Дурдона Зокирова касб-ҳунар коллежини аъло баҳолар билан тамомлади. У ўз мутахассислиги бўйича фаолиятини давом эттираётганди. Тиниб-тинчимас Дурдона  болаликдан чевар бўлишни орзу қиларди. У бу касб сир-асрорларини мукаммал ўрганишни дилига тугиб қўйганди. У шу мақсадда «Аёллар маслаҳат маркази»га келганди.

«Аёллар маслаҳат маркази»ни топиш унга қийинчилик туғдирмади. «Гулобод» маҳалласидаги икки қаватли бинонинг биринчи қаватида жойлашган марказда уни туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Василахон Тожибоева илиқ кутиб олди. Туман хотин-қизлари етакчиси у билан самимий суҳбатда бўлди. Васила опа Дурдонанинг келгусидаги режалари, орзу-ниятлари билан қизиқди, дилдан суҳбатлашди. Уни «Тадбиркор аёллар» уюшмаси томонидан қизларга касб-ҳунар сирларини ўргатиш курслари ташкил этилганидан хабардор қилди. Яқинда бундай курслар унинг қишлоғи Қўқимбойда ҳам очилишини, Дурдона ҳам курсларга қатнаб, тикувчилик касбини мукаммал ўрганиши учун барча шароитлар борлигини маълум қилди. Биз юқорида «Аёллар маслаҳат маркази»нинг иш фаолиятидан биргина мисол келтирдик. Бу ерга кўмак истаб келган хотин-қизлар ўз саволларига қониқарли жавоб олаётганларидан беҳад мамнун бўлмоқдалар.  

-«Аёллар маслаҳат маркази»нинг ташкил топиши айни муддао бўлди, -дейди В.Тожибоева.- Марказ хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва турли-туман маънавий-мафкуравий хуружлардан асраш, оилаларни мустаҳкамлаш, турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-маданий ҳаётда тўлақонли иштирокини таъминлашга кўмаклашиш каби ишларни амалга оши-    ради.

-Оилада маънавий-ахлоқий муҳитни янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини ва соғлом турмуш тарзини миллий қадриятларимизга таянган ҳолда кенг тарғиб қилиш, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш кабилар ҳам асосий вазифаларимиз саналади, -дейди марказ директори в.в.б. Д. Жалилова.- Бу мақсадларни рўёбга ошиши учун психологлар, ҳуқуқшунослар, тиббий мутахассислар, зиёли аёллар, нуроний  онахонлар, маҳаллада ҳурматга сазовор аёллар жамоатчилик асосида фаолият кўрсатишади. Марказ маслаҳат хонасига мурожаат этган аёллар билан мутахассислар томонидан суҳбатлар олиб борилади ва керакли маслаҳатлар берилади.

Марказ қошида турли тўгарак ва клубларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Марказ ўз вазифаларини амалга оширишда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда туман ҳокимлиги, ФҲДЁ, ИИБ, хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ЁИҲ, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳамда МФЙлар билан ҳамкорлик қилади.

 А. Олимов, М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.