Косонсой мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи (собиқ педагогика коллежи) туманимиздаги намунали таълим масканларидан биридир. Айниқса, мустақиллик йилларида коллежнинг нуфузли, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Замонавий қайта таъмирдан чиққан ўқув биноси, барча қулайликларга эга 300 ўринли талабалар турар жойи, спорт ва гимнастика зали ҳамда спорт майдончалари талабалар ихтиёрида.

Катта тажриба ва илмий педагогик салоҳиятга эга бўлган педагог-мураббийлар жамоаси 1020 нафар ўғил-қизларга       илм-фан, маърифат ва педагогик касб маҳоратини сабот билан ўргатиб келмоқдалар. Уларнинг 26 нафари халқ маорифи аълочиси, 39 нафари олий тоифали, 29 нафари 1-тоифали номдор олий педагогик ва мураббийлик маълумотига эгадир.

Коллеж талабалари республика, вилоят миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари, кўрик-танловлар, йирик мусобақалар ва мустақиллик йилларида анъанага айланган «Баркамол авлод» спорт ўйинларининг фаол иштирокчилари ва совриндорларидир.

Ўқув юрти ташкил этилганидан то ҳозиргача ушбу даргоҳнинг гуллаб-яшнашига тажрибали устозлар билан бир қаторда иқтидорли ёш ўқитувчилар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқдадар.

Куни кеча бўлиб ўтган тантанада коллежнинг шонли тарихи, айниқса, мустақиллик йилларида ёшларнинг таълим-тарбия, касб-ҳунар эгаллаши учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар ҳақида гап борди.

Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш. Дадабоев, вилоят ҳокимлиги ўрта махсус касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қ. Холиқов, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Ё. Эшматов, коллежнинг собиқ битирувчиси, миллий кураш бўйича вилоят терма жамоаси бош мураббийи Н. Тўйчиев ва бошқалар сўзга чиқиб, самимий фикрлар билдиришди.

Бир неча йиллардан бери коллежда ёшларга сабоқ бериб, устоз деган шарафли номни оқлаб келаётган устоз-мураббийларнинг нафақага кузатилиши тадбирга янада файз киритди. Шунингдек, собиқ талабалар ташаббуси билан ташкил қилинган тош кўтариш мусобақаси тадбир қатнашчиларига кўтаринки кайфият бахш этди.

Тадбир сўнгида бир гуруҳ ёши улуғ кексалар, илғор ўқитувчиларга коллеж касаба уюшмаси ва ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар топширилди.

М.Ашурова, Б. ҚирҒизова.

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.