишиб байрам қиладилар. Етти кун мобайнида моҳир тирандозлар от чоптириб туриб, ўз камонларидан нишонни мўлжаллаб ўқ отиш баҳсида қатнашадилар. Еттинчи кун нишон ўрнида олтин танга қўйилади ва ушбу нишонни бехато урган қарағай мерган бир кун шоҳлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Улар кўк тангрини мўътабар тутадилар ва унга ўз эҳтиромларини ифода этадилар. Айтишларича, илоҳий маъбуд еттинчи ойда ҳалок бўлган ва унинг суяклари йўқолгани боис, бу маъбуд культига топинувчи одамлар ҳар йили ўша ойнинг бошида қора кийим киядилар, далаларда яланг          оёқ йиғлаб юриб, маъбуднинг    хокини ахтарадилар. Еттинчи куни йилбоши байрамининг тантаналари ўз ниҳоясига етади».8  

Қадимдан Ўрта Осиё ва Эронда Наврўз нафақат халқ, балки давлат байрами сифатида ҳам нишонланган. Умар Ҳайёмнинг «Наврўзнома»сида таъкидланишича, илк баҳор байрамида ажам подшоҳлари барча замонларда иложи борича дастурхонни яхшироқ безатишни одат қилганлар.

Наврўз куни подшоҳ дастурхонига буғдой, арпа, тариқ, макка, нўхот, ясмиқ, гуруч, кунжут ёки ловия унидан пиширилган нон қўйилган. Дастурхон ўртасига турли дарахт (тол, беҳи, анор ва ҳ.к)лардан етти новда, етти оқ коса ва оқ дирхам, янги динор ҳам қўйилган. Подшога қанд ва кокос ёнғоғи билан махсус таом берганлар, у таомни янги соғилган сутга хурмо солиб истеъмол қилган.

Буюк алломаларимиз Наврўзнинг табиат қонуниятига мувофиқ томони қайд қилинибгина қолмай, у билан боғлиқ турли удум,  урф-одат ва маросимлар тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар келтирганлар. Берунийнинг таърифича, Наврўз куни тонг отганда биров гап гапиришдан олдин уч қошиқ асал ялаш удуми  бўлган. Наврўз куни одамлар бир-бирларига шакар ва ширинликлар ҳадя қилишган, («ҳаётингиз ширин бўлсин» деган маънода), гуллар тақдим қилишган («гўзал бўлинг» маъносида), бир-бирларига сув сепишган («бу йил сув кўп бўлсин, мўл ҳосил бўлсин» маъносида), шунингдек, Наврўз куни ширинликлар ейиш ҳам энг муҳим удумлардан бири бўлган6 .   

Халқимизда Наврўз кунлари ҳамма эрта тонгдан яхши ниятлар билан ўрнидан турган. Одамлар эски кийимларини ташлаб, янги озода кийимларини, қизлар эса баҳорга мос кийимларини кийишган. Ёш-яланглар янги кийимлар, пойабзаллар тайёрлаб, байрам кунлари кечаси билан ухламасдан эртак, ҳикоя, достонлар айтишиб, шеърхонлик қилишади. Наврўз байрамини ашулалар айтиб, турли ўйинлар ўйнаб, хурсандчилик билан кутиб олишган. Ёш йигит-қизлар бир-бирларига гулдасталар тақдим этишган.. Наврўз кунлари ўзаро давом этаётган урушлар тўхтатилган, гина-қудуратлар унутилган, одамлар тинч ва яхши қўшничилик алоқаларига интилганлар, ота-оналар, қариндошлар, қўни-қўшнилар, бир-бирларини йўқлашган, бетоб кишиларнинг ҳолидан хабар олинади, ночорларга ёрдам берилади, марҳумлар қабрини зиёрат қилиб, тартибга келтиришган. Агар байрам кунлари бирор киши вафот этса, дафн этиш кечиктирилган, мотам маросимлари ҳам ўтказилмаган. Наврўз байрами кунлари маҳбусларни озод қилиб, гуноҳкорларнинг гуноҳидан кечиш одати ҳам бўлган. Уйлар, кўчалар тозаланиб, уларга сув сепилган. Деҳқонлар яратгандан йил бўйи намгарчилик етарли бўлишини тилаб байрам куни қўпчип турган ерга қалин қилиб сув сепиш удумлари бажарилган. Нав-рўз байрамининг биринчи куни улоқ, отда пойга мусобақалари, кураш, қўчқор, хўроз уриштириш  каби ўйинлар уюштирганлар. Лола сайли, гул сайли каби оила билан табиат қучоғига чиқишлар бўлган.

