Маънавият аждодлардан авлодларга ўтиб, асрлар оша ривожланиб борувчи бебаҳо туйғу-дир. Истиқлол шарофати билан эрксевар халқимиз ўз ери, ўз тили, ўз динига эга бўлди. Миллий ғурури, иззат-обрўси тикланиб, эндиликда азалий қадриятларимиз, маънавий меросимиздан баҳраманд бўлмоқдамиз. Мустақиллик ва маънавият бир-бирига боғлиқ, ғоят яқин тушунчалардир. Маънавият камол топиши, қалбларга сингиши учун мустақилликни мустаҳкамлаш лозим бўлади.

Қудратли, келажаги буюк давлат, буюк ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қудратли маънавият замирида вужудга келади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир алоҳида шахс ва бутун миллатнинг маънавий камолоти орқали демократик ҳуқуқий давлат барпо этилади. Давлатимиз раҳбари шу боис ҳам маънавият ва маърифатга катта эътибор бериб келмоқда. Юртбошимизнинг оқилона сиёсати туфайли халқимиз ўзлигини таниб, қадриятларини идрок этмоқда.

Маънавий таҳдид дейилганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънода эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва ахборот хуружлар назарда тутилади.

Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият-енгилмас куч» асарида маънавият инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, деб таъриф берадилар.

Маънавиятни янада юксалтириш, ривожлантиришга ҳар биримиз масъулмиз.

Чунки маънавият қотиб қолган ақидалар йиғиндиси эмас, аксинча, доимий ҳаракатдаги узлуксиз жараён бўлиб, тараққиёт давом этар экан, унинг шиддатли юриши туфайли маънавий ҳаёт олдига қўйиладиган талаблар ҳам муттасил пайдо бўлаверади.

Равшан Абдуллахонов, ЎзМУ талабаси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.