Республикамизда ёшларимизни, шу жумладан қизларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашга барча имкониятлар мавжуд.

Амалдаги қонунларимизда ёшларимизни замонавий таълим ва касб-ҳунар ўрганиш, ахборот ва компьютер технологияларини ўзлаштириши, ишга жойлаштириш ҳамда вояга етмаганлар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ва бошқа зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш борасида ҳар бир фуқаро, ота-оналар, таълим муассасаларининг ҳуқуқ ва мажуриятлари мустаҳкамлаб қў-йилган. Қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади», 45-моддасида «Вояга етмаганлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир». 64-моддасида эса «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар», деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ мамлакатимизда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиш, яъни умумтаълим мактабида (9 йил) ва академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида (3 йил), жами 12 йиллик ўқиш барча фуқаролар учун мажбурийлиги белгиланган.

Қонуннинг 30-моддасида «Вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар», 34-моддасида эса «Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар»,-деб белгилаб қўйилган.

Бироқ айрим ота-оналар орасида амалдаги қонунларга риоя этмай, фарзандлари, айниқса, қизларини таълим-тарбиясига лоқайд муносабатда бўлаётганлар учрамоқда. Энг ачинарлиси, қизларни коллеж ва лицейни битирмасдан турмушга узатиш ҳолатлари учраб қолмоқда.

Баъзи ота-онанинг ортиқча орзу ҳавасга берилиб, фарзандини эртанги тақдирини ўйламай, совуққонлик билан қилган ҳаракати оқибатида эрта турмуш қурган қиз носоғлом, ногирон фарзанд туғилганда аянчли аҳволга тушмоқда.

Яқин қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳнинг олдини олиш долзарб аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг ўтган даврида туман прокуратураси томонидан бу борада қонун талабларини бузганлик ҳолатлари аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари кўрилди. Лекин жиноятни жазолагандан кўра, унинг олдини олган яхши.

Хусусан, Президентимиз халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги маърузасида қизларни эрта турмушга чиқишининг олдини олиш борасида қатъий назорат ўрнатиш зарурлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бўлими, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида тумандаги ўқув муассасаларида ёшларга таълим-тарбия бериш жараёнларини намунали ташкил этиш, ўқувчиларни пухта билим ва касб ўрганишлари ҳамда ижтимоий муҳофаза қилиш, қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларининг олдини олиш, ота-оналар, ўқув муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини изчил йўлга қўйиш бўйича тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари кучайтирилмоқда. Яқинда айнан шу масалаларга бағишлаб туман ҳокимлигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Унда туман ҳокими А.Абдукаримов, туман прокурори Д.Умаралиев, туман ИИБ бошлиғи Н. Мирзаҳмедов, марказий поликлиника бош врачи М. Каримова, ФҲДЁ бўлими мудири А. Дадабоев, Аълохон  Махдум жоме масжиди имом-хатиби Қ. Азизов, мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Г. Мирзаҳамдамова сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр -мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Йиғилишда қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари раис ва маслаҳатчиларига, ўқув муассасалари раҳбарларига, масжидлар имом-хатибларига, хотин-қизлар қўмиталари раисларига, шунингдек масалага дахлдор бўлган идоралар раҳбарларига қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик юзасидан аниқ тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Бундай йиғилишлар маҳаллалар, коллежларда ҳам ўтказилмоқда.

М. Мўминов, туман прокурори

ёрдамчиси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.