Наврўз кунлари бозорларда катта савдо-сотиқлар ташкил қилинган ва ўша куни энг ширин таомлар тайёрланган.

Наврўз тантаналарининг шоҳона таоми сумалак ҳисобланган. Сумалакни асосан аёллар тайёрлашган. Сумалак тайёрлаш жараёнида ўзига хос маросим - тадбир вужудга келган.Наврўз куни тайёрланган сумалак «Нав-рўз сумалак» деб аталган. «Нав-рўз сумалак»ни қариялар ўзларига ва бола-чақаларига узоқ-умр, келинчак ва қизлар ўзларига бахт тилаб қўзғашади. Бу кун турли-туман ўтлардан сомса, чучвара каби ширин-ширин таомлар пиширилган.

Қадимда Наврўз байрами асосан ўтроқ деҳқончилик асосий машғулоти бўлган халқлар орасида кенг нишонланган бўлиб, уларнинг тасаввурига кўра бу кун фақат дам олиш, кўнгил очиш ва кўнгил олиш кунларигина бўлиб қолмай, меҳнат байрами ҳам саналган.  Айнан бу кун деҳқончилик, боғдорчилик, гуллар экиш ишлари бошлаб юборилган. Шу боис ҳам ўрта асрларда машҳур тарихчи олим Наршахий Бухорода бу байрам «Нав-рўзи кишаворзон -деҳқонлар байрами», деб ёзган.7  Заҳматкаш деҳқонлар айнан ушбу кун далага  қўш чиқариб, дастлабки уруғни ерга қадаганлар. Ҳайдовдан олдин ерни ҳайдаш учун олиб чиқилган ҳўкизларнинг шохлари ва бўйинтуриғини ёғ билан мойлаганлар. Мазкур одат заминида унинг шохлари мойли, бақувват бўлиб ҳўкиз йил бўйи ҳолмай-толмай ишласин деган магик ният мужассамлашган экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Наврўз баҳор фаслининг бошланиши, аниқроғи баҳорги тенгкунликни нишонлаш тантанасидир. Бошқача қилиб айтганда, Наврўз фалакиёт илми билан боғлиқ. Чунки ривоятлардаги «Ҳамал», «Бурч», «Йил боши» каби тушунчалар бевосита Ер ва унинг Қуёш системасидаги ҳаракатига, вақтни белгилашга бориб тақалади.   Хуллас, Наврўз, янгиланиш, янги кун, янги ҳаёт рамзи азалий қадрият бўлиш билан бирга, поклик ва шодлик, маънавият ва бирдамлик рамзи  ҳамдир. Шундай экан, Наврўзи олам доимо халқимиз учун миллий ифтихор, ўзликни англаш ва ҳамжиҳатлик рамзи бўлиб қолаверади.

1 Ртвеледзе Э. Наврўз-бахт ва фаровонлик байрами. // Мозийдан садо, 2003, №1, 14-бет.

 2 Бўриев О. Асрлар бағридан келган шодиёна. // Наврўзи олам бугун. –Т.: Ўзбекистон, 1989, 15-бет.

 3 Мирзаев Т., Жўраев М. Асрларни мунаввар қилган байрам. Наврўз. –Т.: Фан, 1992, 4-15-бетлар.

 4 Аширов А. Эзгулик тимсоли  //Халқ сўзи, 2002 йил 21 март.

 5 Абу Райҳон Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар. Танланган асарлар. Т.1. - Т.: Фан, 1968. 253-бет.

6 Каранг: Абу Райҳон Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар..253-254 бетлар.

 7 Қаранг: Наршахий Бухоро тарихи Т.,1966. 24-бет.

 8  Иқтибос манбаи: Жўраев М. Эзгуликка эш бўлган айём. // Ќуррият, 2003 йил 19 март.

Адҳамжон Аширов, тарих фанлари доктори, профессор, ЎзРФА тарих институти бўлим бошлиғи.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.